islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Диний бағрикенглик – Ўзбек халқининг олий қадрияти

Маълумки, Ўзбекистон тинчлик ва барқарорликда ҳаёт кечириб фаолият юритаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларини  ўз бағрига олган юртдир. Ҳар бир киши, ҳоҳ у европа ёки осиёлик, аёл ёки эркак, кекса ёки ёш бўлишидан қатъий назар ўзини бирор бир динга эътиқод қилувчи деб ҳисоблайди.

Ўзбекистоннинг мустақиллик кунигача 211 та диний ташкилот рўйхатдан ўтган бўлса, бугунги кунга келиб адлия бошқармаларидан 16 та конфессияга алоқадор 2186 та диний ташкилот ва рўйхатдан ўтган. Буларнинг аксариятини исломий ташкилотлар ташкил этади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган масжидлар сони 2066 ташкил этади, шунингдек, Имом Бухорий ҳамда Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом институти, 9 та мадраса ва Халқаро ислом академияси шулар жумласидандир.

Халқаро инсон ҳуқуқлари талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, динлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида  фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, ҳамда уларнинг ирқи, жинси, миллати, тили,  диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятда тутган мавқеъидан қатъий назар, қонун олдида тенгликлари жамиятимиз қайта қуришининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши диний ташкилотларнинг жамиятдаги роли ва ҳуқуқий мақомини самарали ўзгаришига олиб келди. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишни енгиллаштириш, уларнинг фаолият олиб боришида эркинликлар яратиш ва айни пайтда диний фундаметализм ва сектантликка қарши курашнинг ҳуқуқий асосларидан келиб чиққан ҳолда бу қонун 1998 йил 1 май куни Республика Олий Мажлисининг XI сессиясида янги таҳрир лойиҳаси асосида қабул қилинди. Айни пайтла ушбу қонун ҳужжати қайта таҳрир қилинмоқда.

Бу қонунга мувофиқ республикадаги диний ташкилотлар мустақил ҳуқуқий шахс сифатида ер майдони ва уй-жойига эга бўлиш, диний адабиётларни нашр этиш, диний мутахассислар тайёрлаш, турли тадбирлар ўтказиш, якка ёки оммавий тартибда динга эътиқод қилиш, диний расм-русумларни бажариш, муқаддас жойларни зиёрат қилишга туб маънода кенг имкониятлар яратилди.

Ҳукуматимизнинг олиб бораётган янги сиёсати Ўзбекистон ҳудудида диний ташкилотларнинг фаолиятларини ривожланиб боришига кенг имкониятлар яратмоқда.

Ҳамма диний ташкилотлар, ҳоҳ у Ўзбекистон мусулмонлари идораси,  Рус православ черкови, Тошкент ва Ўрта Осиё епархияси  ёки бошқа диний ташкилотлар бўлсин, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 4- ва 5-моддаларида кафолатланган. Айниқса, барча миллат ва диний конфессиялар манфатларини кўзлаб давлат республикада динлараро тотувлик ва ҳамкорликни  таъминлайди.

Динлараро бағрикенглик ғояси – хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади.

Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Дин одамларни халоллик ва поклик, меҳр-шавқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Жаҳондаги барча йирик динлар бу дунёни фоний, ўткинчи ҳисоблайди. Улар инсоннинг яшашдан асл мақсади бу дунёда ҳайрли, савобли ишлар қилиб, боқий дунё синовларига тайёргарлик кўриш деган ғояни тарғиб этади. Барча динларда инсон ҳаётининг моҳияти, мазмуни, кишилар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий, ахлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш масаласи озми – кўпми ўз аксини топган. Шу боисдан ҳам ҳар бир ватандошимиз, айниқса ёшлар аввало дин тарихини чуқур билиши лозим. Шундагина уларни ғаразли мақсадларни кўзлаб юрган кучлар йўлдан чалғитолмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳукумати истиқлолнинг биринчи кунлариданоқ турли эътиқодга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига шароитлар яратиб келмоқда. Республикада мавжуд бўлган кўпконфессияликнинг реал ижтимоий ҳолат эканлиги ва унинг келажакда ҳам сақланиб қолишини ҳисобга олган ҳолда миллий ғоянинг шаклланиши ва мустаҳкамланишига хизмат қиладиган бағрикенгликка тўла шароитлар яратилмоқда. Мустақиллик йилларида республикада қатор халқаро диний анжуманлар ўтказилиши, заминимиздан етишиб чиққан, жаҳон афкор оммасига яхши таниш бўлган йирик ислом уламолари юбилейларининг уюштирилиши бунга мисол бўла олади.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

119160cookie-checkДиний бағрикенглик – Ўзбек халқининг олий қадрияти
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!