islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

2023 ўқув йилидан Ал-Азҳар университетида Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирини ўқитиш бошланади

Имом Абу Мансур Мотуридий ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган шайхулислом, улуғ уламолардан бири ҳисобланади. У Қуръон ва суннат ақидасини қарор топтириш, ақлга мурожаат қилган ҳолда бу икки манбадан далил олиш йўлида ўз мактабига асос солган. У саҳобаи киромлар тутган “сироти мустақим” – тўғри йўлдан четга чиққан, адашган ақида соҳиблари билан баҳслашишда улкан матонат кўрсатган. Натижада, “Аҳли сунна вал жамоа имоми”, “Ҳидоят байроғи” сингари ўзининг илмий даражасига далолат қилувчи кўплаб унвонларга сазовар бўлган.

Имом Мотуридий тафсир, Қуръон илмлари, ақида, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ йўналишларида кўплаб асарлар битган. Афсуски, унинг асарларидан жуда кам қисми бизгача етиб келган. У ўзининг “Китоб ат-Тавҳид” асарида ақлга мурожаат қилган ҳолда Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён қилиб, мушаббиҳа, хавориж, мўтазила, илҳодия, санавия ва бошқа адашган фирқаларнинг фикрларига қарши раддия берган. Унинг “Таъвилот ал-Қуръон” китоби эса муҳташам асардир. У аслида тафсир китоби ҳисобланса-да, лекин Қуръон ислом илмларининг барчасини қамраб олади. Шунга кўра, мазкур китобда Имом Мотуридий барча илмлардаги маҳорати юзага чиққан. Асарда Имом Мотуридийнинг Қуръон тили бўлган ва Қуръонни усиз англаб бўлмайдиган араб тилидан чуқур хабардорлиги кўзга ташланиб, унинг наҳв, сарф ва луғат илмларидаги маҳорати намоён бўлган. Шу билан бирга, асарда Имом Мотуридийнинг ҳанафий мазҳаби етук намояндалари томонидан тасдиқланган фиқҳ ва усул илмларидаги маҳорати акс этган. У асарида ўзининг фиқҳий қарашларини баён қилган ҳамда Қуръон ва ҳадисдан далиллар келтириб, ҳанафий мазҳабининг тўғрилигини далиллашга уринган. Шунингдек, Имом Мотуридий тафсирида кўплаб ҳадислар, саҳоба, тобеин ва таба тобеин қавллари ҳам учрайди. Асарда Имом Мотуридийнинг қарашлари, ижтиҳодлари, юксак истинботлари ва аввалги муфассирларнинг фикрлари барчаси бирлашиб, у муҳташам тафсир китобига айланган. Имом Мотуридий ушбу китобида усулда Аҳли сунна, фуруъда ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилган. “Таъвилот ал-Қуръон” ислом илмларини ўрганишда толиби илм ҳам, олим ҳам эҳтиёж сезадиган муҳим манбадир.

Ушбу тафсир китоби ислом илмларида қимматли манба экани ҳамда бугунги фитналар ва экстремистик жамоалар кўпайган даврда Аҳли сунна мазҳабини ҳимоя қилишдаги ўрнидан келиб чиққан ҳолда Ал-Азҳар университети жорий ўқув йили – 2023 йил сентябрдан бошлаб Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини дарслик сифатида ўқитишга қарор қилди. Яъни энди Ал-Азҳар университетининг “Усул ад-дин” факультети талабалари мазкур тафсирнинг маълум қисми ёки баъзи сураларини ўқишади. Таъкидлаш лозимки, Миср Араб Республикасида жами 8 та “Усул ад-дин” факультети мавжуд бўлиб, улардаги талабалар сони 10 мингга етади. Хусусан, пойтахт Қоҳира шаҳрида, Мансура, Искандария, Зағозиқ ва бошқа шаҳарларда факультет филиаллари фаолият кўрсатади.

“Усул ад-дин” факультетида бир қанча кафедралар, жумладан, тафсир ва Қуръон илмлари, ҳадис ва ҳадис илмлари, ақида ва фалсафа кафедралари мавжуд. Бу қарор эса тафсир кафедраси томонидан қабул қилинган қарор бўлиб, у тафсир кафедраси талабалари учун амал қилади.

Ақида кафедрасига тўхталадиган бўлсак, бу кафедрада мотуридийлик ақидасини ўрганиш ҳали ҳам давом этмоқда, бу борадаги фаолиятлар тўхтаб қолмаган. Чунки Имом Мотуридий Имом Ашъарий билан биргаликда Аҳли сунна вал жамоанинг икки қаноти ҳисобланади. Ал-Азҳар университети Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашувчи энг йирик исломий университет бўлгани учун, ақида кафедраларида Имом Мотуридий ва мотуридийлик бўйича қилинаётган кўплаб илмий иш ва тадқиқотларга қўшимча равишда мотуридийлик мазҳабини кенг кўламда ўрганиш табиий ҳол саналади.

Ушбу қарорнинг янгилик жиҳати Имом Мотуридий тафсирига бўлган эътиборнинг янада кучайганидир. Бу, авваллари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига эътибор қаратилмасди, деган маънони билдирмайди. Ушбу сатрларни қоралаётган камина 2007 йилда докторлик даражасини олиш учун “Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг “Таъвилот” тафсиридаги услуби” деган мавзуда иш бошлаган эдим. Илмий ишим 2015 йилда муҳокамага қўйилди. Демоқчиманки, Ал-Азҳар олимлари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти билан узоқ вақтдан бери таниш ҳисобланадилар. Қабул қилинган янги қарор эса, Имом Мотуридийнинг Қуръон тафсирига оид изланишларига қаратилган эътибор яна ҳам кучайганини кўрсатади.

Ал-Азҳар университети “Усул ад-дин” факультетлари тафсир кафедралари мудирларига юборилган қарор матнида қуйидаги жумлалар акс этган: “Тафсир ва Қуръон илмлари кафедрасининг Туросий китоблар қўмитаси вакиллик қоидаларига мувофиқ сизнинг кафедрангизни “таҳлилий тафсир – тўртинчи бўлим” предмети бўйича таълиқ тайёрлашга номзод қилиб кўрсатди. Бу сизнинг кафедрангиз аъзоларига ушбу предметга таълиқ ёзиш ва уни бир ой ичида тайёрлашни белгилаш ва юклаш орқали амалга оширилади. Мактубга Имом Мотуридийнинг белгиланган китоби (Таъвилот ал-Қуръон), китобнинг муфрадоти ва таълиқ қоидалари илова қилинган”.

Мактуб матнидан яққол кўриниб турибдики, талабалар дарс қилиб ўқийдиган китобни тайёрловчи устозлар танланган китоб, яъни Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон”идан четга чиқмасликлари лозим. Бунга ўхшаш масалаларда профессор-ўқитувчилар томонидан китобга талабаларнинг ҳолатига мос тарзда таълиқ ёзиш одат ҳисобланади. Талаба Имом Мотуридийнинг тафсири матнини устознинг талқини асосида ўрганади ва унинг остида талабаларга Мотуридий ибораларини тушунишни осонлаштириш мақсадида ўқув предметини тайёрлаган устознинг изоҳлари келтирилган бўлади. Шунинг учун, изоҳларда танланган китоб чегарасидан четга чиқмаслик ҳақида алоҳида кўрсатма берилган.

Хулоса ўлароқ айтиш мумкинки, қабул қилинган қарор энг қадимий ислом таълим даргоҳи бўлмиш Ал-Азҳар университети тарафидан мотуридийлик таълимотига бўлган бўлган қизиқишнинг улкан нишонаси ҳамда ислом илмларида мотуридийлик мактаби мавқеининг эътирофи саналади.

Аҳмад Саъд Даманҳурий

404740cookie-check2023 ўқув йилидан Ал-Азҳар университетида Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирини ўқитиш бошланади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: