Кўҳна тарихимизда шундай шахслар ўтганки, улар ўзларининг сермазмун ҳаёти, ибратли фаолияти, маънавий-маърифий ўгитлари билан эл-юрт манфаатлари йўлида куч-ғайратини, керак бўлса, ҳатто, мол-мулкини ҳам аямаган. Ана шундай зоти шарифлардан бири Хожа Аҳрор Валий (1404- 1490) ҳазратлари ҳисобланади.
XV асрнинг йирик тасаввуф арбобларидан бўлган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор валий – нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган муршиди бўлиш билан бирга ўз замонасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий ҳаётида катта из қолдирган арбоблардандир. Ўз даврида унинг шуҳрати фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хоразм, Дашти Қипчоқ, Хуросон ва Ҳиндистонгача бўлган кенг жуғрофий минтақада таралган эди. Алишер Навоийнинг таъбири билан айтганда эса, Шарқий Туркистон (Хитой)дан то Туркиягача бўлган кўп давлатларнинг халқи ва подшоҳлари Ҳазрати Хожанинг «маҳкуми ҳукми»да эдилар[1].
Темурий ҳукмдорлар султон Абу Саъид мирзо ва унинг ўғли султон Аҳмад мирзолар қошида Хожа Аҳрорнинг обрў-эътибори шунчалик баланд эдики, улар ўз муршидларининг маслаҳатларидан баҳраманд бўлмай туриб, бирор бир масалани ҳал қилишга шошилмас эди. Шу билан бирга, машҳур мутафаккирлар Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар у зотга нисбатан жуда катта ихлосу ҳурматда эдилар.
Хожа Носируддин Убайдулоҳ Аҳрор валий 806 ҳижрий йилининг рамазон ойида (1404 йил, мартда) Шош (Тошкент) вилояти Бўстонлиқ ноҳиясининг Боғистон мавзеида, машҳур Шайх Хованди Тоҳур хонадонидан бўлган Хожа Маҳмуд оиласида дунёга келган[2].
Болалигидан шайхлар хонадонига монанд тарбия кўрган ёш Хожа Убайдуллоҳ 1427 йилда Самарқандга келиб, Мавлоно Қутбиддин Садрнинг кигиз бозорда жойлашган мадрасасида таҳсил кўра бошлайди. Аммо мадраса ўқиши ниҳоясига етмайди. Хожа Убайдуллоҳ қўл олиб иршод ҳуқуқини берувчи пир ахтариб 1428 йилда Ҳирот шаҳрига бориб, тўрт йил машҳур мутасаввуф Сайид қосими Анвор Табризийнинг даргоҳида қўним топади. Ҳиротдаги фаолияти ҳам уни қониқтирмай, Чағониён мавзеида яшовчи Мавлоно Яқуби Чархий (яъни, Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди) билан танишади ва унга қўл бериб, халифа-шогирд тушади[3].
Она юрти Шошга (Тошкентга) 1432 йилда қайтган Хожа Убайдуллоҳ халқ орасида нуфузи ошиб, тоат-ибодат ва деҳқончилик билан машғул бўлади. Халқ орасида анча танилгандан сўнг 1450 йилда Самарқандга келиб, ҳукмдор Абдулло мирзонинг (Улуғбекнинг куёви ва жияни) қабулига кирмоқчи бўлади. Хожа унга шариатни мустаҳкамлаш йўлида ёрдам ва йўл-йўриқ кўрсатмоқчи эди. Лекин Абдулло мирзо Хожа душманларининг маслаҳатига кириб, уни қабул қилмайди[4]. Хожа Убайдуллоҳ чорасиз Тошкентга қайтиб кетади.
Орадан бир ой ўтгач, Абу Саъид мирзо (Мироншоҳнинг набираси) Туркистондан келиб, Хожа Убайдуллоҳ билан Тошкент ва Паркентда учрашишади. Абу Саъид мирзо Хожанинг маслаҳати ва дуоси ёрдамида Самарқандни босиб олади. Сўнгра Хожа Убайдуллоҳни ҳам расмий равишда Самарқандга таклиф этади. Ўша вақтда Самарқанд шайх ул-исломи бўлиб турган Хожа Мавлоно ибн Исомиддин бошчилигидаги руҳонийлар Хожа Убайдулоҳни саройга келганлигидан норози бўлишиб, уни камситишга ҳаракат қиладилар. Лекин Хожа Убайдуллоҳ ўзининг тариқий зукколиги билан улардан устун эканлигини намойиш этади. Шундан сўнг Хожа Аҳрор валий[5] номини олиб, нафақат Мовароуннаҳрда, балки бошқа юртларда ҳам машҳур бўлади. Шундай қилиб, Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор валий Самарқандда диний фаолиятидан ташқари мамлакатнинг сиёсий ва ҳарбий ишларига ҳам халқ манфаати йўлида ижобий таъсирларини кўрсатиб келган.
Нақшбандия тариқатининг буюк муршидларидан бири бўлган Хожа Аҳрор валийнинг нутқи, амру маъруфлари ва ўз ўрнида айтилган рубоиётлари одамларни ром қилар, шаръий илми фиқҳ соҳасидаги ҳукмлари ҳуқуқшуносларни лол қолдирар, Қуръон тафсири ва ҳадисларга доир ривоятларга бой илми ўша давр олим ва тарихчиларини шу даражада таажжублантирар эдики, мадрасани ҳатто хатм қилмаган бу зотнинг шунчалик олимлигини қўрганлар: “Худонинг унга берган инояту карами”, деб билганлар[6].
Ҳазрати Хожа Аҳрор шахсиятига катта ҳурмат ва эҳтиромда бўлишган замон муаллифлари унинг таърифу тавсифларини катта кўтаринкиликлар билан ёзишганлар. Жумладан, буюк мутасаввуф олим ва шоир Мавлоно Абдураҳмони Жомий ўзининг «Нафаҳотул-унс» асарида[7], улуғ мутафаккир Алишер Навоий «Мажолисун-нафоис» асарида[8], Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳот айнил ҳаёт» асарида[9], Ҳофиз Танишнинг «Абдуллонома» асарида[10], Яссавия тариқатининг муршиди Олим Шайх Азизон ўзининг «Ламаҳот мин нафаҳотул-қудс» асарида[11], темурий буюк шоир ва саркарда Бобур мирзонинг набираси шаҳзода Доро Шукуҳ ўзининг «Сафинатул- авлиё» асарида[12], Носириддин Бухорийнинг «Туҳфатуз-зоъирин» асарида[13] ва бошқа муаллифлар асарларида Ҳазрати Хожанинг сифатлари ҳақида жуда кенг, ҳар томонлама сермазмун ҳамда илмий аҳамиятга молик сўзларни айтиб ўтишган.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор валий кўплаб халифаю шогирдларни тарбиялаб, иршодлар бериб халқни тариқий ҳидоятга бошлашга йўллаган.
Ҳазрати Хожа Аҳрор валийнинг ўзлари жуда хушсурат ва хулқу атворлари ҳам жуда гўзал бўлган. Тарихчи Абу Тоҳирхожа ибн Абу Саъид Самарқандийнинг “Самария” китобида ёзилишича: “Хожа Аҳрорнинг ўзига жалб қилувчи оҳанграбоси шу даражада кучли эдики, унинг ширинсухан суҳбатлари умрбод эсда қоларди”[14].
Ҳазрати Хожа Аҳрорнинг Самарқанддаги асосий қароргоҳи Хожа Кафший деб аталадиган мавзенинг шарқий қисмида бўлиб, бу ерда оиласи билан турадиган ҳовли, хонақоҳ, масжиди бор эди. Шунинг билан бирга Ургутнинг Камонгарон, Оқдарёнинг Лойиш ва Самарқанд туманининг Мотурид қишлоқларида дала ҳовлилари ҳам бўлган.
Ҳазрати Хожа Аҳрор 86 ёшда (ҳижрий ҳисобда 89 ёшда) эканида 1490 йилда Камонгарондаги дала ҳовлисида оламдан кўз юмган. Васиятига кўра, жасади Самарканднинг Хожа Кафший мавзеидаги турар жойида дафн этилган. Шундан сўнг бу жой Хожа Аҳрор номи билан ҳозиргача аталиб келинмоқда.
4-курс талабаси Ҳакимуллаев Муҳаммадсодиқ
[1] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 17- том. -Т., 2001. -Б. 279.
[2] Ҳалимов Фирдавс. Хожа Аҳрор Валий ва унинг «Рисолалар тўплами». – Самарқанд, 2004. -Б. 7.
[3] Раззоқова М. Хожа Аҳрорнинг устози – Яъқуб Чархий (Илмий-амалий анжуман маърузалари тезислари). Т., 2004. Б. 54.
[4] Ҳайит, Тўлқин. Улуғбекнинг ўлдирилишида Хўжа Аҳрорнинг қўли борми? («Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар» мақолалар тўплами). Т.: «Ўзбекистон». 1994. Б. 250.
[5] Халқ уни «покиза ва донишманд хожамиз» деб эъзозлай бошлаганидан шундай ном билан машҳур бўлган.
[6] Каттаев К. «Гулистон» журнали. №3, 1991 йил март.
[7] Жомий, Абдурраҳмон. Нафаҳот ул-унс. Лакҳнав-Ҳиндистон нашри, 1910. -364 б.
[8] Навоий, Алишер. Мажолис ун-нафоис. -Т.:Фан, 1961. –Б.153.
[9] Фахриддин Али Сафий «Рашаҳот». -Т.:Абу Али Ибн Сино, 2003. –Б.67.
[10] Ҳофиз Таниш Бухорий. Шарафномаи шоҳи-Абдулланома, Т., «Фан». 1966 йил, 107 б.
[11] Олимшайх Азизон. Ламаҳот. Т., Ғулом Ҳусайн чопхонаси, 1327/1908. Б. 87-88.
[12] Доро Шукуҳ. Сафинатул-авлиё, Лакҳнав-Ҳиндистон чопаси, 1900. Б. 80-81.
[13] Бухорий Носируддин. Туҳфатуз-зоъирин. Бухоро чопаси, 1909. Б. 59-60.
[14] Мерос (тўплам). – Т., «Камалак», 1991. Б. 49.