islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг халифаликни Муовия розияллоҳу анҳуга топшириши

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг халифаликни Муовия розияллоҳу анҳуга топшириши

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга саловату саломлар бўлсин!
Али розияллоҳу анҳу вафотларидан кейин Ҳасан розияллоҳу анҳуга отасига эргашган кишилар байъат бердилар. Бу даврда халифалик иккига бўлинган бўлиб, Дамашқда Муовия розияллоҳу анҳу раҳбарлигида Шом аҳли Али розияллоҳу анҳуга қарши чиқганди. Отасидан кейин Ҳасан розияллоҳу анҳу икки тарафни бирлаштириш йўлини қидира бошлади. У киши ўзида Муовия розияллоҳу анҳуга қарши туришда керак бўладиган барча ҳислатларни жамлаган эдилар. Унинг сиёсий, ҳарбий, ахлоқий ва диний билимлари Муовия розияллоҳу анҳуга қарши жанг қилишга етарди. Ҳарбий тарафдан ҳам у киши Муовия розияллоҳу анҳудан устун бўлиб, ўша даврдаги машҳур қомондонлар у киши билан бирга эди. Лекин Ҳасан розияллоҳу анҳу тинчликни афзал кўрди, фитна ва фирқаланишга қарши бўлдилар. У киши Аллоҳ таолонинг қўйидаги оятига амал қилди.
«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг»

(Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрқиши у кишини Муовия розияллоҳу анҳу билан сулҳга етаклади. Сулҳ учун рағбат иккала тараф ҳузурида мавжуд эди. Ҳасан розияллоҳу анҳу сулҳни бошлаб берди, Муовия розияллоҳу анҳу уни тўлиқ қилди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳдан келган бир ривоятда:
«Муовия розияллоҳу анҳу Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу ҳақида инсонларни энг фитнани ёмон кўрадигани экани», айтилган.
Шунинг учун, у киши ҳам Ҳасан розияллоҳу анҳуга ишониб сулҳ қилишга келдилар. Мана шу сулҳ баёни билан ақийда, суннат, тарих ва бошқа китоблар тўлиб кетди. Бу сулҳ ислом уммати тарихидаги энг катта ишлардан бири эди. Ҳасан розияллоҳу анҳу бир қанча шартлар билан халифаликни Муовия розияллоҳу анҳуга топширдилар. У киши ҳаттоки ўзига эргашганларни ҳам бирлашишга даъват қилдилар. Урушни ният қилганларга ваъз-насиҳат қилдилар.
Мана шу ишлари билан Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу бизга Ислом дини асл қоидаларидан бир улуғ қоида ҳақида таълим бердилар. У ҳам бўлса, Фирқаланмаслик!
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг халифаликдан тушиши ва Муовия розияллоҳу анҳуга байъат қилиши билан рошид халифалар даври ниҳоясига етди. Бу билан ҳадисда келган ўттиз йил комил бўлди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 11 йил рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни вафот этдилар. Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳижрий 41 йил рабиъул аввал ойида халифаликни Муовия розияллоҳу анҳуга топширди. Бу сулҳ сабабли ислом уммати ўзини яна қайта тиклаб олди.
Бугунги кунимизда мусулмонлар орасида тафриқа, ихтилофлар кўпайган бир пайтда инсонлар учун бу кишиларда катта ўрнак бор. Улар бор эътиборларин уммат бирлигига қаратдилар.
Аллоҳ таоло бу кишиларни барчасидан Ўзи рози бўлсин!

4-курс талабаси Низаматдинов Толеген

249010cookie-checkҲасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг халифаликни Муовия розияллоҳу анҳуга топшириши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: