Милодий 859 йилда илмли ва зиёли опа-сингиллар Марям ва Фотима ал-Фиҳриййага бадавлат савдогар отаси вафотидан кейин катта мерос қолди. Уларнинг оиласи Тунисдаги Қойрувон (القيروان) шаҳридан Фес шаҳрига муҳожират қилган эдилар. Опа-сингиллар меросдан теккан маблағни Ал-Қороуййин (جامعة القرويين) номи билан машҳур бўлган масжид ва мадраса қуришга сарфладилар. Масжид диний ибодат жойи бўлиш билан бирга, тез орада диний таълим масканига ҳам айланди. Ал-Қороуййин Марокашдаги ислом илм-фан ва маданият марказларидан бири бўлган Фес шаҳрида жойлашгaн масжид-мадраса ҳисобланади. Марям ал-Фиҳриййа Фес шаҳридаги бошқа бир масжид – Масжид ал-Андалусга ҳам ҳомийлик қилган.
Марокаш султонлари ҳомийлиги туфайли мазкур илм даргоҳи – Ал-Қороуййин университети доимий равишда кенгайиб, янги-янги билим соҳаларини қамраб олди. Университетда илоҳиётдан ташқари грамматика, риторика, мантиқ, тиббиёт, математика, астрономия, кимё, тарих, география ва мусиқа илмларидан ҳам таълим берила бошлади.
Фотима ал-Фиҳриййа мадраса қошида кутубхонага ҳам асос солган. 2016 йилнинг май ойида мазкур кутубхона реставрациядан кейин қайта фаолият юрита бошлади. Кутубхона фондида IX асрга тегишли Қуръон ва ҳадиснинг дастлабки тўпламларини ўз ичига олган 4000 дан ортиқ қўлёзмаларнинг ноёб нусхалари жой олган.
Ўрта асрларда Ал-Қороуййин христиан Европаси ва мусулмон Шарқи ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда катта аҳамият касб этди. Мазкур университетдан нафақат ислом жамоаси, балки бутун дунё маданиятига ривожига катта таъсир кўрсатган олимлар, файласуфлар ва илоҳиётшунослар етишиб чиқди. Улардан Ибн Арабий, Ибн Халдун, Ал-Идрисий, Маймонид (Моше бен Маймон), Йуханна ал-Ифриқий, Николя Кленард, Яков ванн Гол каби олим ва файласуфларларнинг номларини санаб ўтиш мумкин. Милодий 999-1003 йиллар оралиғида Рим папаси бўлган Силвестр II (Герберт Реймсский) ал-Қороуййинда таълим олган.
Ал-Қороуййин Гиннеснинг рекордлар китоби тузувчилари томонидан “дунёдаги энг қадимий доимий фаолият юритадиган олий таълим муассасаси” деб тан олинган. ЮНЕСКО маълумотларига кўра ҳам Ал-Қороуййин дунёдаги мавжуд бўлган энг қадимги ва доимий фаолиятда бўлган таълим муассасаси ҳисобланади.
Бироқ Европа анъаналаридан фарқли равишда, қадимги Араб университетларида битирувчиларга яқин вақтларгача муассаса номидан диплом берилмаган. Уларда устоз-мураббийлардан илм ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Фақат 1947 йилда Ал-Қороуййин Европа типидаги университетга айланди ва 1963 йилда Марокашнинг замонавий Давлат университет тизимига қўшилди.
Ал-Қороуййин масжид-университети узоқ йиллик тарихи давомида бир неча бор қайта қуриб битказилди ва кенгайтирилди. Масжиднинг ўзи ҳозирги кунда 22 минг кишини сиғдира олади ва Африкадаги энг йирик масжид ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ал-Қороуййинда таълим асосан диний илмларга ва ислом ҳуқуқига йўналтирилган бўлиб, шунингдек, араб тилшунослиги – сарфу наҳв, моликий мазҳабига эътибор қаратилган.
Шунингдек, талабаларга француз тили, инглиз тили каби бошқа фанлар ҳам таклиф этилади. Ўқитиш анъанавий усулда олиб борилади, унда талабалар Шайх атрофида ярим доира тузиб ўтиришади. Шайх уларга муайян матн қисмларини ўқитади, грамматика, фиқҳ ва талқиннинг маълум бир қисмидан саволлар беради ва қийин масалаларни тушунтиради.
Ойдин Турдиева тайёрлади