islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Иcломофобиянинг келиб чиқиш тарихи

Исломофобия ислом дини ва мусулмонларга нисбатан бир тарафлама салбий тушунчага эга бўлиш. Ушбу терминнинг дастлабки ишлатилиши 1976 йилларга бориб тақалади. 1980 йилларнинг охири 1990 йилларнинг бошларида кенг қўлланила бошлади. Ушбу термин 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин кўп қўлланила бошлади[1].

Исломофобия тушунчаси яъни ислом динидан қўрқиш, ислом хақида нотўғри, салбий қарашга эга бўлиш маъноларини англатади. Бугунги глобаллашув жараёнлари кенгайиб бораётган даврда ҳар қандай ғояни кенг тарқалишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта бўлди. Интернет тармоғида бундай салбий ҳолатларни кузатиш мумкин. Баъзи ёвуз кучлар бу тармоқда ҳали онги шаклланиб улгурмаган ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош кўзини ёлғон ваъдалар билан айлантириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар. Бу эса кенг омма орасида ислом динининг инсонпарвар ғоясини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда. Ислом номидан фаолият кўрсатаётган диний экстремистик гуруҳларнинг ислом манбаларини бузиб кўрсатишлари, ўз мақсадларига эришиш учун унга мос равишда талқин этишга уринишлари ҳамда ўз манфаатлари учун на дину диёнатни, на миллатни ва на Ватанни тан олмайдиган гуруҳларни “ислом” деб атаб, турли хил хунрезликларнинг келиб чиқиши исломдан қўрқитиш ҳолатларининг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Ислом дини фақат зўравонликка чақиради деган фикрнинг пайдо бўлиши. Бунга ислом динининг тарихи ва таълимотини яхши билмасдан туриб уни нотўғри талқин қилиш, бузиб кўрсатиш исломдан қўрқишга ва нафратланишга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ислом динининг асл ғоясини яхши билмасдан у ҳақда турли фикрларни айтиш ёки тарғиботга ўтиш мумкин эмас. Бундай ҳолатлар одамлар орасида ислом динига нафрат билан қарашга ёки террористик ташкилотларни ислом номидан иш олиб боришга қулайлик туғдиради. Бу эса ислом динига нисбатан салбий муносабатларнинг янада кучайишига, яъни исломофобиянинг ортишига сабаб бўлади.

Исломофобиянинг яна бир кўриниши мусулмонлар ибодатхоналари яъни масжидларда қўпорувчилик ишларини амалга оширишдир.

Европа давлатларида мусулмон аҳолини арзон ишчи сифатида кириб келиши мусулмон мамлакатларида оммавий ҳаракатларни ўтказилиши, Исломофобиянинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Оммавий ахборот воситаларида 2014 йил Германиянинг Дрезден шаҳрида “Исломлашув”га уюштирилган метинг ёки ғарбда Ислом қадриятларини ҳақоратлаш сифатида “Карикатурачилик” ҳаракатларини содир этилиши, Париждаги “Шарли Эбдо” таҳририятида ислом динига салбий муносабатларни акс эттирувчи ҳаракатлар исломдан қўрқиш ҳолатларини келтириб чиқарди.

Париждаги қабиҳ жиноятни “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) деб номланган жангарилар тўдаси “Буни биз қилдик”, деб бутун дунёга жар солмоқда. ИШИД террорчиларининг бузғунчи ғоялари, ёвуз мақсадлари, хуллас, асл башараси қандайлиги кўп бор баён этилди.

Бугун дин душманларининг хунрезликлари сабаб “исломофобия”  ибораси кенг ёйилмоқда. Гарчи бу атамани илк бор ХХ аср бошларида шарқшунос олим Этъен Дине “Шарқ Ғарбнинг нигоҳида” номли асарида қўллаган бўлса-да, исломдан чўчитиш ҳаракати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келган илк йилларда ҳам мушриклар ислом динини ёмонотлиқ қилиш, яъни исломофобия уруғларини сочиш учун турли қинғирликлар содир этишган. Жумладан, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънларига номуносиб гапларни айтишган. Ваҳоланки, дин душманлари исломни қанчалик ёмон кўрсатишга уринишмасин, Аллоҳ ўз дини ва мусулмонларни азиз қилиб қўявериши Қуръони каримда шундай талқин этилади:

 “Улар Аллоҳнинг нурини (исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир. У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир”,[2] деб таъкидлаган (Саф сураси, 8-9).

Аллома боболаримиздан Сўфи Аллоҳёрнинг ҳам шу маънодаги машҳур байтлари бор:

“Чироғиники, Ҳақ ёндирди қўйди,

Ани ким, “пуф” деди, соқоли куйди!”.

Ғаразли мақсадларни кўзлаган гуруҳлар бу ҳақиқатни тан олмай, ислом динини обрўсизлантириш, тинч ағоли орасида фитна қўзғатиш ҳаракатларини давом эттирмоқдалар. Лекин улар мақсадларига етолмасликлари, Аллоҳ таоло бунга йўл қўймаслиги, юқоридаги байтда шеърий тарзда ифодаланган.

Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга озгина озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” деб таъкидлаганлар.

Муқаддас динимизнинг маърифатпарвар ғоялари ва ҳаётбахш ўгитларини ёвуз ниятли кишилар ўзларининг қора мақсадларига етишларида тўсиқ деб билади ва уни таназзулга учратиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар.

