islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳасти Имом” мажмуасига ташриф

Кўҳна Тошкентимиз қадимий зиёратгоҳлар ҳамда тарихий обидаларга жуда бойдир. Ана шундай муборак қадамжолардан бири – “Ҳасти Имом” мажмуасидир. Ушбу мажмуа 2007 йил барпо этилиб, қадимий обидалар билан замонавий биноларни ўзида мужассам этган. Ушбу маскан тўрт фаслки, ватандошларимиз ҳамда хорижлик сайёҳлар ила гавжум.

Куни кеча Тошкент ислом институти 1-курс талаба қизлари мураббия Валиева Саодат ҳамда Саидакбарова Нилуфар устоз билан “Ҳасти Имом” мажмуасини зиёрат қилдилар.

Мажмуага қилинган кичик саёҳат аввало, халқ ичида “Ҳасти Имом” (Ҳазрати Имом) номи ила машҳур бўлган шошлик аллома – фақиҳ, муҳаддис, тилшунос ҳамда шоир Абу Бакр Қаффол аш-Шоший мақбараларидан бошланиб, мақбарага дафн этилганлар ҳаққига Қуръон тиловат қилинди.

Сўнг, Навруз Аҳмадхон (Бароқхон) иншо этган “Бароқхон”, Мирзо Аҳмад Қушбеги асос солган “Мўйи Муборак” мадрасаси ҳамда “Тилла Шайх” масжидига ташриф буюрилиб, обидалар тарихи, ўтмиши ва бугунги куни ҳақида талаба қизлар учун батафсил маълумотлар бериб ўтилди. Зиёрат якунида “Мўйи Муборак”да қўним топган “Усмон Мусҳафи” билан яқиндан танишдилар. Мадраса ичида кўргазма учун қўйилган турли нодир қўлёзмалар, бир неча араб хатларида битилган манбаларни ҳам кўздан кечирдилар.

Олий маҳадимиз қад ростлаган “Ҳасти Имом” мажмуасига қилинган ташриф талаба қизларимизда фойдали таассурот қолдириб, чуқурроқ илм олиш, алломаларимизга муносиб бўлиш руҳиятини янада юксалтирди, иншааллоҳ!

Валиева Саодат,

Талаба қизлар билан ишлаш бўйича куратор

 

326060cookie-check“Ҳасти Имом” мажмуасига ташриф

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: