islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ваъдага вафо қилиш одоби

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири аҳдга вафодорликдир. Ваъдага вафодорлик инсон қадрини оширади, жамиятда обрў эътиборга эга қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا 

…Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни)сўраладиган ишдир. (Исро сураси, 34-оят)

Яна, Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 91-оятида

“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг” дея марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан илгари ва пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ваъдаларига содиқ турганликлари учун “Содиқул ваъда” деб ном олганлар.

Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсо розияллоҳу анҳудан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан аввал у зотдан бир нарса сотиб олдим. У кишининг бир оз пуллари менда қолди. Эртага шу ерга келиб қолганини бераман деб ваъда бердим. Эртасига келишим лозимлгини унитиб, уч кундан кейин келсам, пайғамбаримиз мени ўша ваъдалашилган жойда кутиб турган эканлар. Эй, бола! Уч кундан бери мени машаққатга қўйдинг. Мен сени уч кундан бери интизор бўлиб пойлаб турибман дедилар.” (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча аҳдларига риоя қилиб,  бу вожибни ўзларига лозим тутдилар.

У зотнинг ўзлари Мадинага борган вақтларида яҳудийлар билан тузган келишувларига, шунингдек Ҳудайбиядаги сулҳга амал қилганлар.  Аҳдни бузиш ҳаром ишлардан саналади. Бирор бир мўмин юқоридаги оятдан ва қуйида келадиган ҳадисдан хулоса қилган ҳолда ваъдасини бузмаслиги лозим.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қарата “Агар Баҳрайннинг моллари келса сенга шунча, шунча, шунча бераман дедилар. Баҳрайн моллари Абу Бакр халифалик даврида келди. Шунда Абу Бакр “Кимга Расулуллоҳ ваъда берган бўлса ёки Расулуллоҳнинг қарзлари бўлса келсин” деди. Шунда мен бордим ва Расулуллоҳ менга Баҳрайн моллари келса шунча бераман деган эдилар дедим. Абу Бакр уни ол, дедилар. Мен олдим. Санасам беш юз дирҳам экан шунда Абу Бакр “икки баробар ол” дедилар ”.

Аллоҳ таоло ваъадага вафодорликни аввалги туширган динларида ҳам буюргандир. Бунга Қуръони каримда бир неча оятлар бор. Марям сурасининг 54-оятида:

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّا 

(Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва расул эди.

Ибн Жарир Табарий шундай ривоят қилади:

“Исмоил алайҳиссалом бир киши билан маълум бир жойда учрашишга ваъдалашдилар. Исмоил алайҳиссалом айтилган пайтда ваъдалашилган жойга келдилар. Бироқ ваъда берган киши келишни унутиб қўйган эди. Исмоил алайҳиссалом кеч бўлгунча ўша жойда кутиб ўтирдилар ва кечаси тунаб қолдилар. Эртасига у киши келиб: “Мени кечиринг! келиш ёдимдан кўтарилибди. Сиз кечадан бери шу ердамисиз? Кечаси шу ерда тунаб қолдингизми?” деб сўради. Исмоил алайҳиссалом ваъдалари вафо қилиб, шу ердан кетмасдан ўтирганликларини айтдилар. Шу сабабдан Аллоҳ у зотга “Содиқул ваъда” даражотини берган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Тўрт хислат борки кимда бу хислатлар бўлса у чин мунофиқ бўлади. Агар унда бу хислатларнинг бири бўлса, тоинки уни тарк қилмагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади. Агар омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса хоинлик қилади, агар баҳслашса бузуқлик қилади”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам аҳдига вафодор бўлишга ундаб, аҳдни бузишдан вафосизликдан қайтарганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аҳди йўқ кишининг дини йўқдир”-дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

Демак, ҳар бир инсон жамиятда чиройли ўрнини топмоқчи бўлса, сўзига эътиборли, ваъдасига вафодор бўлмоқлиги лозим экан. Ваъда фақатгина олди-берди масалаларида эмас, балки умумий ҳаётимизнинг барча жабҳаларини ўз ичига олади десак янглишмаймиз. Мисол учун никоҳланувчи эру хотин бир-бирларига аҳду паймон қилиб, бир ёстиққа бош қўйишликларини олайлик. Оилани муқаддас билиб, бир-бирларини ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиб, ўзаро муносабатларида аҳл-иноқ яшамоқликлари лозим бўлади. Ёки хонадонларимизда фойдаланаётган коммунал хизматларни олинг. Ҳар бир ширкат етказиб бермоқчи бўлган махсулотни ўз вақтида сифатли етказиб бўлишини таъминласа, истеъмолчи эса, ўз вақтида пулларини тўлаб боришлари керак бўлди. Бу ва бошқа мисолларимизда ваъда, аҳди паймонларимизга вафодорлик талаб этилади.

Яратган барчаларимизни ўзини тўғри йўлидан адаштирмасин. Жонажон Юртимизни самовий ва арозий балолардан ўзи асраб, шу гўзал Ватан равнақи йўлида фидойи бўлиб яшашни насиб этсин.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси
Жалолиддин Ҳамроқулов

Манба

67740cookie-checkВаъдага вафо қилиш одоби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: