Куни кеча, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги “Ҳаж – 2022” делегацияси Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
“Ҳаж – 2022” делегацияси Мадина шаҳридаги юртимиз зиёратчиларига хизмат қилиши мумкин бўлган 5 юлдузли Crowne Plaza ва Pullman Zamzam каби энг замонавий меҳмонхонларни саралаш мақсадида, уларни кўздан кечирмоқдалар.
Аллоҳ насиб этса, бу йил Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада беш юлдузли ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий меҳмонхоналар ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат кўрсатади.
Муфтий ҳазратлари ушбу меҳмонхоналар Расул алайҳиссаломнинг жомелари бўлмиш – Масжиди Набавий ва Ҳарами шариф ҳисобланган Байтуллоҳга яқин бўлишига жуда катта эътибор қаратмоқдалар.
Асосий мақсад, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидларда адо этиш саодатига эришишлари, муборак сафар давомида фақат роҳат билан ибодат қилишлари ва дуо-ю илтижолар қилишларига эришишдир.
“Ҳаж – 2022” делегацияси иш жараёнлари ва эришилган натижаларини сайт ва ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.
Саудия Арабистони сафари давомида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Мадина шаҳрида ўз ибодатларини адо этаётган ўзбекистонлик умрачилар билан мулоқот қилдилар.
Айни кунларда бир гуруҳ ҳамюртларимиз Расул алайҳиссалом шаҳри – Мадинаи мунавварада амалларини имону ихлос, чексиз бахт ва шукроналик ила адо этишмоқда. Хусусан, Масжидул Набавийда, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаи мутоҳҳараларида, минглаб саҳобаи кромлар абадий қўним топган “Бақи” қабристони, “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд тоғида зиёрат ва ибодатда бўлмоқдалар.
Мулоқотда умрачиларимиз барча шароитлар муҳайё қилингани, айниқса, меҳмонхонанинг Масжиду Набавийга яқинлиги, беш маҳал намоз ва зиёратларни адо этишга қулайлиги, меҳмонхонадаги озода, кенг ва шинам хоналар кишининг баҳру дилини очиши, таомлари ибодатга қувват бўлаётгани, малакали шифокорлар томонидан доимий кузатув олиб борилишини мамнуният ила изҳор қилдилар.
Аллоҳ таоло барча умрачиларимизнинг ибодатларини Ўз даргоҳида қабул айласин!
Ўзбекитон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати