Тошкент ислом институтида “Экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари: Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” махсус курси ўқув режасига киритилган.
Махсус курс доирасида Дин ишлари бўйича қўмита Тошкент шаҳар ҳудудий бошқарма масъул ходими Жаҳонгир Мелиқўзиев “Дунёнинг диний-конфессионал манзараси. Диннинг жамиятдаги функциялари” мавзусида 2-курс талабалари учун дарс ўтди.
Маълумотларга қараганда, бугун дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ конфессия мавжуд. Шу билан бирга ўзини қайсидир динга мансуб деб ҳисоблайдиган 5000 дан ортиқ секта (оқим)лар бор.
Диннинг жамиятдаги функцияларидан конфессия вакиллари ва секта аъзолари турли мақсадларда фойдаланадилар.
Ушбу мавзуда конфессия тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, дунёдаги конфессионал ўзгаришлар, конфессия ва секта орасидаги фарқ, диннинг жамиятдаги функциялари, дин функцияларидан фойдаланиш мезонлари борасида фикр юритилади.
Конфессия – лотинча сўз бўлиб “эътиқод қилиш” деган маънони билдиради.
Конфессия маълум диннинг муайян йўналишини англатувчи тушунчадир. Бунда эътиқод қилувчилар жамоаси маълум диний таълимотнинг ўзига хос талқини, маданияти ва анъаналарига эга эканлиги билан шу диндаги бошқа жамоалардан айрим жиҳатларда фарқланади. Масалан, христианликдаги католик ва православ жамоалари, ёки ислом динидаги суннийлик ва шиа жамоалари умумэътироф этилган конфессиялар ҳисобланади.
Конфессиялар географик, маданий ёки маърифий сабабларга кўра узоқ тарихий даврда шаклланади.
Конфессионал манзара – дунёдаги барча диний жамоаларни умумий ҳолда ифодаловчи тушунча.
Конфессия жамоа томонидан эътиқод қўйилган таълимотнинг тўғри, якдиллик билан талқин этилиши, мазкур таълимотнинг соғлом асосга эга эканлиги билан сифатланади ва унинг жамият тинчлиги, тараққиёти ва фаровонлигидаги ўрни умумэътироф этилади. Диний таълимотни бузиб талқин қилиш ва уни вайронкорлик учун хизмат қилдиришни кўзлаган жамоалар конфессия сифатида эътироф қилинмайди. Балки бундай жамоаларга секта (тоифа ёки оқим) сифатида қаралади ва унинг фаолияти таъқиб қилинади.
Секта – аввал шаклланган диний йўналишдан ажралиб чиққан мухолиф оқим. Секта, одатда, муайян дин ичидан ушбу диннинг таълимоти, ташкилий тузилиши ва бошқа жиҳатларидан норози бўлиб чиққан шахслар томонидан ташкил этилади.
Сектанинг хусусиятлари:
– таълимотини ўзи ажралиб чиққан диний йўналишга қарама-қарши қўйиш;
– радикаллик;
– бошқа диний йўналишлар билан алоқа қилмаслик;
– жамият билан муносабатларни чегаралаш;
– уламолар табақасининг мавжуд эмаслиги;
– аксарияти бошқаларни асл ақидадан қайтганликда айблайди.
Конфессия ва сектага икки хил муносабат билдирилади. Бирининг фаолиятига имкон берилса, бошқаси таъқиб қилинади.
Дунёнинг диний манзараси қотиб қолган, ўзгармас бир ҳодиса эмас. Хусусан, мазкур манзара йилдан-йилга ўзгариб бораётгани, мавжуд динлар ўзларининг анъанавий доирасидан чиқиб бораётганларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Бугунги кундаги ўзгаришлар ҳақида сўз кетар экан, қуйидагиларни алоҳида қайд этиш лозим. Энг аввало, шаклланган динлар доирасида муайян ўзига хосликларга эга бўлган янги йўналиш ва секталарнинг пайдо бўлиши давом этмоқда. Масалан, мутахассислар маълумотларига кўра, ХХ асрнинг иккинчи ярмида христианлик, буддавийлик, ислом ва бошқа динлар доирасида юзлаб секталар пайдо бўлган. Бу шундай жараёнлар келажакда давом этиши мумкинлигини тахмин қилиш имконини беради.
Бундай вазиятда конфессия тушунчасини, унинг секта тушунчаси билан боғлиқлик ва фарқли жиҳатларини англаб олиш долзарб аҳамият касб этади. Чунки дунёнинг диний манзараси қотиб қолган, ўзгармас бир ҳодиса эмас. Хусусан, мазкур манзара йилдан-йилга ўзгариб бораётгани, мавжуд динлар ўзларининг анъанавий доирасидан чиқиб бораётганларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Секта сўзи, энг умумий маънода, муайян диний, сиёсий ёки фалсафий қарашларга эргашувчилар гуруҳини англатади. Диний секта деганда маълум бир диндаги расмий ақидаларга зид равишда ажралиб чиққан ёки мавжуд динлар ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган гуруҳлар тушунилади. Бугунги кунда ҳар иккала йўналишга мансуб бўлган кўплаб секталар фаолият кўрсатмоқда. Мутахассислар уларнинг сонини тахминан 5000 атрофида, деб баҳолайдилар.
Замонавий воқелик экстремистик характердаги секталарнинг инсон онги ва қалби учун кураш йўлидаги фаолиятининг жонланиши кузатилаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, маълумотларга кўра, биргина Россиянинг ўзида “Богородичий центр”, “Церковь объединения”, “Церковь Исуса”, “Церковь Нового Завета”, “Белое братство”, “Божественный орден Первого Ангела” каби ўнлаб диний секталар ноқонуний равишда фаолият олиб бормоқда. “Культ сатаны” деб аталадиган секта ҳам кенг тарқалган. Айрим маълумотларга кўра, ўта хавфли бўлган бу сектанинг Россияда 100 минг, Ер юзида 5 миллиондан ортиқ тарафдорлари бор.
Улар аҳолининг диний билимлари пастлигидан фойдаланиб, охиратнинг яқинлиги билан қўрқитиш ҳамда, асосан, ёшлар ва моддий аҳволи ночор бўлганлар ичида иш олиб бориш йўли билан ўз тарафдорларини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай секталарга асос солган “авлиё”лар ўз издошларини алдаш йўли билан уларнинг мол-мулкларига эгалик қилишга уринмоқдалар.
Умуман олганда, бундай секталарнинг барчаси инсоннинг ожизлиги, маънавий ва жисмоний камолотга эришишга бўлган интилиши, кишилар ҳаётда дуч келадиган қийинчиликлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида шахсий бойлик орттириш ниятида фойдаланадилар.
Мавжуд диний таълимотлар, улардаги муайян қоидаларни давр талабига мослаштириш, бошқача айтганда, модернизация қилиш жараёни ҳам давом этмоқда. Масалан, христианлар амалга оширган инквизиция ва салб юришлари хато бўлганини тан олиб, Рим Папаси ҳатто, расман кечирим ҳам сўради. 1992 йилда Папа Иоанн Павел II ўз пайтида Ернинг Қуёш атрофида айланиши ҳақидаги қарашларни ёқлагани учун черков трибунали томонидан тавба қилдирилиб, ўз қарашларидан воз кечишга мажбур қилинган Галилео Галилейнинг ҳақ бўлганини тан олиб, барчадан узр сўрагани ҳам бунга мисол бўла олади.
Қайд этилган мулоҳазалар бугунги кунда ҳам дунёнинг диний манзарасида жиддий ўзгаришлар содир бўлаётганидан далолат беради.
Диншунослик бўйича баъзи бир луғатлар муаллифлари конфессионал умумийлик тушунчасини эътиқод (вероисповедание), деб таъриф берилганлигига дуч келишимиз мумкин. Яъни, эътиқод:
1) маълум бир дин таълимотини қабул қилиши, уни қабул қилганлиги ҳақида гувоҳлик бўлиши ушбу динга, черковга, конфессияга тегишли бўлишидир;
2) ўзининг таълимоти, жамоасига эга бўлган диний бирлашма.
Иккинчи таъриф конфессияга яқинроқ, лекин у билан айнан бир хил эмас. Конфессионал умумийликка доир саволлар оддий бўлмайди. Биринчи бўлиб қуйидаги таъриф борасидаги конфессионал умумийлик тушунчасини қандай тушуниш мумкин? Маълум бир динга ёки унинг (диннинг) фақат бир йўналиши, оқими, сектасига тегишли бўлишми?
Масалан, мусулмонларни ягона бир умумий конфессия деб бўладими? Ёки унинг йўналишларини мисол учун суннийларни алоҳида, шиаларни алоҳида бир диний конфессия деб аташ керакми (яъни алоҳида бир конфессионал умумийлик сифатида)?
Ушбу муаммо иерархикликни ҳисобга олганда ҳам намоён бўлади, яъни бу мусулмонларга ҳамда ундаги сунний ва шиа йўналишларига тегишлидир.
Ушбу ечим бошқа бир неча турли йўналишларга бўлиниб кетган динларга ҳам тегишлидир. Ушбу муаммонинг ечимини П.И.Пучков ўзининг диссертациясида ёзган: “Диний умумийлик иерархик (даврий) характерга эга. Бир томондан диний умумийликка барча христианларни киритиш мумкин, бошқа томондан фақатгина протестанларни, учинчи томондан эса фақат ҳамма кальвинистларни ва ҳ.к.”.
Биз учун ушбу таъриф муҳим, чунки унда конфессионал ва этник умумийлик борасида ўхшашликлар мавжуд. Уларнинг фарқи этник иерархия умумий нуқтаи назардан иккита (ранг) босқич иерархиясига эга, конфессионал умумийлик эса учта. Масалан; ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалийларни алоҳида конфессионал умумийликдаги асосий иерархия, деб атаб бўлмайди. Конфессионал умумийлик асосий даражасида суннийлик ёки шиалик, десак хато бўлмайди, уларнинг йўналишлари ҳам бунинг ичига киради.
Жаҳон динларида кўп кузатиладиган ҳолат ўзга дин вакиллари билан турмуш қуриш масаласидир. Немис католиклари ўзини биринчи немис деб билади, кейин эса католик сифатида, шу билан бирга кўпроқ австирия ёки филланд католиклари билан оила қуришни маъқул кўришади, бундай мисоллар жуда кўп.
Диннинг бир нечта функциялари мавжуд: дунёқарашни шакллантириш, компенсатор, коммуникатив, регулятив, интеграллаш-дезинтеграллаш, маданиятни тарғиб қилиш (культуротранслирующая), легитимирал-лаштириш – легитимирални олиб ташлаш.
Дунёқарашни шакллантириш функцияси динда инсон, жамият, табиатга нисбатан аниқ бир қарашларнинг турлари мавжудлиги туфайли амалга оширилади. Дин ҳаётни (мавжудотни) маълум нуқтаи назардан тушуниш (дунёни тўла ва ундаги айрим ҳодиса ва жараёнларни алоҳида тушунтириш), дунёни кузатиш (ҳис қилиш ва идрок этиш орқали дунёни акс эттириш), дунёни ҳис қилиш (ҳиссий қабул қилиш ёки рад этиш), дунёвий муносабат (баҳо бериш) ва ҳоказоларни ўз ичига олади.
Диний дунёқараш Яратганганга нисбатан энг олий туйғу ва мезонларни белгилайди. Бунда мавжуд борлиққа тушунча бериш динга ишонганлар учун турли чеклашлар доирасидан чиқиш имконини беради, ёрқин келажак, ҳузур-ҳаловатга эришиш учун умид, азоб-уқубат, бахтсизлик, ёлғизлик, тушкунликдан озод бўлишни қўллаб-қувватлайди.
Компенсаторлик функцияси ҳам одамлар онгининг қайта шаклланишини, турмушнинг объектив шарт-шароитларини ўзгартиришдаги чекланиш, қарам бўлиш ва ожизликни тўлдиради. Руҳий эркинлик орқали реал жабр-зулм бартараф этилади; ижтимоий гуруҳлар гуноҳга ботиш ва азоб чекиш борасида тенг ҳуқуқли бўлади; диний ташкилотлар томонидан бериладиган хайр-эҳсонлар, меҳр-шафқат, тарбия, даромадларни қайта тақсимлаш мазлумларнинг мусибатини енгиллаштиради ва ҳ. к.
Умуман олганда, руҳий зарбаларни бартараф этиш, тасалли бериш, катарсис ва маънавий озуқа олиш каби компенсациянинг психологик аспектлари муҳим аҳамиятга эгадир.
Коммуникативлик функцияси мулоқотни таъминлайди. У ҳам диний, ҳам диний бўлмаган фаолият ва муносабатларда вужудга келади, ахборот алмашиш, ўзаро таъсир кўрсатиш, инсонни инсон томонидан идрок этиш жараёнларини ўз ичига олади. Диний онг икки хил мулоқотни белгилайди: диндорларнинг ўзаро бир-бирлари билан мулоқоти ва диндорларнинг ибодат, намоз, медитация, махфий қарашлар пайтидаги медиатор ва воситачилари томонидан гипостазир жонзотлар (худо, фаришта, ўлганларнинг руҳи, авлиёлар ва б.) билан мулоқоти.
Регулятивлик функцияси маълум бир ғоялар, қадриятлар, йўл-йўриқлар, стереотип қолиплар, фикрлар, анъаналар, русумлар, институтлар орқали индивид, гуруҳ ва жамоаларнинг фаолияти, муносабатлари, онги ва ахлоқини бошқаришдан иборат. Айниқса, меъёрлар тизими (диний ҳуқуқ, ахлоқ ва ҳ.к.), намуналар (тақлид учун кўпсонли мисоллар), назорат (қоидалар бажарилишини кузатиш), рағбатлантириш ва жазо бериш (ҳақиқий ва ўлимдан кейин тақдирланишига ваъда бериш) муҳим аҳамиятга эга.
Интеграцион–дезинтеграцион функцияси индивид, гуруҳ ва институтларни бир томондан бирлаштиради, бошқа томондан уларни ажратади. Интеграция шахслар, айрим ижтимоий гуруҳлар, ташкилотлар, бир бутун жамиятдаги барқарорлик ва чидамлиликни сақласа, дезинтеграция уни заифлашишига олиб келади.
Интеграцион функция маълум бир маънода ягона диний эътиқод мавжуд бўлганда амалга оширилади. Агар шахсларнинг диний онги ва хулқ-атворида бир-бирига мувофиқ бўлмаган ғоялар, ижтимоий гуруҳ ва жамиятда бир-бирига қарама-қарши конфессиялар пайдо бўлса, диннинг функцияси дезинтеграцион бўлади.
Маданиятни тарғиб қилиш функцияси олдин маданиятнинг маълум бир қатламлари – ёзув, китоб босиш, санъатнинг умуман ривожланишига ёрдам берган бўлса, ҳозирда баъзи маданий феноменларни рағбатлантириб, баъзиларини инкор этган ҳолда диний-маданий қадриятларни сақлаш ва кўпайтириш, илмий-маънавий меросни авлоддан авлодга қолдириш вазифаларини бажаради.
Легитимлаштириш–легитимларни олиб ташлаш функцияси баъзи жамоат тартиблари, институтлар, муносабатлар, меъёрлар, намуналарни мажбурият сифатида қонуний қилиш ёки уларнинг баъзиларини қонундан чиқариш вазифаларини қонуний қилиш ёки уларнинг баъзиларини қонундан чиқариш вазифаларини амалга оширади. Дин маълум ҳуқуқий талаб ва мажбуриятларни илгари суради ва унинг асосида баъзи кўринишларга, уларга маълум муносабатни шакллантирган ҳолда баҳо беради. Бунда мажбурий ва эътироз қилиб бўлмайдиган характер муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан қисқа хулоса қилиб айтганда, дин инсоният тарихида: биринчидан, умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб олиб, уларни ҳамма учун мажбурий ҳулқ-атвор қоидаларига айлантирган; иккинчидан, одамларнинг баҳамжиҳат яшашига кўмаклашган; учинчидан, одамларда ишонч ҳиссини мустаҳкамлаган ҳамда ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида куч бағишлаган; тўртинчидан, умуминсоний ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан-авлодга етказишга ёрдам берган ва шу йўл билан маданият ривожига катта таъсир кўрсатган.