islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қандай ташкил этилди?

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташкил этилиши” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур, Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори маслаҳатчиси Амирсаидхон Усмонхўжаев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири Неъматулла Мухамедов, кафедра профессори Саидакбар Агзамходжаев, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар қатнашдилар.
Семинар-тренингда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ҳам иштирок этиб, мавзу юзасидан маъруза қилди.

Учрашувни Академия проректори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб берди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари мўмин-мусулмонларимиз томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилгани тўғрисида сўз юритди.
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш кузатилди. 1943 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилади. Ўша даврда Диний бошқарма фаолияти бешта собиқ совет республикаси – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олган эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси сифатида бир овоздан Эшонхон Бобохон тайинланади.
– Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир пайтида собиқ иттифоқ аҳолисининг Ислом динига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгара бошлади, – дейди “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири Неъматулла Мухамедов. – 1943 йил 31 июлда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг Диний бошқармаси ташкил этилади. Муфтий Эшон Бобохонга Диний Идора бошқарувини ташкил этиш ва уни йўлга қўйишда мазкур зотлардан ташқари ўзларининг ўғиллари Зиёвуддинхон қори, Камолиддинхон қори, Бадриддинхон ва Носирхонлар яқиндан ёрдам беришади. Шу йили Тошкентда I қурултой ўтказилади. Унда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармасини ташкил этиш ва Эшон Бобохонни муфтий этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Эшон Бобохон Диний бошқармага раҳбарлик қилган даврда Мир Араб мадрасасининг ўқув даргоҳи сифатида расман фаолият кўрсата бошлади. Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд, Самарқанддаги Шоҳи Зинда, Душанбедаги Хожа Яъқуб Чархий, Тошкентдаги Имом Қаффол Шоший каби зиёратгоҳлар очилди. Вилоятлар марказларида йирик жомеъ масжидларининг ишга туширилди. Бир қатор исломий осори-атиқаларни таъмирланди, бундан ташқари, бошқа кўплаб хайрли ишлар бевосита у зотнинг раҳбарлигида амалга оширилди.
Тадбир давомида талабаларга Бобохоновлар сулоласининг юртимизда динимиз ривожи йўлида кўрсатган меҳнатлари акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Сўзга чиққанлар мазкур сулола диний-маърифий соҳадаги хизматларини эътироф этишди.



ТИИ Матбуот хизмати

323760cookie-checkЎрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси қандай ташкил этилди?

Leave a Reply