islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Саодатга етакловчи ишонч

Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди.

Сўфи Оллоёр ҳазратлари:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдир!

деб ақидага аниқ ва тўғри баҳо берганлар.

Шу сабабли ҳам жанобимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғрилашга бағишладилар. Чунки ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, тавхид, дунё ва охират тўғрисидаги исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах,фаришталар,илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашгачгина пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган. Аллоҳ таоло ўз каломида шундай деб марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқув билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!”

Пайғамбаримизга замондош бўлиш шарафига муяссар бўлган саҳоба икромлар илоҳий қонун ҳисобланган Қуръони каримнинг йўл-йўриқларига оғишмай амал қилиб икки дунё саодатига, Аллоҳнинг розилигига эришдилар.

Ўтмишдан маълумки, ислом дини Шарқ ўлкаларида тарқалиб Ўрта Осиё халқларининг асосий динига айланганидан кейин, Мовароуннаҳр ҳудуди ислом таълимоти тарқалиши ва шариат илмлари, айниқса, фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, шунингдек, араб тили ва унга тегишли фанлар ривожининг марказига айланди.

Лекин, халқимиз собиқ тузим пайтида диний таъзиққа учради ва ҳатто, ғарбона ҳаёт тарзи ёшлар онгини бир мунча заҳарлаб ҳам қўйди. Аммо, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг мана сал кам 26 йил мобайнида умуман дин, хусусан ислом динини асл манбалари асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратилди. Шу маънода ҳозирги пайтда барча илмлар қатори ақоид масалаларига ҳам катта эътибор қаратилиб, бир қатор ақоид илми борасида ёзилган асарлар устида тадқиқотлар, илмий баҳслар олиб борилмоқда ва илмий мақолалар, рисолалар чоп этилмоқда.

Албатта, бундай иш-иложлар ўз самарасини бермай қўймайди. Муқаддас динимиз руҳияти, баракаси яна қайтмоқда. Зеро, биз Имом Бухорий, Термизий, Матуридий ва Насафийларни тарбиялаган халқ фарзандларимиз.

Тошкент ислом институти битирувчиси

Низаматдинов Есенгелди

39180cookie-checkСаодатга етакловчи ишонч

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: