1984 йили Саудия Арабистонининг Мадинаи мунаввара шаҳрида “Қирол Фаҳд ибн Абдулазиз Ол Сауд” Мусҳаф матбааси ташкил этилган. Мана 33 йилдирки матбаада Қуръони карим асосан Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига асосан чоп этиб келинмоқда. Ушбу Мусҳаф хаттот Усмон Тоҳо томонидан ёзилган намуна асосида тайёрланган бўлиб, асосий хусусияти унда ҳар бир бетнинг охирида оят тугашидадир. Бундан илгари Қуръони Каримни ёзишдаги услуб, калималарни кетма-кетлиги билан то (мусҳаф) охирига қадар ёзиб борилар эди. Қуръони Карим оятларини ёзишни маҳоратли бир хаттот амалга оширар эди. Мана шундай услубда ёзилган мусҳафлардан бири “Ҳаддод” номи билан машҳур бўлган Хаттот Мабда Муҳаммадсаид Иброҳимнинг “Мусҳафул Азҳар” ёки “Мусҳафул Ҳарамайн” деб номланган мусҳафи бўлиб, хаттот бунда (қуръоний) калималарни мусҳафнинг бошидан то Нос сурасининг охиригача кетма-кетлик билан ёзиб борган. Шунда мусҳаф 522 саҳифа бўлган.
Усмон Тоҳо кўп меҳнатлари натижасида Қуръоннинг ҳар бир жузига боблар қўйиб, ҳар бир жузни (порани) 20 саҳифа қилди. Мусҳаф 600 саҳифа бўлган эди, лекин Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи бетига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда (порада) “Бисмиллаҳ…” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифа бўлди. Бундан ташқари, Усмон Тоҳо мусъҳафнинг ҳар бир саҳифасини оят билан бошлаб, оят билан тугатди. Бу ҳам Усмон Тоҳонинг ўзига хос услубларидан биридир. Мусъҳафни ёзишда эътибор берилган нарсалардан бири оят ва саҳифаларга рақамлар қўйиб, ҳар бир саҳифа 15 қатор ва (70 х 100) ҳажмда бўлишидир. Усмон Тоҳонинг мана шундай машаққатли меҳнатлари ва мусҳаф ёзишдаги янгича услублари натижасида “Мадина мусҳафи” Ислом оламида кенг тарқалди[1]. Ҳозирда мазкур матбаа томонидан бир йилда 10 миллиондан ортиқ мусҳаф чоп этилиб, ислом оламида Ҳафс ривояти бўйича ўқиш услуби тарихда мисли кўрилмаган тарзда тарқалмоқда[2].
[1] Мусҳафи Мадина ахборот сайтининг хабарларидан
[2] “Қуръон ва қуръоншунослик” Муаллифлар жамоаси. Қўлёзма ҳуқуқида. 217-бет.
Тошкент ислом институти битирувчиси
Ахатова Робия