Улар бу мақсад йўлида ҳар қандай ёмонликни қилишга тайёрдир. Масалан, Европа давлатларида яшаётган мусулмонларни камситиш ва уларга нисбатан оммада нафрат уйғотиш учун айрим қора ниятли кучлар дин номидан қўпорувчиликлар уюштирди. Бу эса жамият тинчлиги ва барқарорлигини кўролмаётган айрим кучлар хоҳлаган, ҳатто ўзи ташкиллаштирган жиноятлардир. Чунки омма олдида ислом ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун етарли баҳона керак эди. Бундай найранг кутилганидан ҳам ортиқ самара бергани учун улар шу хилдаги қинғирликларни кенг ёймоқда ва “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик” деган тушунчаларни бузиб талқин этиб, ўз жиноятларини хаспўшлашга уринмоқда.

1993-йилдан бери АҚШнинг Гарвард Университети профессори Самуел Хантингтон ўзининг “Цивилизациялар тўқнашуви” деб номланган назариясини олға суриб келмоқда. Унинг фикрича дунёдаги рўй бераётган урушларнинг аксариятига диний қарашлар “сабаб” қилиб кўрсатилар экан. Агар тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак икки давлар орасида ёки бўлмаса икки миллат орасида можарони келтириб чиқариш учун диний ақийдани асосий сабаб қилиб кўрсатиш Европа учун жуда осон ва “арзонга тушади”. Профессорнинг мана шу ғояси кейинчалик эгизак биноларни портлатган шахслар террористлар эмас балки, мусулмон террорчилар деб аташ ва бу “ҳақиқат”ни бутун АҚШ халқига тушунтуриш жуда осон кечди. Натижада Америка Қўшма Штатлари Афғонистон ёки бўлмаса Ироққа бемалол кириб борди. Бу ғоя кутилган натижани керагидан ортиғи билан берди. Аммо бу билан Америка халқи 1,5 миллиардга яқин бўлган ислом оламига бошқача кўз билан қарай бошлади. Агар 2001 йилдаги инглиз журнал-газеталарига бир назар ташлайдиган бўлсак “ислом террористи” бундай қилди, “мусулмон киши бундай қилди” деган хабарларга кўзимиз тушади. Гўёки терроризм исломнинг асл ғоясидек, террор мусулмонларнинг орасидан келиб чиққандек гўёки[3].

Хўш! Ростдан ҳам бу қарашларнинг тарихи исломга етиб борадими? ёки бўлмас Насроний, Яҳудий ва бошқа “назариялар”да террор кузатилмаганми?

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак: Терроризмни тадқиқ қилиш бўйича мутаҳассис Э.И.Степанов бу масалда қуйидагиларни айтади: “Унинг бошланиши, одатда, ХVIII асрдаги француз революцасига ҳамда 1917 йилда Россияда содир бўлган революцияга тақашади. Аслида терроризм жуда қадим замонда бошланган, амалёти эса турли шаклларда хилма-хил тарихий даврларга ва кўплаб сиёсий оқимларга хосдир”.

Мана террорнинг асл келиб чиқиш тарихини қисқача ўрганиб чиқдик!

Тарихдаги бундай воқеалардан шуни билишимиз мумкунки террор исломга буткул бегона “ғоя”дир.

Ҳозирги таҳликали воқеалар рўй бераётган таҳликали замонда ислом дини антитеррор ишларини жадаллик билан бошлаб юборган. Бу иш қўлга қурол олиб бузғунчи жоҳилларга қарши курашиш билан эмас балки, мусулмон умматининг етук уламоларнинг уларга қарши йўллаган даъватлари, очиқ хатлари орқали бўлмоқда. Дунё уламолари террористларга, хусусан, ИШИД ташкилотига “Очиқ хат” йўлладилар. Ислом уламолари худкушларга қарши яхшигина “очиқчасига” илмий зарба берганлар. Дунё таниган улуғ шайхлар исломга тил теккизишига ҳаққи йўқ бўлган террористларга қарши исломнинг ҳақиқий соф дин эканлигини кўрсатиб берганлар. 126 та турли жойдан келган олимлар жам бўлишиб бир ёқадан бош чиқирганлар. Бун каби илмий маърифий тадбирлар ислом тарихида мунтазам ўтказиб келинган ва келинмоқда, раддиялар берилган ва берилмоқда, уларга қарши китоб ва рисолалар ёзилган ва ёзиб келинмоқда.

Демак, террорчилар фаолияти ортида турган исломофобия ҳаракатлари эзгулик душманлари томонидан қора мақсадларни кўзлаб қилинаётган ёвузликлардир. Бундай фитналар сабаб омманинг эътибори чалғийди ва бузғунчилар халқни кўрсатилган “душман”га қарши гижгижлайди. Оқибатда 2015 йил 23 ноябрь куни Австралиянинг бир неча шаҳарларида бўлгани каби, турли жойларда исломга қарши намойишлар уюштирилди. Табиийки, бу ҳол мусулмонларга маъқул келмайди, икки ўртада зиддият, тўқнашувлар пайдо бўлади. Бундан фақат бир тараф, яъни ўша яширин иш кўраётган “учинчи қўл” фойда кўради[4].

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, исломофобиянинг келиб чиқиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Аммо исломофобия атамаси XX асрнинг охирига келиб ишлатила бошланди. Бунга эса ислом номидан амалга оширилган террористик амалиётлар сабаб бўлди.

Тошкент ислом институти 405-гуруҳ талабаси

Юсупов Хусниддин Олтинбайевич

[1] https://uz.wikipedia.org/wiki/Islomofobiya

[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. // таржима ва тафсир муаллифи А.Мансуров – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014. – Б. 552.

[3] http://info.islom.uz/index.php/home/yangiliklar/item/1397-evropadagi-islomofobiya-nimalarga-olib-kelishini-bilmajmiz

[4] Каримов И. Ислом дини террорга қарши // Ислом Нури. Тошкент: Мовароуннаҳр. 2015. – Ж. 24. – Б. 2-3.

366430cookie-checkИcломофобиянинг келиб чиқиш тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: