Ўзбекистон суверенитетини белгилайдиган рамзлар орасида Давлат байроғи алоҳида ўрин тутади. Зеро, байроқ халқнинг ўтмиши ва бугуни, мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлигининг тимсолидир.
Қадимдан юртимиз давлатчилигида байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат туғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланган. Жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли баҳодирларга ҳадя қилинган. Бобомиз Нажмиддин Кубро ёв қўлида шаҳид бўлса-да, чангалида маҳкам тутган яловни ҳеч ким ололмаган.
Давлатимиз байроғи Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, халқаро кўргазмаларда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро аҳамиятга молик тадбирлар, саммитлар, анжуманлар, спорт мусобақаларида байроғимиз баланд кўтарилади. Буларнинг барчаси Ватанимиз шаъни, халқимиз ғурур ва ифтихорининг ёрқин ифодасидир.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз. Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи”, 3-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли” эканлиги белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқароларда давлатимизнинг ушбу рамзига нисбатан ҳурматни ошириш ва фахр-ифтихор туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида марказий майдонларга улкан байроқлар (флагшток) ўрнатилди. Жумладан, Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонига 65 метр баландликдаги, Наврўз майдонига 57 метрлик баландликдаги улкан байроқ ўрнатилди. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилди.
Қайд этиш керакки, миллий байроғимиз билан фахрланиш билан бир қаторда унга нисбатан масъулият билан ёндашиш ҳам талаб этилади. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт” деб белгиланган.
Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод ёдда тутиши мақсадга мувофиқдир.
Миллий байроғимиз мустақил давлатчилигимиз рамзи, халқимизнинг орзу-умидлари, ғурури белгиси сифатида ҳар бир кишида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Байроғимиз миллий-тарихий анъаналаримиз, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой маданиятимиз, поклик, донишмандлик, мардлик, шон-шуҳрат ва садоқат каби халқимизга хос эзгу фазилатларни ифода этади.
ТИИ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва
маърифат бўлими ходими Ш.Бадиев