Эртага 1 август куни барча таълим муассасаларида бўлгани каби Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам 2017-2018 ўқув йили учун тест синовлари ўтказилади. Бу йилги тест имтиҳонларини ташкил қилиш ва ўтказиш аввалги йиллардагидан кўра ўзгача бўлиши режалаштирилган. 462 нафар абитуриент битта бинода тест имтиҳонларини топшириш учун етарли ўринлар ҳозирланган бўлиб, имтиҳон жараёнлари интернет орқали онлайн узатиб борилади. Бу эса, имтиҳонларнинг ҳаққонийлиги ва шаффофлигини тўла таъминлайди. Шунингдек, олинган билимларни синовдан ўтказиш онларида фарзандига далда бўлиш учун ташриф буюрган ота-оналар ҳамда шу соҳага қизиқувчилар имтиҳон жараёнини исталган жойдан тўғридан-тўғри кузатиб бориб таълим муассасасининг ташкилий жиҳатларига баҳо беришлари мумкин бўлади.
Демак, 1 август куни соат 8:00 дан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг техник жамоаси томонидан узатиладиган тест синовлари жараёнини Facebook ижтимоий тармоғининг https://www.facebook.com/muslimuzportal саҳифасида орқали онлайн кузатиб боришингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтига кириш учун тест имтиҳонлари Ўзбекистон тарихи, Она тили ва адабиёти фанларидан ўтказилади. Кириш имтиҳонларининг дастлабкиси ижодий (оғзаки) шаклида жорий йилнинг 26-27 июль кунлари Чет тили, Маънавият ва маърифат асослари фанларидан бўлиб ўтган эди.
Администратор