islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эски мавзуга янги мулоҳаза

Яқинда бир дугонам билан суҳбатлашиб қолдик. Суҳбат қизиб, гап илмли қиз-йигитларнинг илмсиз бўлганлар билан турмуш қуриши мавзусига кўчди. Шунда у “Ихлосли, Қуръонни, илмни қадрлайдиган инсон, такаббур, илмли бўла туриб, ҳеч кимни писанд этмайдиган олимлардан афзал, уларга турмушга чиқиш яхшироқ эмасмикин”, деб қолди. Очиғи, бу гапдан ғашландим, бироз жаҳлим чиқди.

Кўп гапириб ўтирмадим, фақат “Аллоҳ “Қолаллоҳ”, “Қола Расулуллоҳ” сўзини айттириб қўйганининг ўзиёқ фазилат кимда эканини билдириб турибди-ку?” дедим.

Шу баҳона бўлди-ю, эски хотиралар эшиги очилиб кетди.

Талабалик йилларимизда йигитлар ичида илмлидан кўра ўқимаган қизга уйланиш яхшироқ, деган фикр борлиги ҳақида кўп эшитардим. Аммо, қизларнинг ҳам қори, олимлардан кўра, ўзлари  айтмоқчи, ихлосли авом турмуш ўртоқни афзал кўриш ҳолатига ҳеч дуч келмаган эканман.

Тавба, қаердан чиққан ўзи бу бемаза баҳс, кимлар чиқарган? Йигитлари ўқимаган аёлни истайди, қизлари саводсиз куёвни мақтайди! Ахир бу масала қилиб, гапириб юришга ҳам арзимайдиган гап-ку! Салгина ҳушёр бўлиб кузатилса, мана шу гапларни айтадиганлар аслида илмсиз қиз ва йигит билан турмуш қуриб, олим ва олималар армон бўлиб қолган кишилар эканини кўриш мумкин.

Куёвлар нима десалар, шу тўғри экан-да, деб оғзига термилиб ўтираверадиган, мустақил фикри, қарашлари бўлмайдиган, бутунай ўзига тобе бўлиб қолган  аёлни исташади. Ўзлари каби илм таҳсил қилган қизлар савияси ҳам деярли ўзи билан тенг бўлгани, ҳақ-ноҳаққа ақли етгани учун улардан қочишади. Қизларда ҳам худди шу аҳвол!

Ўрни келганда, анчадан бери ўйлаб юрган гапларимни айтиб олсам…

Кўп ҳолларда олий маълумотли, бирор соҳада мутахассис бўлган қизлар турмушга чиққач, уй ишларига қийналиб, оқсаши бор гап. Ана шу вазиятда оила аъзоларининг уни қўллаб, ёрдам қилиш ўрнига, ўқигунча рўзғор тутишни ўргансанг бўлмайдими, қабилида гапириши ҳаммага маълум. Аммо, унинг айнан ўқимишли қиз экани учун ҳам бошқалардан афзал билиб келин қилишгани хаёлларидан чиқиб кетган бўлади.

Бошқа бир куни эр-хотин орасида гап қочса, эр жаноблари дарров, илмли, зиёли аёл ҳам шунақа бўладими, деб қиз қолиб, унинг илмига маломат тоши отадилар. Уй ишларига нўноқлик қилса, ош-нони ўхшамаса ҳам, келиннинг ўқимишли экани нишонга олиниб, зарба шу томондан берилади. Бу бориб турган майдакашликнинг ўзи аслида.

Ким нима деса десин, илми бор инсон, феъли-хўйи қандай бўлишидан қатъий назар, авомдан минг марта афзал. Аёлнинг илмлилиги, кенг дунёқараши қайсидир бир асосий  бурилиш нуқтасида ўз таъсирини кўрсатади. Ёки аксинча. Аёлнинг ҳам, эркакнинг ҳам барча ишларни аъло даражада бажариши, албатта яхши. Аммо, ҳамма ҳам баробар эмас. Эпчил қизлар рўзғор сирларини ўрганиб юрган бир пайтда, илм  йўлини тутган қизлар бор иқтидори, вақти, қувватини сарфлаб илм таҳсил қилган, унга ёшлигини бағишлаган. Миллатга, динга манфаати тегадиган кадр бўлиш иштиёқида юриб, пазандаликни ўрганишга вақт топа олмаган.

Ўқиган аёл-ку, бир коса таом тайёрлаб, уй-жойини саранжом-саришта тутишни ҳар қачон уддалайди, бу аёллик фитратида бор иқтидор. Аммо, у эгаллаган соҳани, қироат қилган оятларини, шарҳлай оладиган ҳадисларини илмсиз, аммо абжир келинлар тиши ўтиб ўқий олиши ҳам даргумон.

Илмли аёллардан ҳамма ишни аъло даражада бажариш талаб қилингани ҳолда, ишчан келинлардан таҳорат ва намознинг вожибларини сўраб қўйиш ҳеч кимнинг эсига келмагани қизиқ. Улар қандай авлодни тарбия қилишининг аҳамияти йўқми? Ўйлаб кўринг-чи, сизга эътиқоди бутун, маънавияти юксак фарзандларни тарбиялайдиган оналар керак эмасми?

Ёш, ўйинқароқ чоғларини Қуръон ёдлаш, илм эгаллаш учун сарфлаб, ер чопиш,  экин экиш ёки бошқа хўжаик ишларини дўндира олмагани учун қори, олим куёвларни маломат қилиш қайси мантиққа тўғри келади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эсланг, бир куни хурмо дарахтларини бутаб, чанглатаётган кишилар олдидан ўтиб қолдилар. Уларнинг дарахтларни кесганини кўриб, шундай қилиш шартми, қабилида гап айтадилар. Саҳобалар, У зот ниманидир билиб, шунга ишора қилдилар, деб ўйлаб, қилаётган ишларини тўхтатишди. Натижада, ўша йилги хурмо ҳосили анча пасайиб кетган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлар дунё (мендан кўра) яхши биласиз”, деган эдилар.

Мулоҳаза қилиб кўринг, исломнинг биринчи олимаси Оиша онамиз, биринчи ҳофизаи Қуръони Ҳафса онамиз, ҳадис ровияси Умму Салама оналаримиз қандай сифат билан машҳур бўлганлар? Оиша онамиз хамир қорар, эътиборсизлик қилиб ухлаб қолсалар, хамирни уй жониворлари еб кетар эди. Хўш, ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бу иш учун онамизни ким маломат қилаяпти? Ким у кишининг илм сифатларига кўз юмиб, арзимаган хатони байроқ қилиб  кўтаряпти? Ҳеч ким.

Ҳар икки ҳолатда улуғларимизнинг дунё ишларини билмаганликда айблаш қилиш у ёқда турсин, ҳатто бировнинг эсига ҳам келмаган. Чунки мусулмонлар бу каби арзимас мавзуларни муҳокама қилишдан анча баланд бўлганлар. Бўлиб ҳам илм, ҳикмат ва фазилатларига тош отилмаган.

Гапим сўнгида айтарим – хизматни дўндирадиган, пазанда келин истаганлар, илм ўқиган, элига-динига фойда келтириш, келажак ривожи учун ҳисса қўшиш орзусида юрган қизлар эшини тарк этинг.

Пулдор, ишбилармон, ишчан куёв истаганлар, қори, олим йигитларга қиз берманг, биров сиздан хафа бўлмайди.

Илми, фазилатига ошно бўлиб никоҳига олган куёвлар, уларнинг ҳаққини билинг. Динига манфаат келтириши мумкин бўлган иқтидорини бўғманг, руҳини синдириб қўйманг. Қўлингиздан келса, бу ишида ёрдам бериб, ажрдан ҳисса олинг.

Сизлар, эй келинлар! Аллоҳнинг аҳли, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вориси бўлган эрдан, у қачонки шариатга амал қилмасагина ўпкаланг, бошқа камчиликларига қалбидаги Қуръон ва илми ҳурмати, кўз юминг.

У ҳар қандай ҳолда ҳам ҳаммадан афзал, шуни унутманг. Ахир, “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”[1]

Зебуннисо Нажмиддинова

[1] Зумар сураси, 9-оят

76380cookie-checkЭски мавзуга янги мулоҳаза
1 та фикр мавжуд
  1. Лолахон. ТДПУ

    Ассалому алайкум! Долзарб ва мулоҳазага бой мақола. Муаммо нафақат қори ва қория йигит-қизлар, балки барча соҳада илм олаётган, изланувчан, олий маълумотга эга олим ва олималар учун ҳам тааллуқли. Буни кенг доирада бериш лозим деб ўйлайман. Ташаккур!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: