islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

САҲАРЛИК ВА ИФТОР ОРТИДАГИ КЎРИНМАС ҚАҲРАМОНЛАР

Рамазон – нафақат сабр ва ибодат, балки яқинларимизга бўлган меҳримизни кўрсатадиган энг хайрли ва баракали ойдир. Бу муборак даврда ҳар бир мўмин дуо ва зикр билан руҳини поклашга интилади. Аммо Рамазоннинг файзи фақат масжидлардаги таровеҳларда эмас, балки ҳар бир хонадоннинг кўрки бўлган саҳарлик ва ифторлик дастурхонларида ҳам яққол сезилади. Кўпчилигимиз учун Рамазон – ширин таомлар атрофидаги оилавий суҳбатлар демакдир. Лекин ана шу файзли давралар ортида кўзга ташланмас беминнат меҳнат борлигини гоҳида унутиб қўямиз.

Саҳарликка ҳаммадан аввал уйғониб, уйқусини қурбон қилган оналаримиз, кун бўйи рўзадор ҳолда иссиқ ошхонада елиб-югурган аёлларимиз ва опа-сингилларимиз – аслида бу ойнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Улар бу ишни шунчаки рўзғор юмуши деб биларлар, балки. Аммо бу меҳнат замирида оилага бўлган юксак муҳаббат ва Аллоҳнинг розилигини исташдек буюк мақсад яширин. Уламоларимиз таъкидлаганидек, «Аёл кишининг ўз оиласи учун таом тайёрлаши – нафл ибодатдан кўра афзалроқдир». Зеро, нафл ибодатнинг фойдаси инсоннинг фақат ўзига бўлса, оиласи учун хизмат қилишнинг хайри бошқаларга ҳам етади.

Пайғамбаримиз ﷺ: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам худди рўзадорнинг савобидек ажр берилади», – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Тасаввур қилинг, уй бекаларимиз нафақат ўз рўзалари, балки бутун оила аъзоларининг ибодатлари учун ҳам баравар савоб олишмоқда. Сабзавот тўғрашдан тортиб, қозон бошидаги ҳароратга чидашгача бўлган ҳар бир сония улар учун ибодат сифатида ёзилмоқда. Имом Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» асарида гўзал бир қоидани келтиради: «Мўминнинг ҳожатини раво қилиш ва унинг қалбига шодлик киритиш – Аллоҳ таолога яқин қилувчи энг улуғ йўллардан биридир».

Рўзадор яқинларининг кўнглини олиш ва ифтор вақтида уларга хизмат қилиб, дилларини хушнуд этиш аслида аёлларнинг қўлидаги савоб калитидир. Расулуллоҳ ﷺ саҳарликда барака борлигини таъкидлаганлар. Аёлларимиз ўша баракадан баҳраманд бўлишимиз учун ярим тунда уйқудан кечадилар. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда саҳарлик ва ифторликда ейилган таом учун банда ҳисоб-китоб қилинмаслиги айтилган бўлиб, бунда дастурхон ҳозирлаган аёлларнинг ҳам улкан ҳиссаси бор.

Албатта, кун бўйи рўза тутиб, яна оила хизматида камарбаста бўлиш чарчоқ келтиради. Аммо Қуръони каримда айтилганидек: «Ким заррача яхшилик қилса, уни кўради» (Залзала сураси, 7-оят). Улуғ тобеъинлардан бири Саид ибн Мусайяб бундай деган экан: «Аёл кишининг уй ишларидаги ҳар бир ҳаракати ва оила ташвишидаги сабри учун Аллоҳ таоло уни юксак даражаларга кўтаришидан умидворман». Зеро, Аллоҳ таоло аёлларимизнинг ҳар бир қадамини, ҳар бир табассуми ва чарчоғини бесамар қолдирмайди.

Рамазон – шукр ойи. Шундай экан, дастурхон атрофида ўтирганда биз учун тиним билмаган аёлларимизга бир оғиз ширин сўз айтиш, миннатдорчилик билдириш ва имкон қадар уларга кўмакдош бўлиш – мусулмонлик ва мардлик вазифамиздир. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ айтганларидек: «Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди» (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло хонадонларимиз бекаларини, меҳрибон онажонларимизни Ўз паноҳида асрасин. Қилган хизматларини улкан ажрлар билан мукофотлаб, Рамазон ойини ҳаммамиз учун хайрли ва баракали қилсин!

Жаъфархон СУФИЕВ,

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

462170cookie-checkСАҲАРЛИК ВА ИФТОР ОРТИДАГИ КЎРИНМАС ҚАҲРАМОНЛАР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: