Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси 3-курс талабаси Жиямуратов Сардорбек қори 30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 10 соат мобайнида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Зафар қори Маҳмудов, Исломхон қори Убайдуллаев, Жаҳонгир қори Рўзиев, Элёр қори Аҳматқулов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар. Жиямуратов Сардорбек тонгги соат олтидан Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, аср намозидан кейин якунлади.
Хатм якунида Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Олий Маъҳадда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.
Сардорбек қори ва унинг устозларига ЎМИ раиси биринчи ўринбоасари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров ташаккурлар билдириб, мана шундай етук қориларни етиштириб чиқаришда ғайрат ва шижоат тилади.
Проректор Умид домла Ходжаев, кафедра мудири Соатмурод домла Примов, катта ўқитувчи Абдурасул домла Абдуллаев, Исломхон қори Убайдуллаев, Зафар қори Маҳмудов ва барча иштирокчилар, биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ва Сардорбек қорининг ҳақига дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар.
Сардорбек қори Тошкент ислом институтига ўқишга киришидан аввал Қорақалпоғистондаги Муҳаммад Беруний ўрта махсус ислом таълим муассасасида Қуръонни бир марта ёдлаб чиққан эди. 2019 йили Тошкент ислом институти ўқишга киргач, устози Исломхон қори Убайдуллаевда Қуръонни мукаммал ёд олиб “кўтариш”га муваффақ бўлди.
Ушбу меҳнатларининг самараси ўлароқ бугун бир ўтиришда тўлиқ Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ўқиб топширишга эришди.
Сардорбек қори Жиямуратовга ЎМИ раиси биринчи ўринбоасари Ҳомиджон домла Ишматбеков Олий маъҳад жамоаси номидан ноутбук ва телефон ҳадя қилди.
Эътиборлиси, Сардорбек қори қорақалпоғистонлик талабалар орасида биринчи бўлиб бир кунда Қуръонни ўқиб берди.
Таҳфизул Қуръон кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов, Фатҳуллоҳ қори Дадаев, Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов ва Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.
Шунингдек, аёл-қизлардан Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Мираҳмадова Ҳуснора, Маҳаматханова Мухлиса, Қурбанова Хадича ва Абдуллаев Фотима ҳам Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.
Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.
ТИИ Матбуот хизмати