islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

КОНСТИТУЦИЯ – ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Мамлакатимизда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш анъанага айланган. Бугун Ўзбекистон бош Қомуси қабул қилинганига 26 йил тўлди. Яратувчан ва бунёдкор халқимиз байрамни тинч ва фаровон юртда муносиб қаршиламоқда.

Асосий қонун 1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилинган эди. Конституция билан давлат ва жамият ривожланишининг демократик тамойиллари белгилаб қўйилган. Бош Қомусимиз халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз қабул қилингандан буён ўтган 26 йил Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган устувор тамойилларнинг нақадар тўғри эканлигини амалда исботлади. Айтиш жоиз-ки, инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб белгиланган Конституциямизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган.

Бугун келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда Конституция тамойиллари асосида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллаши каби мақсадлар мужассам.

Асосий Қонунимиз берган ҳуқуқий асослар натижасида яратилган кенг имкониятлар мамлакатимиздаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам бу борадаги ишлар салмоқли бўлди. Аҳолимиз учун янги барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, ранг-баранг ўзгарувчи фавворалар киши руҳиятига тетиклик, байрамона кайфият олиб киради. Республикамиз бўйлаб яна кўплаб бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Юқорида қайд этган барча юксалишлар замирида мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти жамоаси номидан давлатимизнинг асоси, фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинлиги кафолати бўлган – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги билан самимий қутлаймиз.

Юртимиз осойишталиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва аҳиллигини Аллоҳ таоло бардавом ва зиёда қилишида ҳисса қўшиш барчамизга насиб этсин. Қутлуғ байрам ҳар бир оилага, хонадонга чексиз қувонч, тўкинлик, тинчлик ва тотувлик олиб келсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Маънавият, маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими

бошлиғи Ў.Собиров

58510cookie-checkКОНСТИТУЦИЯ – ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: