“Билим учун 100 миллион” лойиҳасининг биринчи босқичи — онлайн шаклида ўтказилган турларда 246 991 нафар иштирокчи қатнашди. Апрел ойидан бугунга қадар энг юқори балл тўплаган 100 нафар иштирокчи ўртасида 17 ноябр куни Тошкент шаҳарида финал ўтказилди. Ваъда қилинганидек, 1-ўринни қўлга киритган иштирокчи (кейинги постда ғолиб ҳақида батафсил маълумот бераман) 100 млн сўм, қолган иштирокчиларнинг ҳар бири эса 1 млн сўмдан пул мукофотлари билан тақдирландилар.
“Билим учун 100 миллион” олимпиадасининг финалида Ўзбекистон Миллий университетининг математика факултети 4-босқич талабаси Жаҳонгир Тўраев ғолиб бўлди. Унга 100 миллион сўм мукофот топширилди.
Шунингдек, Халқаро талабалар куни муносабати билан 12-13 ноябр кунлари ўтказилган “Билимдон талаба” онлайн олимпиадасида энг юқори бални тўплаган 50 нафар талабанинг ҳар бири 1 млн сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.
Бундан ташқари, @kitobxontestbot орқали китобхон ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Ёш китобхон” онлайн олимпиадасида энг юқори натижаларни қайд этаётган иштирокчилар ноутбук ва планшет билан тақдирландилар. Айни пайтда ушбу лойиҳа яна давом этмоқда. Иштирок этишингиз мумкин.