islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСЛОМ ИЛМЛАРИНИНГ ЎЧОҒИ

Шайх Равиль ГАЙНУТДИН Россия Муфтийлар кенгаши ва Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси:

Ўзбек замини азал-азалдан ислом илмларининг ўчоғи сифатида дунёга машҳур бўлган. Бухоро, Самарқанд шаҳарларида истиқомат қилган азиз-авлиёлар жаҳон тамаддунига беқиёс улуш қўшганлар. Улар илгари сурган инсонпарварлик ғоялари асрлар давомида долзарб бўлиб, бугунги кунда ҳам дунё афкор оммасининг эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.  Улуғ алломалар томонидан муқаддас Қуръон ва Пайғамбаримиз суннатлари асосида шакллантирилган йўналишларда шахснинг маънавий тарбияси билан бир қаторда, бутун жамиятнинг иқтисодий- ижтимоий тараққиётига алоҳида ўрин берилган. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари асос солган, айни пайтда ҳам Ер юзининг турли нуқталарида ўз давомчиларига эга бўлган нақшбандия тариқатига хос “Даст ба кору дил ба ёр”, яъни «Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин», деган  сўзлар ҳам шунчаки хаёлот маҳсулининг ўзи эмас. Уламолар маданият, маънавият- маърифат тушунчаларини оддий одамлар ҳаёти билан боғлиқ ҳолда талқин этишган. Ислом таълимотига таянилган  ҳолда, ўлкада боғу роғлар, масжиду мадрасалар, карвонсаройлару савдо дуконлари барпо этилган. Қадим ўзбек замини Буюк Ипак йўлининг нафақат маънавий, балки иқтисодий маркази ҳам  бўлгани барчага маълум.Ўзбек диёри россиялик мусулмонлар учун алоҳида аҳамиятга эга. Ислом динининг биринчи тарғиботчилари Волга, Урал қирғоқлари ва Сибирга айнан ўша ердан келишган. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам бир неча аср давомида айнан ўша ерга таълим олиш мақсадида боришган. Россиянинг машҳур олиму уламолари Габдуннаср Курсави, Шигабутдин Марджани, Галимджан Баруди, Ахмат Кадыров ва кўплаб бошқа диншунослар ҳам Бухоро мадрасаларини битиришган. Менга ҳам «Мир Араб»  мадрасасида ўқиш насиб этганидан ниҳоятда бахтиёрман. Ҳатто динга қарши сиёсат ҳукм  сурган совет даврида ҳам ўзбек  халқи мусулмон тамаддунига  тегишли моддий ва маънавий хазинани авайлаб сақлаб келди. Қадимий ҳамда биз учун яқин ва қадрдон ўзбек заминида бугунги кунда рўёбга чиқарилаётган савобли ишларни диққат ва мамнуният билан кузатар эканмиз, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев олиб бораётган сиёсат асосида улуғ алломалар, маърифатпарвар шахсларнинг эзгу ғоялари ётганига ишонч ҳосил  қиламиз. Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиндики, бу ҳужжат барчага таълим олиш имкониятини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатни тугатиш, бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат муҳитини қарор топтириш, диний эркинликка эришиш, диндорлар ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши ва уларни камситишга йўл қўймаслик сингари хайрли ишларга даъват қилади. Шу боис ҳам у бутун сайёрамиз аҳолиси учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда улуғ мутафаккир  ва алломалар хотирасини абадийлаштириш бўйича тадбирлар билан бир қаторда, уларнинг таълимотларини ўрганиш, тарғиб этиш  масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқдир.  Фаолият юритаётган диний ўқув юртлари  -Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкени ислом институти ва қатор мадрасалар юксак эътирофга сазовордир, уларда Бухоро диншунослик мактабининг анъаналари билан ҳозирги замон фан-техникаси тараққиётининг ютуклари мужассамлашган. Буюк муҳаддислар Ватанида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Хадис илми мактаби фаолияти ташкил этилгани бутун ислом дунёси учун улкан аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистонда устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштириш юзасидан олиб борилган улкан ишлар ҳам бизни беҳад қувонтирди. У киши Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотлар ҳамда Иордания қироллик академиясининг аъзоси эди. Бу улуғ алломанинг асарлари нашр этилиб тарқатилиши ислом динининг асл моҳиятини очиб беришда муҳим роль ўйнайди. Тошкентда бунёд этилган Шайх Муҳаммад Содиқ

Муҳаммад Юсуф мажмуаси эса бутун дунё мусулмонларининг обрўли вакиллари йиғилиб, жаҳон аҳамиятига молик анжуманлар ўтказадиган жойга айланади. Шубҳасиз, бу қадим заминда тўпланган улкан диний меросни қайта тиклаш бўйича беқиёс ишларни амалга оширишда муфтий Усмонхон Алимов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳиссаси катта. Биз у киши билан доимий мулоқотдамиз. Ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз орасида энг муҳимларидан бири “Маънавий ипак йўли” халқаро илмий-диний форумидир. Ўтган йилларда у Хитойнинг Урумчи, Россиянинг Қозон, Қирғизистоннинг Нур-Султон шаҳарларида бўлиб ўтган.

Ўзбек томонининг меҳмондўст таклифига кўра, бешинчи форум 2020 йили Тошкентда ўтказилади. Аминмизки, мазкур нуфузли тадбир унда иштирок этадиган Евросиёнинг етакчи диншунослари Ўзбекистон бой тарихи ва бугунги тараққиёти билан танишишига, қолаверса, мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Манба: «Халқ сўзи»

83780cookie-checkИСЛОМ ИЛМЛАРИНИНГ ЎЧОҒИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: