islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бебаҳо ҳарф!

Қуръони Каримда зикр қилинган кўпликни билдирувчи энг қимматли «вов» (واو) ҳарфини биласизми?

Айниқса бу «вов» ҳарфининг қадри мўъминлар учун шу қадар бебаҳоки, уни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз!

Ишонқирамаётган бўлсангиз қуйидаги маълумотни ўқинг!

Аллоҳ таоло «Фотир» сураси 32-33- оятда марҳамат қилади:

ثم أورثنا الكتاب الذين اصطفينا من عبادنا فمنهم ظالم لنفسه ومنهم مقتصد ومنهم سابق بالخيرات بإذن الله ذلك هو الفضل الكبير جنات عدن يدخلونها ..

«Сўнг бандаларимиздан танлаб олганларимизга Китобни мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчи бор, улардан ўртачаси бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларда ўзувчи ҳам бор.. Ана шу айни улуғ фазлдир! Улар адн жаннатларига кирурлар…»

Шайх Шинқитий раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзи танлаб олган бандаларини уч гуруҳга тақсимламоқда:

1. Ўз нафсига зулм қилувчи;
Бу Аллоҳга итоат қилади лекин гоҳида маъсиятга ҳам қўл уриб қўяди.

2. Ўрта ҳол;
Бу эса Аллоҳга итоат қилади, маъсиятлардан ҳам сақланади. Бироқ нафл ибодатларга бепарволик қилади.

3. Аллоҳ изни ила яхшиликларда пешқадам;
Бу эса Аллоҳнинг буйруларини бажаради, ҳаром қилган нарсаларидан сақланади, шу билан бирга нафл ибодатларда ҳам пешқадам бўлади.

Ҳақ таоло бу тақсимни зикр қилганидан сўнг ортидан уларнинг барчасига адн жаннатларини ваъда қилиб:
«Улар адн жаннатларига кирурлар…»-, дейди!

Шу калимадаги «ядхулУУнаҳаа» феълининг (вов)ини биз «УЛАР» дея таржима қилдик. Ушбу «вов» ҳарфи жамоатни билдиради. Яъни юқорида зикри ўтган уч гуруҳнинг ҳаммаси адн жаннатларига киришини айнан мана шу ҳарф ифода қилмоқда.
Мусулмон учун айнан шу ҳарф ўта қимматли ва жуда қадрлидир.
Ушбу маънони жуда яхши фаҳмлаган аҳли илмлар: «Мана шу «вов» ҳарфи кўз ёшлари ила ёзилишга лойиқ ҳарфдир!», дейишган.
Азвоул баён. 5-жилд, 490 саҳифа.

Зеро мусулмонлар модомики иймонлари очиқ куфрга булғанмас экан юқорида зикри ўтган уч гуруҳдан бирига мансубдирлар. Бу ояти каримадаги «улар» маъносини ифода қилган «вов» ҳарфи эса ҳар бир мусулмоннинг жаннатга киришини билдиради. Бу мўъминлар учун очиқ ойдин башоратдир!
Зотан Аллоҳ таоло берган ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмайди. Бундан ортиқ ҳушхабар борми?!

Азизлар! Шунинг учун ҳам анави ўзидан бошқа ҳаммани дўзахга ҳукм қилаётган такфирчиларнинг гап-сўзи сизни тушкунликка туширмасин!
Робимизнинг раҳмати кенг, мағфирати беқиёсдир!
Роббим!
Нақадар меҳрибон, нақадар саҳий ва нақадар улуғ Зотсан!
Марҳамат эшикларинг бунчалар кенг!
Ўзинг иймонларимизни саломат қил!
Ибодатларимизни қабул айла!
Бизларни дунёда мусулмон ҳолда яшашимизга;
– вафот топишда мўъмин ҳолда бўлишимизга;
– жаннатдаги солиҳлар даврасидан жой олишимизга Ўзинг мадад бер!

Сен раҳм қилмасанг бошқа меҳрибонимиз;
Сен афу қилмасанг бошқа илтижо қиладиганимиз;
Сен даргоҳинга қабул қилмасанг бош урадиган ўзга остонамиз йўқ!
Ғарибларга Ўзинг йўлдош бўл!
Мазлумларга Ўзинг нусрат бер!
Мусулмон юртларимизни тинч, мусулмон миллатларимизни бирдам қил!
Омин!
Омин!
Омин!
Салоту саломларимиз Пайғамбаримизга бўлсин!

 

© Аброр Мухтор Алий

93430cookie-checkБебаҳо ҳарф!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: