Билим инсонни саодатга етаклайди. Зеро энг мусаффо ва нурли ҳаётга олиб борувчи йўл – илм йўлидир. Шундай экан, ёшларни илмга қизиқтиришда ва унга тарғиб қилишда Ислом таълимотига тенг келадиган тарғиботчи йўқ десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки ислом динида биринчи фарз бўлган амал бу – илм олиш ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг аввал нозил қилган сўзи ҳам “Ўқи” деган хитоб эди. Қолаверса, ислом умматининг биринчи муаллими, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” деб умматини илмга чорлаганлар.
Юртимизда ҳар доим илмга чанқоқ халқимиз томонидан “Билимлар беллашуви” деб этироф этиладиган анъана мавжуд. Республикамиздаги турли олий ва ўрта махсус билим юртлари ўртасида “Республика фан олимпиадаси” ўтказилади. Бунда келажак соҳиблари бўлмиш ёш талабалар ўзларининг илмий салоҳиятларини намоён қиладилар. Бу каби тадбирлар албатта ёшларимизни илмга қизиқтиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 7 апрель кунги №301 рақамли “2018 йилда Олий таълим муассасалари талабалари Республика фан олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам жорий йилнинг 20 апрель куни Институт талабалари ўртасида “Диншунослик” фани бўйича “Республика фан олимпиадаси” нинг биринчи босқичига саралаш мусабақаси ўтказилди.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси
мудири А.Тошпўлатов