➖Одам ва Нуҳ алайҳиссалом орасидаги давр
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлганми?” — деб сўради. У зот: “Ҳа, Аллоҳ Одам билан гаплашган, саҳифалар туширган”, деди. Шунда у киши: “Одам билан Нуҳ алайҳиссалом ўртасида қанча вақт ўтган?” деб сўради. У зот айтдилар: “Ўн аср – 1000 йил” (Ал-бидая ван-ниҳая, 1/94)
➖Нуҳ ва Иброҳим алайҳиссалом орасидаги давр
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши сўради: “Нуҳ билан Иброҳим алайҳиссалом ўртасидаги давр қанча эди?” У зот: “Ўн аср-1000 йил”, дедилар (Имом Ҳоким, Мустадрак).
➖Мусо ва Исо алайҳиссалом орасидаги давр
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
“Бу икки пайғамбар орасидаги муддат борасида уламолар ўртасида ихтилоф мавжуд. Саъд ибн Муҳаммад ўзининг “Табақот” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мусо ибн Имрон билан Исо ибн Марям алайҳиссалом ўртасида 1700 йил бўлиб, фатрат бўлмаган, яъни шу оралиқда пайғамбарлар юбориш тўхтаб қолмаган. Бу давр оралиғида Бани Исроилга, бошқа қавмларга юборилган пайғамбарларни ҳисобга олмаганда, мингта пайғамбар юборилган (Тафсири Қуртубий, 6/121)
➖Исо алайҳиссалом билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орасидаги давр
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳ алайҳ айтади:
“Ровийлар бир овоздан якдил айтганларки, Муҳаммад алайҳиссалом келгунларигача бўлган Мусо алайҳиссалом даври 2000 йилдан ортиқ, Исо алайҳиссалом даври эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунига қадар 600 йил давом этган” (Фатҳул Борий 4/449).
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев