Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўқув ва амалиёт боғлиқлигини таъминлаш мақсадида “2+1” форматда таълим олаётган эдилар. 2023 йилнинг 10 апрелидан бошлаб жорий этилган мазкур таълим шакли 3 ой муддат оралиғида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан, «Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудудий тарғибот гуруҳлари»га бириктирилган талабалар ҳамда амалиётга масуъллар иштирокида онлайн-оффлайн йиғилиш ўтказилди.
Қилинган ишларнинг дебоча сарҳисоби, амалиёт натижаларининг таҳлилини ўз ичига олган мажлисда таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда тарғибот гуруҳларига бириктирилган ўқитувчи ва талабалар «Zoom» дастури орқали қатнашдилар.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, ДИҚ бўлим мутахассиси Элёр Алимқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Ғафуров йиғилишда иштирок этдилар.
Тошкент ислом институти Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон домла Бухарбоев, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов ҳамда тарғибот гуруҳига бириктирилган ўқитувчи ва талабалар ҳам онлайн шаклда йиғилишда кўрилган масалаларни тингладилар.
Йиғилишда, тарғиботчи-амалиётчи талабаларнинг маҳаллаларда ташкил этган илмий-маърифий тадбир ва суҳбатлари, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига кўрсатган ёрдамлари, нотўғри йўлларга кириб қолган инсонлар билан ишлагани ҳамда белгиланган давр оралиғида амалга оширилган ишлар таҳилили ва амалиёт натижалари тўғрисида маърузачилар рақамлар асосида йиғилганларга маълумот бердилар.
Жорий йилнинг 17 феврал куни Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида ўқитувчи ва талабалар билан учрашганда “2+1” форматидаги таълим шакли, диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, илмни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирган эдилар.
Мажлис сўнгида масъуллар навбатда қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича келишиб, ўқитувчи ва талабаларга зарур тавсия ва кўрсатмалар бердилар.
ТИИ Матбуот хизмати