islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рўза руҳий покловчи ибодат

Руҳий озуқага олиб борувчи омиллардан бири рўзадир. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланади. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир.

Рўза тақвонинг асосий омилларида ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида:

“Эй, иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”, деган.

Бу оятдан келиб чиқадики, рўза ҳам тақво йўлларидан бири эканлиги. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво руҳи уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.

Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани “тақво” деб номланувчи, икки дунё саодатига эриштирувчи бахтга муяссар қилади.  “Тақво” руҳий озуқаланишнинг муҳим омилларидандир. Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу рўзанинг Аллоҳ таолонинг ўзига боғлашлигидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бунинг баёнини қилгандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Рўзанинг бу сифатга эга бўлишининг икки маъноси бордир:

  1. Рўза ички амал ҳисобланади
  2. Рўза тутмоқ шайтонга қаҳр қилишдир.

Шаҳват емоқ ичмоқ ила қувватланади. Шаҳвати кучли бўлган инсонга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса, шайтон яқинлаша олмайди.

Уламолар наздида рўзанинг даражаси учтадир:

Биринчи даража – омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат.

Иккинчи даража – хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборат.

Учинчи даража – хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда қалбни ёмон нарсалардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳдан бошқа нарсалардан тийишдан иборат.

Тошкент Ислом институти талабаси

Мамадазизов Жалолиддин

39130cookie-checkРўза руҳий покловчи ибодат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: