Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.
Республика олий таълим муассасаларида узоқ йиллар фаолият юритган устоз, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Абдумалик домла Эгамов Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.
Абдумалик Эгамовнинг сермаҳсул фаолиятини қадрлаш ва табаррук ёшдаги меҳнатини эътироф этиш мақсадида Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган ректор Уйғун домла Ғафуров, А.Эгамовнинг таълим соҳасидаги билими, қатъий меҳнат интизомига эга намунали ходим сифатида қадрланишини таъкидлади. 50 ёшни қаршилаётган домлага касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, Тошкент ислом институти жамоаси номидан табрикнома ҳамда эсдалик совға топширди.
“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака-маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.
Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл-юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.
Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.
Биз Сизда ана шундай одамийлик, олижаноблик, сахийлик, тўғрисўзлик фазилатларини кўрамиз ва Сизни намунали оила бошлиғи, азиз фарзандларингизнинг меҳрибон отаси деб биламиз.
Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин”, дейилади табрик матнида.
Тадбир сўнгида, Абдумалик Эгамов ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи устозлар ва ходимлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
ТИИ Матбуот хизмати