islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Миссионерлик ва унинг олдини олиш

Миссионерлик (лотинчада “missio” – “юбориш”, “вазифа топшириш”) муайян дин, конфессия, номинация ёки секта вакилларининг ўз диний таълимотини тарғиб қилиш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Миссионер (missioary) ўзи эътиқод қилувчи диний таълимотни ўзга дин вакиллари ичида тарқатиш билан шуғулланувчи шахс ҳисобланади.

Миссионерлик одатда миллий динлардан бошқа деярли барча динларда учрайди. Миссионерлик фаолиятини фуқаровий мансублик жиҳатидан ташқи (хорижда амалга ошириладиган) ва ички (мамлакат ичида) турларга ажратиш мумкин. Хусусан, христианликнинг католик ва православ йўналишларида миссионерлик билан руҳонийлар шуғулланса, протестант конфессияларида миссионерлик барча диндорларнинг бурчи ҳисобланади.

Миссионерликнинг узвий қисми бўлган прозелитизм (грекча “proseh/tos” — янги эътиқодни қабул қилган одам) – муайян дин, конфессия, номинация ёки секта вакилларининг ўзга дин вакиллари ёки даҳрийларни бевосита ўз динига киритишга қаратилган назарий ва амалий фаолияти саналади. Иккинчи маънода прозелитизм янги дин ғояларини қабул қилган шахснинг ушбу динга кучли садоқатини англатади.

Миссионерлик ва прозелитизм билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олишда ўз-ўзини бошқариш органларининг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Чунки аксарият ҳолатларда миссионерлик билан шуғулланувчи жамоалар хонадонларда, маҳаллаларда эшикма-эшик юриб тарғибот ўтказиб ҳамда ўзларига мойил одамларнинг уйига келиб, моддий ёки бошқа ёрдам кўрсатиш орқали даъват ишларини ташкил этади.

Шунингдек, айнан маҳалла қўмитаси ёрдамга муҳтож одамларга хайрия ёрдами кўрсатиш орқали уларнинг миссионерлар гирдобига тушиб қолишининг олдини олишда ташаббускор сифатида фаолият юритиши мақсадга мувофиқ саналади.

Фуқароларда миссионерликнинг мазмун-моҳияти ҳақида холис ва етарли тушунчалар ҳосил қилиш орқали унга қарши иммунитет шакллантирилади. Мазкур жараён асосан комплекс равишда ташкил этиладиган, барча ижтимоий қатламларни, айниқса, миссионерлар кўпроқ “Нишон”га оладиган тоифа фуқароларни қамраб оладиган маънавий-маърифий тадбирлар,профилактик ва тушунтириш ишлари шаклида амалга оширилади. Айни вақтда, ёшларнинг турли норасмий, ноисломий диний жамоаларнинг таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассасалари ва маҳалла қўмитаси томонидан тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим ўрин тутади.

Шу билан бирга, миссионерликнинг олдини олиш билан боғлиқ тарғибот ва тушунтириш ишларида республикада виждон эркинлиги қонунан кафолатланганини ҳисобга олган ҳолда масалага ёндашиш, миссионерликнинг реал таҳдидини ҳаётий мисолларда ёритиб бериш ва бундай фаолият республикада қонунан ман этилганини тушунтиришга эътибор қаратиш лозим.

Мамлакатимизда миссионерлик ва прозелитизмнинг олдини олиш, айниқса ёшларни бундай зарарли оқимлар домига тушиб қолишларининг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширишни тақозо қилмоқда. Бу вазифани муваффақиятли ҳал этишда ёш авлодни ҳозирги даврда мамлакатимизда дин соҳасида содир бўлаётган ўзгаришлар, яратилган имкониятлар билан мунтазам таништириб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, қизиқишлари, билим даражаларини инобатга олган ва дифферентсиал ёндашган ҳолда ёшларнинг дин, шу жумладан, халқимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келган ислом дини ҳақидаги билимларни ва миллий-диний анъаналар асосларини соглом асосда эгаллашларига кўмаклашиш ҳам бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бундай билимлар обьектив бўлиши, воқеликни тўгри ва тўлиқ акс эттириши ва ўз моҳиятига кўра, Ватан ва миллат манфаатлари билан узвий боғлиқ бўлмоғи керак. Ёшларимизнинг миссионерликнинг моҳияти ҳақида холис ва етарли билимга эга бўлишлари унга қарши иммунитетни шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Тошкент ислом институти 402-гуруҳ талабаси: Шерматалиев Омонилло

311280cookie-checkМиссионерлик ва унинг олдини олиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: