islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тафсири табарийнинг манба ва услубияти

Тафсир илми доирасида ёзилган энг мукаммал асарлардан бири Ибн Жарир ат-Табарийнинг “Жомиъ ал-Баён фи Тафсири ал-Қуръон” номли асаридир. Бу асар омма орасида “Тафсири Табарий”, “Тафсири Ибн Жарир” номлари билан ҳам машҳур. Ёқут ал-Ҳимавий: “Ибн Жарир ат-Табарий ушбу тафсирни ёзиш учун уч йил истихора  қилганини айтган”, деган. Хатиб Бағдодий эса асар қирқ йилда кунига қирқ саҳифадан ёзиб тугатилганини ривоят қилган.

“Тафсири Табарий” Қуръони каримга тўлиқ ёзилган илк тафсир ҳисобланади. Ибн Жарир ат-Табарийнинг эътиборли шогирдларидан бири Абу Бакр Аҳмад ибн Камил устозининг бу тафсирни 883 йилда (ҳижрий 270 й.) ёзганини айтади. Бошқа бир шогирди Абу Бакр ибн Балуя эса ушбу тафсир асари 896–903 йиллар (ҳижрий 283–290 йиллар) оралиғида ёзилганини баён этган.

Ибн Жарир ат-Табарий Қуръони каримни тафсир қилишда аввало оятларни бошқа оятлар орқали, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари билан тафсир қилган. Шунингдек, саҳобалар ва уларнинг изидан эргашган тобеинларнинг Қуръон оятлари ҳақида айтган ривоятларига ҳам таянган. Табарий ўз изоҳларида Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима, Қатода, Ҳасан Басрий, Ибн Журайж, Суддий, Абдурраззоқ, Фарро, Абу Убайда ва Али ибн Абу Толҳа каби таниқли муфассирлар ва ҳадис олимларининг қимматли ривоятларидан кенг фойдаланган. Шу сабаб асар ҳадис ва ривоятлар асосида қилинган тафсирларнинг энг мукаммали саналади.

Имом Табарий фақат ҳадис ва тафсир илми билан чекланиб қолмай, балки Басра ҳамда Куфа мактабларининг луғатшунос, наҳв (грамматика) олимлари, масалан, Кисои, Фарро, Аҳфаш, Абу Али Қутруб каби алломаларнинг тилшуносликка оид илмий мулоҳазаларини ҳам тафсирига киритади. У тарихий манбалардан ҳам фойдаланади, масалан, Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Ибн Исҳоқ каби тарихчиларнинг асарларидан иқтибослар келтиради. Бироқ Муҳаммад ибн Соиб Калбий, Муқотил ибн Сулаймон ва Воқидий каби тарихчиларнинг машҳур ривоятлари билан таниш бўлса ҳам, уларнинг ҳадислар бўйича ишончлилиги шубҳа остига олиниши сабабли буларнинг ривоятларини ўз тафсирига қўшмаган. Бу ҳолат Табарийнинг ҳадис илмидаги эҳтиёткорлиги ва илмий масъулиятига юқори даражада эътиборини кўрсатади.

Табарий ҳар бир оятнинг тафсирини القول في تأويل قوله تعالى, яъни “Аллоҳ таолонинг бу сўзини шарҳлаш ҳақида” деган жумла билан бошлайди. Кейин оятга тегишли равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар ва тобеинлардан келган ривоятларни келтиради ва уларни бир-бирига ўхшаш ёки фарқли жиҳатлари бўйича тартиблайди. Оятни тушунтиришда аввало Қуръоннинг бошқа оятлари билан изоҳ беради, ундан кейин суннатга мурожаат қилади. Агар бу икки манбада тушунтириш топилмаса, у ҳолда араб тили қоидаларига асосланиб маъно чиқаради. Шу сабабли Табарийнинг бу тафсири ривоятларга асосланган (яъни, нақлий) тафсирлар қаторига киради. Лекин у фақат ривоятларни келтирибгина қолмай, балки уларни таҳлил қилиб, энг тўғри ва ишончли бўлганларини ажратиб берган. Шу жиҳатдан унинг тафсири бошқа тафсирларга қараганда анча юксак ва ноёб ҳисобланади.

Имом Табарий Қуръон оятларини фақат ўз фикрига таяниб шарҳлашдан сақланган ва бундай услубни танқид қилган. Унинг фикрича, бирор киши Қуръон оятини изоҳлашга киришишдан олдин бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган очиқ далил ёки уларни кўрсатадиган ишончли манба бўлиши керак. Агар бу йўқ бўлса, унинг айтган фикри тўғри чиққан бўлса ҳам, у одам бу ишда хато қилган ҳисобланади. Табарий Қуръонни ўз фикри билан шарҳлашдан сақланиш кераклиги ҳақидаги мулоҳазасини мустаҳкамлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган машҳур бир ҳадисга таянган. Бу ҳадис ҳадис илми олимлари томонидан кам учрайдиган, махсус ҳадис сифатида баҳоланган: “Ким Қуръон ҳақида ўз раъйи билан сўз юритса, тўғри айтса ҳам, хато қилган бўлади”.

Имом Табарий ҳадис илмини чуқур билган улуғ олим бўлган. У тафсирида келтирган ҳар бир ривоятнинг иснодини, яъни бу ҳадисни кимдан эшитгани ва ким орқали етиб келганини аниқлик билан санаб ўтади. Агар ривоятчининг исмини эслай олмаса, буни очиқ айтади. Баъзида эса устозининг номини айтмасдан, шунчаки “Бизнинг баъзи асҳобларимиз ривоят қилди” деб келтиради.

Табарий Қуръонни тушунтиришда тилшунослик илми, яъни луғат ва грамматикага ҳам катта аҳамият берган. У сўзларнинг луғавий (асл) маъносини таҳлил қилади ва бу сўзлар араб тилида қандай ишлатилганини чуқур ўрганади. Сўз ясалиши (сарф) ва грамматик қурилиш (наҳв) бўйича Басра ҳамда Куфа мактабларига таянса-да, одатда Куфа мактаби олимларининг фикрларини афзал кўради. Айрим оятлардаги сўзларнинг грамматик таҳлилига алоҳида эътибор қаратади. Табарий баъзида араб тили грамматикасини яхши билган олимларнинг фикрларини ҳам тафсирига киритган. Сўзнинг асл маъносини тушунтириш учун эса кўпинча қадимги араб шоирларининг шеърларидан мисоллар келтиради. Баъзида шоирнинг исмини аниқ айтади, баъзида эса фақат байтнинг ўзини келтиради.

Имом Табарий фиқҳ (яъни, исломий қонунлар) соҳасида ҳам ўзига хос мазҳабга эга бўлган олимдир. Бу йўналишда мустақил асарлар ёзган. Тафсирида, айниқса, Қуръондаги аҳком оятлари, яъни шариат ҳукмлари келтирилган оятлар ҳақида фикр билдиради. Аввало, у турли мазҳаблар ҳамда уламолар орасида бу оятлар бўйича мавжуд бўлган фикр ва баҳсларни келтиради, сўнгра ўзининг танлаган қарашини баён қилади. Агар бошқа фикрлар нотўғри деб ҳисобланса, у ҳолда ўз нуқтаи назарини далиллар билан асослаб беради.

Табарий тафсирида, маълум даражада бўлса-да, яҳудий ва насроний манбаларидаги ривоятларга, яъни исроилиётга ҳам ўрин берган. У бу ривоятларни асосан Каъб ал-Ахбар, Ваҳб ибн Мунаббиҳ, Ибн Журайж, Ибн Исҳоқ ва Суддий каби кишиларнинг асарларидан келтирган. Бундай ривоятлар асосан тарихий мавзуларда бўлиб, Табарий уларни шунчаки бир хабар сифатида, иснодлари билан бирга тақдим этган.

Имом Табарийнинг тафсири нафақат тафсир илми билан шуғулланувчилар, балки луғат, тарих, фиқҳ, қироат, калом, араб грамматикаси (наҳв) ва қадимий араб шеърияти билан қизиқадиганлар учун ҳам жуда муҳим манба ҳисобланади. Бу асар нафақат ўтмишдаги билим ва ривоятларни йиғиб берган, балки Табарийнинг ўз фикрлари билан бойитилган тафсир бўлиб, шу сабабли жуда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун бу тафсир нақлий тафсирлар орасида кенг қамровли ва мукаммал намуналардан бири деб тан олинган. Машҳур олимлардан Ибн ал-Қифти: “Бундан каттароқ ва фойдалироқ тафсир кўрмаганман”, деб таърифлаган. Имом Суютий эса: “Тафсирлар орасида энг қимматли асар”, деб баҳолаган.

Робия МАННОБЖОНОВА,

Тошкент ислом институти АРМ ходимаси

451810cookie-checkТафсири табарийнинг манба ва услубияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: