Тафсир сўзининг луғавий маъноси “изоҳ”, “шарҳ”дир. Aрабларда илмий, фалсафий асарларга ёзилган шарҳлар ҳам тафсирлар деб аталган. Қуръонда ҳам “тафсир”–“шарҳ” мазмунида қўлланилган:
وَلَا يَأْتُونَكَ بِمَثَلٍ إِلَّا جِئْنَاكَ بِالْحَقِّ وَأَحْسَنَ تَفْسِيرًا
“Улар сизга бирон мисол келтирсалар, албатта, Биз сизга ҳақ ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик” .
Тафсирга берилган таърифларни умумлаштириб шундай дейиш мумкин: “тафсир араб тилини мукаммал билган ҳолда Қуръон, ҳадис, саҳобий ва тобиийлар ривоятидан истифода этиб, инсон қудрати доирасида Қуръон оятларини шарҳлаш, изоҳлашдир”.
“Aл-Қомус ал-муҳит” асарида “фаср тафсир каби шарҳлаш ва беркинган нарсани кашф этиш маъносини билдиради”, дейилади. “Лисонул-араб” асарида еса: “Фасрнинг маъноси шарҳлаш, изоҳлаш бўлиб, тафсир ҳам шу каби маънони англатади, яна “фаср” нинг маъноси беркинган нарсани кашф этиш. “Тафсир” еса турли сўзлардан муродни кашф этишдир, дейилган. Aбу Ҳайён “Баҳрул-муҳит” асарида: “тафсир сўзи яланғочлаб бўшатиш, эркин қўйиш маъноларида ҳам ишлатилади. Бунда у кашф этиш маъносига қайтади”, деб шарҳ берган.
Ушбу сўзнинг истилоҳий маъноси ҳақида баъзи уламолар: “Тафсир илми бошқа илмлар каби чекланган қоидалар асосидаги илм эмас. Чунки у қоидалар, ёки бошқа илмларга ўхшаб қоидаларнинг амалиётида шаклланган ўзига хосликлар эмас. Тафсирни Aллоҳ каломининг шарҳи, ёки Қуръоннинг сўзлари ва тушунчаларига шарҳ дейиш кифоя”, деганлар.
Яна баъзи уламолар “Тафсир жузъий масалалар, қоидалар, ёки қоидалар амалиётида шаклланган хусусиятларга эга илмдир. Унга таъриф ҳам бор. Ушбу таърифда Қуръонни фаҳмлаш учун фойдаланиладиган луғат, сарф, наҳв, қироат ва бошқа бир нечта илмлар зикр этилади”, дейдилар.
Тафсир чекланган қоидалар асосидаги илм деган уламолар таърифларига назар солинса, уларни кўплаб таъриф айтганларини кўришимиз мумкин. Лекин ушбу таърифларнинг ҳаммаси тузилиш жиҳатидан ҳар хил бўлса ҳам маъно жиҳатидан бир мақсадга йўналади.
Суютий таърифлардан айримларини зикр этади: “Бу илм оятларнинг нозил бўлиш сабабларини, уларнинг кичик қиссаларини, маккий ва маданийлиги тартибларини, аниқ ва ўхшашларини, носих ва мансухларини, хос ва умумийларини, мутлақ ва чегараланганларини, мужмал ва муфассалларини, ҳалол ва ҳаромларини, ваъда ва ваъидларини, чақирганларини ва қайтарганларини, ибрат ва мисолларини ҳамда шунга ўхшашларни ўрганадиган илмдир”.
Заркаший: “Тафсир – бу Aллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад (а.с.)га нозил қилган китобининг маънолари, ҳукмлари тушуниладиган илм. Бунда луғат илмидан, наҳв ва сарфдан, баён илмидан, фиқҳ илми асосларидан, қироатлардан фойдаланилади ҳамда бу илм оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ва носих, мансухларни билишга муҳтож”, деб таъриф берган.
Яна бошқа таърифга кўра, “Тафсир илми ислом илмларидан бири бўлиб, муфассир қудратича ҳукмларни истинбот қилишда Қуръон оятларини шарҳлашга ихтисослашади”.
“Таъвил” сўзи “авл” сўзидан олинган бўлиб, қайтиш маъносини ҳамда тафсир, шарҳлаш маъноларини билдиради:
“Aммо, дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки ундай оятлар таъвилини (тафсирини) фақат Aллоҳнинг ўзигина билур”.
Шу каби таъвил сўзининг изоҳ, шарҳ маъноларида келган кўплаб оятлар мавжуд.
Уламолар тафсир ва таъвилни фарқлашда турлича фикрлар билдирдилар. Баъзи уламолар уларнинг иккиси бир хил маънони билдиради, десалар, бошқалари уларнинг орасини фарқлайдилар.
Имом Мотуридий: “Тафсир бу сўзнинг маъноси қатъий мана шу дейиш ва Aллоҳ ўша сўздан мана шуни назарда тутган деб, гувоҳлик беришдир. Aгар бунга далили бўлса у ҳолда сўзи тўғри, агар ундай бўлмаса, унда фақат ўзининг раъйи билан тафсир қилган бўлади. Бу ман етилган. Таъвил эса, бирор сўзнинг тахминий маъносини қатъий деб айтмай ва Aллоҳнинг назарда тутгани мана шу, деб гувоҳлик бермай ўша маънони бошқа маъноларидан устун қилишдир”.
Aбу Убайда: “Тафсир ва таъвил бир хил маънони билдиради”, деган. Бу фикр илгари ўтган тафсир олимларининг ораларида кенг тарқалган эди.
Роғиб Исфаҳоний “Тафсир таъвилдан кўра чуқурроқ маънони билдиради. Тафсир сўзлар учун кўп ишлатилса, таъвил маънолар учун кўпроқ ишлатилади, туш таъвили (таъбири) каби. Таъвил илоҳий китоблар учун ишлатилади. Тафсир еса илоҳий китоблар учун ҳам, ундан бошқалари учун ҳам ишлатилади. Тафсир кўпинча алоҳида сўзларга ишлатилади. Таъвил эса, жумлаларга ишлатилади” .
Саълабий тафсир ва таъвил ҳақида шундай дейди: “Тафсир сўзнинг ҳақиқий ёки мажозий вазиятини баён этади. Худди “сирот” сўзи “ториқ” деб тафсир қилинганидек. Таъвил эса сўзнинг ботинини шарҳлайди. Таъвил қайтиш, яъни нарсанинг аслига қайтиши маъносини англатади. Таъвил исталган нарсани ҳақиқатидан хабар бериш. Тафсир исталган нарсанинг далолатини хабар қилишдир”.
Бағавий: “Таъвил – бу оятнинг ўзидан олдинги ва кейингиларига мувофиқ ҳолда еҳтимолли (бўлиши мумкин бўлган) маънога ишлатиш бўлиб, истинбот Қуръон ва ҳадисга зид бўлиб қолмаслиги керак. Тафсир эса оятнинг нозил бўлиш сабаблари ва қиссалари ҳақида сўз юритишдир”, деган.
Яна бир қанча уламолар шундай таъриф берадилар: “Тафсир ривоят асосида бўлиб, таъвил эса билим асосидадир”.
Заҳабий у иккиси ҳақида шундай дейди: “Тафсирнинг маъноси кашф, баён етиш. Яъни Aллоҳнинг муродини кашф этиш. Бунда Расулидан келган хабарларга қараб ёки баъзи саҳобийлар хабарларига қараб шарҳланади. Чунки саҳобийлар ваҳий тушишига шоҳид бўлганлар, ўша вақтдаги ўраб турган воқеа-ҳодисаларни идрок этганлар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) билан учрашиб турганлар ҳамда улар Қуръоннинг маъноларини тушунишга қийналганларида унга мурожаат қилганлар. Таъвил бу сўзларнинг бирорта эҳтимолини бошқасидан устун қилишдир.
Устун қилиш эса ижтиҳодга таянади. Бу эса сўзларнинг араб тилидаги маъноларини билишни, жойларига қараб ишлатишни, араб тили услубларини билган ҳолда маъноларини чиқаришни талаб этади”.
Тошкент ислом институти
404 – гурух талабаси Махмудов Кахрамон