Кишилик жамиятида инсон психологияси, унинг руҳий камолоти ҳақида қадимдан турли қарашлар мавжуд. Бу мавзу бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Муқаддас динимиз Исломда бу соҳага ҳам алоҳида эътибор берилган ва энг тўғри қарашлар кўрсатилган. Бу борада айниқса нақшбандия тариқатининг тутган ўрни беқиёс. Уларни ўрганиб, халқимиз эътиборига ҳавола қилиш, ўсиб келаётган авлодни шу таълимотлар асосида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб масалаларидандир.
Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқ.
Истиқлол миллий ва диний қадриятларимиз тикланишига кенг имкониятлар яратди. Дин миллий маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қилувчи мезонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу диний ва дунёвий илмлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтириб бериш, динлар ҳақидаги мантиқий асосланган билимларни шакллантириш ва дунёвийлик тушунчасини чуқурлаштириб боришни тақозо этади. Тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашларининг асл моҳияти ва аҳамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “… дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб бериш осон бўлмайди”.
Тарихдан маълумки, эзгуликка хизмат қилувчи аксарият таълимотларда комил инсон масаласи, айниқса ёшлар тарбияси муҳим ҳисобланиб келинган. Жамият, юрт келажагини таъминловчи ушбу омилга ҳар бир соҳада, жабҳада зарурат ҳисси сезилиб келинган. Шунинг учун ҳам турли қарашларда тарбия ва маънавий камолотнинг турлича мазмун ва усуллари турли омилларга кўра ҳар хил ишлаб чиқилган. Шундай бўлса-да, комил инсон, комил шахс ғояси ҳар бир таълимот ёки тафаккур тарзининг асосий муаммолари қаторидан четда қолиб кетмаган. Қадимги динлар, ижтимоий-фалсафий таълимотлар, мутафаккирлар, жумладан Ҳаким ат-Термизий ҳам бу хусусида ўзига хос, маънавий-ахлоқий, руҳий ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратиб фикрларни ўртага ташлаганлар.
У киши Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида комил инсон тарбиясининг ўзига хос методларини ишлаб чиқдилар. Ҳар бир мадраса ёки бошқа таълим давралари бўлсин, уларда таълим жараёни билан бирга мусулмон одоби ва хулқи, руҳий тарбия фарзандларга ўргатиб келинган. Ҳар бир мусулмон жамиятида, махсус тасаввуф ҳалқаларида шогирдлар, фарзандлар тарбиясига қаттиқ эътибор берилиб, буни муршид, ота-она ўз олдидаги вазифаси деб ҳисоблаган ва бу анъанага айланиб қолган.
Ислом ахлоқи, тасаввуф тарбияси бутун мусулмон уламолари қаторида юртимизда этишиб чиққан Ҳамадоний, Ғиждувоний, Яссавий, Боҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Навоий ва шу каби юзлаб уламолар асарларида ҳам кўрсатиб, шарҳлаб берди. Уларнинг тарбиявий йўли шарқона мусулмон тарбиясининг ўзагини ташкил қилиб, халқимиз ҳаёти ва турмуш тарзининг маънавий асоси бўлиб хизмат қилди. Уламолар илм хусусида айтган ислом ёмғири гарчи илк бор Арабистон тупроғида ёққан бўлсада шаррос ва қисқа бўлди, аммо бизнинг тупроғимизга майдалаб ва узоқ вақт ёғди деган ташбеҳларини руҳий тарбия, ахлоқий амалиёт хусусида ҳам қўллаш айни ҳақиқат бўлади. Негаки, ҳақиқий исломий тарбия, ҳатто оддийгина элементар одоблар ҳам биз туронликлар ҳаётида сақланиб қолди. Оддийгина ўрнидан туриб ўзидан каттага жой бермаган ўспирин бизнинг наздимизда қандай ҳам сурбетлик билан тарбиясизликнинг хунук кўринишини намоён қилади. Агар сиз ўша ўспиринни койиб дашном берсангиз, бу ҳолат тарбиянинг нуқсонлигидан эканлигини айтсангиз, сизга атрофдагилар раҳмат айтишади.
Узоқ минг йиллар мобайнида тасаввуф тарбияси, одоблари шунчалик қон-қонимизга сингиб кетдики, энди бу миллатнинг ажралмас маънавий мероси, қадриятига айланиб қолди. Ислом, тасаввуф кўрсатган диёнат, иймон-эътиқод, ибодат, фатонат, назофат, ватанни, халқни севиш, динга улусга хизмат қилиш ва шу каби улуғ инсоний қадрият ва фазилатлар миллий тарбиянинг асосий мезони бўлиб қолди.
Минг таассуфлар бўлсинки, 130 йиллик истибдод ва тоталитар тузум бизни мана шундай улуғ маънавий мерос-исломий тарбиядан маҳрум қилди. Бу ҳам этмаганидек авлодларимиз диннинг душманлари қилиб тарбияланди, ҳақиқий маънавият, ҳақиқий ахлоқ ва тарбия йўқ қилишга уринилди. Минглаб тарбия масканлари масжид ва мадрасалар ёпиб қўйилди, улуғ мураббийларимиз қатағон қилинди. Бу халқимиз учун балолар бўлиши билан бирга зўр синов даври ҳам бўлди. Аммо халқ нақлларида айтилганидек оққан дарё оқмай қолмас экан.
Тошкент Ислом институти талабаси
Мамадазизов Жалолиддин