Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегацияси Россияга амалий сафар билан бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегациясининг Болгар ислом академияси ректори Айнур Тимерханов билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги таълим ва илмий фаолиятидаги ютуқлар қаторида Академия ҳузурида Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказининг иш бошлагани ва ўтган бир йил мобайнида амалга оширилган илмий тадқиқотлар мезбонларда катта қизиқиш уйғотди.
Самимий руҳда ўтган музокаралар натижасида ҳар икки Академия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Хизмат сафарининг иккинчи кунида юртимиз олимлари Болгар ислом академиясида 23-25-сентябрь кунлари бўлиб ўтган «Замонавий таълим тизимида исломшунослик ва ислом илоҳиёти фанлари: муаммолар ва истиқбол режалари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди.
Россия мусулмонлари марказий диний бошқармаси ва унинг Татаристон Республикасидаги бошқармаси, Илмий ва таълимий илоҳиёт бирлашмаси, Ислом маданияти, илм-фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида ташкил этилган халқаро анжуманда ислом оламидаги 30 дан ортиқ нуфузли давлат ташкилотлари ҳамда 200 га яқин таниқли олимлар долзарб мавзудаги маърузалари билан қатнашди.
Замонавий шароитда исломшунослик ва ислом илоҳиётшунослик фанини ривожлантиришнинг долзарб назарий ва амалий масалалари муҳокама этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов «Ўзбекистон Республикасида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг айрим ўзига хос хусусиятлари» мавзусида маъруза қилди.
Академия ректори ўз нутқида юртимизда миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантириш, улуғ аллома аждодларимиз илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни илм-маърифатли, интеллектуал баркамол авлод этиб тарбиялашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятига тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги таълим ва илмий фаолиятидаги ютуқлар, ёш кадрларни тайёрлашда мамлакатимиз, хусусан, Академиянинг ўзига хос тажрибаси билан ўртоқлашди.
Халқаро конференция давомида Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш, қадим ва муқаддас қадамжоларга сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар, жумладан, илмий-маърифий тадқиқотлар ҳам эътироф этилди.