islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбарлари семинари ўтказилди

Янги 2022-2023 ўқув йили бошланиши муносабати билан таълим муассасаларида таълим сифатини янада ошириш, талаба ва педагог- ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида диний таълим муассасалари раҳбарлари семинари Тошкент ислом институтида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус диний таълим муассасалари мавжуд.

Семинарда ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов “Олий диний таълим муассасаларида 2022-2023 ўқув йили учун ўтказилган қабул имтихонлари натижалари таҳлили”, ТИИ ректори У.Ғафуров, Ҳадис илми мактаби ишлар бошқармаси раҳбари М.Қўшбоев ва Мир Араб Олий мадрасаси ректори в.в.б. У.Авлиёқулов “Олий таълим муассасаларининг кундузги ва Модуль таълим тизими қабул жараёнларини такомиллаштириш, битирувчиларга бериладиган дипломларни электрон шаклларини жорий қилиш” тўғрисида маълумот бердилар.

Шунингдек, таълим муассасалари раҳбарларининг 2021-2022 ўқув йили якунлари ҳамда 2022-2023 ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Семинар якунида ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири ўринбосари А.Дусматов “Диний таълим муассасаларида янги тартибдаги Малака талабларини жорий қилиш” тўғрисида маъруза қилди.

Сўнг диний таълимни ривожлантириш, келгусидаги режалар, меҳнат интизоми, талабаларнинг одоб-ахлоқ қоидалари каби турли масалалар муҳокама қилинди.

2020-2021 ўқув йилида Тошкент ислом институти эҳтиёжларидан келиб чиқиб 2 қаватли асосий бино юқорисига 3-қават ҳамда ҳовлисида 4 қаватли талабалар турар жойи қуриб фойдаланишга топширилган эди.

Кофе-брейкдан сўнг таълим муассасалари раҳбарлари 3-қаватдаги катта мажлислар зали, аудиториялар, ўқитувчилар хонаси, талаба қизлар таомланиш хонаси ҳамда дасрларни ёзиб олишга мўлжалланган видеокузатув тизими ва бошқа янгиликлар билан танишдилар.

Таълим муассасалари раҳбарлари Ахборот-ресурс марказидаги китоблар, манба ва адабиётлар, китобларнинг штрих коди бўйича сканерлаш ускунаси, маълумотлар базаси ва ҳужжат алмашишга мўлжалланган файл ва веб серверлар ҳамда мультимедиа хонаси билан танишдилар.

ТИИ ректори Уйғун Ғафуров янги қуриб битказилган, бир вақтнинг ўзида 50 кишига мўлжалланган замонавий таҳоратхона ҳамда 110 ўринли талабалар турар жойидаги шарт-шароитлар тўғрисида таълим муассасалари раҳбарларига маълумот берди.

Меҳмонлар асосий бино ва талабалар турар жойини иссиқ сув билан таъминлайдиган янги кенгфункцияли иситиш тизими ҳамда бошқа қулайликлар билан танишдилар.

Тадбир доирасида Ахборот-ресурс марказидаги янги китоблар ҳамда хаттотлик кўргазмаси ташкил этилди.

ТИИ Матбуот хизмати

320320cookie-checkОлий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбарлари семинари ўтказилди
2 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: