islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғулишлари

Имомул анбиё вал-мурсалин, Саййидул аввалина вал-охирин, ҳазрати Муҳаммад мустафо ва жаноб Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йили, баҳор мавсуми, рабиъул аввал ойининг (бир ҳисобга кўра) тўққизинчи тарихида, душанба кунининг субҳи (тонги) тулуъ қилиб (отиб), қуёш чиқмай туриб, волидаларининг қоринларидан Маккаи мукаррамада, (амакилари) Абу Толиб уйида дунё юзига келдилар. Бу тарих ийсавий (милодий) тарихнинг (19, 20, 21,) 22 (ёки 23) апрель, беш юз етмиш биринчи (йили)га мувофиқ келур.

Ҳазрат Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам отадан ҳам, онадан ҳам ёлғиз фарзанд эдилар. Дунёга келмай туриб, меҳрибон оталаридан она қорнида туриб, етим бўлган эдилар.

Бу жаноб туғилган соатларида волидалари боболари Абдулмутталибга одам юбордилар. Келиб, янги мавлуди (чақалоғи) муборакни кўриб, ниҳоятда хуш бўлди. Қучоғига олиб, кўтарган ҳолда, Ҳарами шарифга олиб борди ва Каъбаи шарифага олиб кириб, ҳақларига дуолар қилди. Бу фарзанди аржумандни берган Худога шукрларини арз (баён) этди. Яна олиб келиб, онасига топширди ва номларини Муҳаммад қўйди.

Еттинчи куни бўлганда, Қурайш қабиласини тамоми умумий даъват қилди ва жонлиқлар сўйди. Даъватга келган уруғ бошлиқлари Абдулмутталибга савол бердиларки: «Бу янги набира номларини нима қўйдингиз?». Абдулмутталиб: «Номини Муҳаммад қўйдим», деб жавоб берди. Улар таажжуб қилиб, дедилар: «Ота-боболарингиз қўйиб келган номни қўймай, нечук Муҳаммад қўйдингиз?» Абдулмутталиб деди: «Менинг бу фарзандим бутун дунё забонида ҳамма тарафдан таърифу сано (мақтов)га мустаҳиқ (ҳақли) бўлсин, деб Муҳаммад қўйдим». (Далоилун-нубувва, Тариху Димашқ)

Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунлари душанба бўлди. Бу кунда ажиб бир хусусият борки, Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вилодат (таваллуд)лари, нубувват (пайғамбар бўлиш)лари, (Мадинага) ҳижратлари ва вафотлари ҳаммаси шу кунда бўлган.

Давоми бор…

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Абдулазим Зиёуддин

Нурул Басар китобидан

250740cookie-checkМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғулишлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: