islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Расулуллоҳга мактуб

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Ассалому алайкум, Я саййидал мурсалин!

Маҳлуқотлар ичида сизни танлаб, сизни саййидлик тожи билан шарафлаган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беҳисоб ҳамду-санолар бўлсин. Эй, оламларга раҳмат қилиб юборилган Саййидим, сизга борим фидо бўлсин!

Алҳамдулиллаҳ, бугун Роббим Ҳақ таоло мени сиз жанобимга мактуб ёзишга қодир қилди. Я Расулуллоҳ, сийрат китобларида сизнинг гўзал, такрорланмас сиймойингизни таниб боряпман, сизни таниб борганим сари қалбимдаги соғинч ўти ёняпти. Я Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни оламларга раҳмат қилиб юборди, сиз муҳтарам зот сабабли бутун борлиқни йўқдан бор қилди. Сиз саллоллоҳу алайҳи васалламни жамики инсонга шафоатчи қилди. Оддий банда тугул бошқа пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам сиз Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлишни орзу қилдилар. Эй сарвари коинот, Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, биз сизга уммат бўлишдек шарафга эришдик.

Саййидим сизнинг гўзал сиймойингизни кўзларимни юмиб тасаввур этишга ҳаракат қиламан. Аллоҳ таолодан сизни тушларимда кўришликни ўтиниб сўрайман. Я Расулуллоҳ ота-онам сизга фидо бўлсин! Тушларимда муборак юзингизни бир бор кўришликни оламларга алишмайман! Баъзан тафаккур қиламан, сизнинг Макка фатҳидаги хурсандчилигингиздан қувонаман, мушриклардан тортган азобларингизни эслаб қалбим доғ бўлади. Эй саййидим, ўша кунлар мен ҳам асҳобларингиз қатори ёнингизда бўлсам. Ўз қариндошларингиз, амакиларингиз сизни яккалашганида мен сиз билан бўлсам.

Уларни тўплаб ҳидоят нури билан нурлантиришга ҳаракат қилдингиз. Қариндошларингизга қараб нималар дедингиз-а? Муборак оғзингиздан чиқаётган сўзлар қулоғим остида жаранглайди: «Алҳамдулиллаҳ, Унга ҳамд айтаман, Ундан мадад тилайман, Унга имон келтириб, Унга таваккул қиламан, гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиз ва шериксиздир. Сиз сўзларингизни шундай давом эттирардингиз. Йўлбошчи ўз аҳлига ёлғон гапирмайди. Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, мен сизларга хос, одамларга эса умумий суратдаги Аллоҳнинг Пайғамбариман. Аллоҳга қасамки, ухлаганингиз каби жон таслим этасизлар, уйғонганигиз каби қайта тириласизлар ва қилган амалларингизга қараб ҳисобга тортиласизлар. Албатта, унинг натижаси абадий жаннат ёки дўзах бўлади».

Сўзларингизни тугатар экансиз, фақатгина Абу Толиб сизга хайриҳоҳлик билдирди. Қолганлари эса ғофиллик билан залолатга кетдилар. Саййидим, сиз қанчалар буюк матонат соҳибисиз-а? Абу Жаҳлларнинг, Валид ибн Муғийраларнинг ситамларига мустаҳкам ирода кўрсатдингиз. Умматга энг буюк ўрнак сиз ўзингизсиз, Я Расулуллоҳ!

Мушриклар сизга нималарни ваъда қилишмади? Сиз эса уларга парво ҳам қилмадингиз, уларга қараб: “Аллоҳга қасамки, «шу ишни тарк қил» –деб, ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни қўйсалар ҳам, Аллоҳ шу динни ғолиб этгунинга қадар, ёки шу йўлда ҳалок бўлгунимгача, бу йўлни тарк этмасман”. Нақадар буюк сўзлар. Амакингиз Абу Толибдан ажралиб каъба олдида маҳзун юрганингизда ёнингизда бўлсам эди, Я Расулуллоҳ!

Тоиф сафари. Бу сафар уматингизни ларзага солади. Саййидим , бу қавмга ҳам яхшиликни хоҳладингиз, аммо бу ғофиллар сизни тошбўрон қилишди. Ҳабибим, муборак оёқларинигиздан оқаётган қонни – кўз ёшларим билан артсам бўлмасмиди?! Эй сарвари коинот ўша дамдаги сизнинг буюк Роббингизга қилган муножотинингиз бизни тўлқинлантиради.

«Эй Парвардигорим, дея Ҳақ субҳанаҳу ва таолога мурожаат қилдингиз. Ўзингга қувватим заифлигидан, хийлам озлигидан, одамлар орасида ожизлигимдан шикоят қиламан! Эй Раҳмлиларнинг Раҳмлиси,сен мени яратган Роббимсан, мени кимларга ташлаб қўйдинг! Мени танимайдиган нотанишларгами?! Ёки душманимгами?! Агар менга ғазаб қиламаган бўлсанг , буларга эътибор қилмайман, бу қийинчликларинг менга писанд эмас. Токи рози бўлгунингча узр. Фақат Аллоҳдагина имкон ва қудрат бордир». Бу сўзларни эшитган сизнинг энг катта душманларингиздан бўлган Утба ва Шайба ибн Робиаларнинг ҳам қалблари юмшади. Мушрикларнинг тош қалбларини юмшатган ушбу сўзлар, бизларни йиғлатмасми?! Я Расулуллоҳ!

Зеро, Аллоҳнинг фариштаси ўша пайтда, аҳли Тоифни икки тоғ билан йўқ қилишга тайёр эди, лекин сиз буни хоҳламадинигиз, аксинча «Аллоҳим, бу қавмни ҳидоят эт, улар ҳозир нима қилаётганларини билмаяптилар, уларнинг ораларидан ёлғиз Ўзингга ибодат қиладинларни чиқар», дея Аллоҳга дуо қилдингиз.

Мусулмон мусулмонга раҳм қилмаётган ушбу даврда, бу ишингиз биз умматингиз учун ўрнак эмасми?! Я Расулуллоҳ! Азамати буюк Аллоҳдан сиз Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам биз гуноҳкор умматни шафоат қилишингизни сўраймиз.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллои ва барокатуҳу!

Тошкент ислом институти талабаси

Зуҳробиддин Олимов

Манба

57060cookie-checkРасулуллоҳга мактуб
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!