“Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир”
Ш.Мирзиёев
Ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Илк «Ўқи» амри билан бошланган Қуръон, билгувчилар ва билмайдиганларни бир эмасликларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларининг даражаларини юксалишининг хабарини беришади.
Инсон билими билан қадрланади. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган сир илм эди. Қуръонда ўқиш ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳнинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда кучли шаклда ифодалайди.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёнларидаги Ҳилол исмли кишидан: «Қаламинг борми?» — деб сўрадилар. Йўқ жавобини эшитгач: «Қаламсиз юрма, эй Ҳилол. Чунки, эзгулик ундадир. Қиёматгача унга содиқ бўлганлар чиқади. Инсонлар қалам ила юксаладилар. Олим қўлидаги қаламнинг сиёҳи шаҳиднинг қони билан тенгдир».
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.
Таълим-тарбия ҳақида сўз кетганда, Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир», деган чуқур маъноли фикри ёдимизга тушаверади. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўпроқ долзарб аҳамиятга эга.
Фаробийнинг таълим-тарбия йўллари, усуллари, воситалари ҳақидаги қарашлари ҳам қимматлидир. У «Инсонда гўзал фазилатлар икки йўл — таълим ва тарбия йўли билан ҳосил қилинади. Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса, амалий иш, тажриба билан, яъни шу халқ, шу миллатнинг амалий малакаларидан иборат бўлган иш-ҳаракат, касб-ҳунарга берилган бўлиши, ўрганишидир», дея таъкидлайди. Олим, ўз навбатида, таълимда барча фанларнинг назарий асослари ўрганилса, тарбияда маънавий-ахлоқий қоидалар, одоб меъёрлари ўрганилади, касб-ҳунарга оид малакалар ҳосил қилинади, деб уқтиради. Шунинг учун ушбу ғоялардан жамиятнинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашда, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Али розияллоҳу анҳу яна айтадилар: «Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳирдан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради». Сўнг Али розияллоҳу анҳу қуйидаги шеърни ўқидилар:
Илм аҳли шарафли, ҳидоят истаганларга йўл кўрсатгай,
Ҳар кишининг қадри, билки, қилган иши-ла ўлчангай.
Жоҳил – олим душмани, лек канда қилма илм излашни,
Илм бирла умр боқий, илмсизлар ҳаётдан эрта кетгай.
Машҳур Имом Аъзамнинг яқин шогирди Имоми Муҳаммаднинг илмга шу қадар баланд эдики, ўзини қўярга жой топа олмас эди. «Эй подшоҳ ва вазир фарзандлари! Келинг, сиз ҳам жаннат лаззатини тотиб кўринг!» — дер эди. Вафотидан кейин уни тушида кўрган бир дўсти ундан сўради: «Қандай жон бердинг?», «Илмий бир масала бипан шуғулланаётган эдим, жонимни қандай чиққанини сезмай қолдим».
Бугунги шиддатли замон барча соҳалар қаторида таълим-тарбия тизимини ривожлантириш бўйича ҳам олдимизга ғоят муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда. Чунки тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Хар бир ота-она ўз фарзандини дунёдаги энг толеи баланд маърифатли ва саодатли бўлишини истайди ва бунга эришиш йўлида ҳаракат қилмоқда.
Шундай экан, ота оналар маҳалла билан ҳамкорликда болалар тарбиясига ҳеч қачон бефарқ бўлмайлик. Фарзандларимиз таълим- тарбиясига бўлган эътиборни ўзлигимиз ва келажакка бўлган эътибор деб билиб, ёш авлодга ғамхўрлик кўрсатиш , соғлом ўсиши, тўғри тарбия ҳамда таълим олишини таъминлаш барчамизнинг бурчимиз эканлигини ҳеч қачон унутмайлик. Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, оиласи, она тилига, миллати, дини ва анъаналарига содиқ бўлиб камол топишсин.
Одилжон Нарзуллаев,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Янгийўл тумани “Қирсадақ” жоме масжиди
имом хатиби