islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ёши улуғ олимнинг ёш олим йигит ҳақидаги эътирофи

Салафи солиҳларимиз ҳикматни қаерда ё кимда кўрса, уни ғанимат билиб оладиган, илмнинг қадрига етадиган ҳимматлик зотлар бўлган экан. Улар ўзларидан ёши кичик олимларга нисбатан адолатсизлик қилишмаган. “Менинг ёшим катта, кеча тухумдан чиққан бу жўжахўроз уч-тўртта китоб ўқиб олиб, ўзича ақлмирзалик қиляпти. Сенда илм бўлса менда тажриба бор”-деб ҳасадгўйлик қилишмаган. Илм кимда бўлса у ёшми ё қарими бунисига аҳамият бермасдан ундан фойдаланиб қолиш пайида бўлганлар.

Аслида ҳақиқий мўмин шундай бўлиши керак. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

الكلمة الحكمة ضالة المؤمن فحيث وجدها فهو أحق بها

Ҳикматли сўз мўминнинг йўқотиб қўйган нарсасидир. Қаерда кўрса уни олишга ҳақдордир(Термизий, Ибн Можа ривояти).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (164-241) раҳимаҳуллоҳни ҳаммамиз кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Шу зот 300 000 (уч юз минг)дан зиёд ҳадисни ёддан билган ҳофиз шу билан бирга ўз даврининг кўзга кўринган олими эдилар. Тўрт фиқҳий мазҳабдан Ҳанбалийлик мазҳабига асос солганлар. Шунга қарамасдан у киши ўз даврида ўзидан анчагина кичик 25 ёшли (ҳанафий мазҳаби олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (131-189) бўлиши мумкин) олимдан ҳам сабоқ олган эканлар ва устозининг уйларида хизматларини қилиб юрар эканлар. Бир куни Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг баъзи яқинлари у кишига эътироз билдирди:

“Ҳазрат, сиз ёшингиз ҳам улуғ, илмингиз ҳам кўп катта олимсиз. Нега ўзингиздан ёши кичик 25 ёшли одамга шогирд бўлиб юрасиз?Унинг олдида қуллуқ қилиб турасиз?”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал жавоб бердилар:

“Тўғри, мен у кишидан кўра кўпроқ ҳадис ёд олганман. Аммо у зот ҳадисларнинг маъносини, фиқҳини мендан яхши тушунади. Агар шу йигит бўлмаганда биз илм-маърифат уйининг ичига кира олмай, эшик олдида қолиб кетган бўлардик. Аллоҳ унга ўзгача иқтидор ато қилган. Ҳадис ва хабарларнинг асл мағзини жуда яхши фаҳмлайди. Шу устозим илм дунёсининг қуёшидир!”.

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби
Авазбек Мўминов

67770cookie-checkЁши улуғ олимнинг ёш олим йигит ҳақидаги эътирофи
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!