Барча нарсани ҳикмат билан яратган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар ва Унинг суюкли ҳабиби Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин.
Фиқҳ китобларида никоҳ ва талоқ алоҳида катта бўлим тариқасида ёритилади. Талоқнинг ичидаги қисмларидан бири бу “Хулу” масаласи ҳисобланади. Аллоҳ Таоло ғазаб қилган ва ер-у осмон у сабабли ларзага келган нарса бу никоҳ ақди бўланган инсонларнинг ажримидир. Хулу ҳам талоқ каби ажрим ҳисобланиб, унинг талоқдан фарқи- аёл киши томонидан талаб қилинган ажримдир. Албатта ислом шариатида ақл ва қувват жиҳатдан эркак киши кучли саналади ва барча масалалар унинг тасарруфи орқали амалга оширилади. Бу нарса қийшиқ қовурғадан яратилган аёлнинг ожиза ва ҳиссиётга берилувчи махлуқотлигини Билувчи Зот томонидан қўйилган буйруқ ҳисобланади. Шу сабабдан, талоқ қилиш ҳуқуқи эркак кишига берилган бўлиб, уни жавобгарлигини ҳам эркак киши бўйнига юклатилади. Аммо шундай вазиятлар бўладики, ажрим аёл томондан ҳам талаб қилиниши мумкин. Бу томонга ҳам ислом шариати муносиб қараб, ўз ўрнида аёл киши ҳам ўз талоғини талаб қилиб олишга ҳуқуқ берилган.
Хулуъ сўзи луғатан “кийим ечиш” деган маънода ифодалайди. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашишига хулуъ дейилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади. Шу сабабдан мана шу луғавий маънодаги сўз билан қўлланилади.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир , деган (229-оят).
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида хулуъ ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшашларининг иложи қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаса, эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилиб, ажрашиб кетиши жоиздир.
Ислом динида биринчи хулуъ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида содир бўлди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини (яъни эримни ёқтирмаганим учун унга итоатсизлик қилиб, гуноҳкор бўлишни) ҳам истамайман , деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (Сенга маҳр қилиб берган) боғини унга қайтариб берасанми? дедилар. Ҳа , деди аёл. У зот (Собит ибн Қайсга) Боғни қабул қилиб олгин-да, уни бир талоқ қил , дедилар .
Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Хулуъ боин талоқ ҳисобланади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар. Боин талоқ – ражъий талоқдан фарқлин ўлароқ эр- хотинлик алоқалари ўша заҳотиёқ тамом бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом шариатида ажрим фақат ва фақат эркак томонидан эмас, балки, баъзи ўринларда аёллар томонидан сўраб олинишлик билан ҳам амалга оширилиши мумкин. лекин албатта бу хулуъ масаласи ҳам талоқ каби шариатда қатъий масалалардан ҳисобланиб, илм аҳли маслаҳати билан оила ажратилади ёки яраштиришга ҳаракат қилинади. Албатта талоқ сўзи билан осмонлар ларзага келгани каби хулу ҳам Аллоҳ ғазаб қилган ҳалоллар сарасига киради. Аллоҳ Таоло барчамизни Ўзининг мустақим бўлган йўлидан адаштирмасин.
Тошкент Ислом институти
403-гуруҳ талабаси Орифжонова Моҳира