Рамазон ойи кириши билан шайтонлар кишанланиши тўғрисида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Имом Бухорий, имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда шундай келади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Рамазон ойи кирса жаннат ешиклари очилади, жаҳаннам ешиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”.
Уламолар ҳадисдаги шайтонларнинг занжирбанд қилинишини қандай тушуниш борасида турли фикрларни айтишган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ имом Ҳалиймийдан нақл қилиб айтадилар: Шайтонларнинг кишанланишидан мурод уларнинг мусулмонларни бошқа ойлардаги каби чалғитолмай қолишидир. Чунки бу ойда мусулмонлар шаҳватни кесувчи бир қанча омиллар (рўза тутиш, зикр қилиш, Қурьон қироати каби бир қанча солиҳ амаллар) билан машғул бўладилар.
Имом Иёз роҳимаҳуллоҳ айтадилар: Бу ҳадиснинг бир қанча еҳтимоли бор.
1.Ҳадиснинг зоҳирини тушуниш. Яъни ҳақиқатта шайтонлар занжирбанд қилинади. Бунда фаришталар муборак ой кириб келганда мўминларга азият берувчи шайтонларнинг шарридан ҳимоя қилишларига ишора бор.
2. Ҳадис шунчаки Рамазон ойида шайтонлар мўминларни камроқ иғво қилишларига ишора. Яъни мўминлар уларнинг иғволарига учмайдилар, натижада улар худди кишанлангандек ҳолда қоладилар. Бу иккинчи еҳтимолни ҳадиснинг имом Муслимда келган қисми ҳам қўллайди: “Ва раҳмат ешиклари очилади”.
Бошқа баьзи уламолар ҳадисдаги шайтонлардан мурод уларнинг ҳаммаси емас балки фақат ҳаддан ошганларигина, дейишган.
Биз хулоса қилишдан олдин устозимиз шайх Мухаммад Содиқ Мухаммад Юсуф ҳазратлари ва бошқа баьзи уламоларимизга бу борада берилган саволларга жавобларини нақл қилишни маьқул деб топдик.
Савол: Рамазон ойида шайтонлар занжирбандланади, деб кўп бора эшитганман . Шунга кора Рамазон ойида васваса яьний хар ҳил ёмон ўй-фикрлар келиши мумкинми?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
– Бу ҳадисда келган. Ҳақиқатда улар рамазонда кишанланадилар. Шунинг учун кўпчилик яхши бўлиб қолади. Баъзи одамларнинг ёмон бўлиши уларга шайтоннинг васвасаси сингиб кетганидан эканлигини уламолар таъкидлашади.
Савол: Ассалому алайкум! Биламизки рамазон ойида ҳам эҳтилом кузатилади. Эҳтилом шайтондан бўлади деб эшитганман, ахир рамазон ойида киши эҳтилом бўлса бу ҳам шайтондан бўладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Рамазонда шайтоннинг энг ёмонлари занжирбанд бўлади. Валлоҳу аълам!
Савол: Ассалому алайкум! Рамазон ойида шайтонлар саҳарликдан ифторликкача кишаланадими ёки бир ойгами?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бир ойга. Шайтон кишанланганида ҳам киши гуноҳларда бардавом бўлиши ундай инсоннинг гуноҳларига шайтон сабабчи эмаслиги, ўзининг нафси хакалак отганлигининг белгисидир. Аллоҳ таоло “Юсуф” сурасида Юсуф алайҳиссаломнинг “Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, ёмонликка ундовчидир” деган сўзларини келтирган. Валлоҳу аълам!
Хулоса: Юқоридаги уламоларимиз гаплари ва саволларга берилган жавоблардан келиб чиқиб шундай хулоса қилишимиз мумкин: Рамазонда ҳамма шайтонлар кишанланиши билиттифоқ эмас. Агар шундай бўлгандаям бундан инсоннинг бу ойда гуноҳ қилмаслиги лозим бўлиб қилмайди. Чунки ёмонликка буюрувчи нафс ҳар доим бор. Валлоҳу Муваффиқ!
ТИИ 401-гуруҳ талабаси Мамасолиев Жалолиддин