islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Уламоларни қадрлаган юрт баракалидир!

Жонажон юртимиз Аллоҳ назар қилган юрт, бу миллат қанча – қанча олиму уламоларни, неча – неча жасорат соҳибларини ва буюк подшоҳу султонларни тарбия қилган миллатдир. Шундай экан бу халқ, бу миллат буюк аждодлар йўлидан юрса, ҳеч қачон ёвга ем, душманга таслим бўлмайди. Чунки аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий меросимизни ихлос билан ўрганиб, ўргатадиган, халқимиз қалбида ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва динга ихлос туйғусини жо қиладиган улуғ устозлар юртимизда ҳар замон топилади.

Бугунги кунга қадар Имом Бухорий, имом Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино каби зиё соҳибларининг бизга қолдирган маънавий мерослари халқимизнинг саодатли йўлини қандай ёритиб келган бўлса, ўшалардан нур – зиё олган Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари каби замондош уламоларимиз ҳам, худди шу саодат йўлида собит қадамлик билан олға бормоқда. Мана шундай зиёлийларимиз бор экан, бу парлоқ йўл то қиёматгача мана шунда ёруғ қолажак.

Куни кеча муҳтарам юртбошимиз томонидан муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг “Эл – юрт ҳурмати” мукофоти билан тақдирланиши воқеаси гўё асрлар давомида унитилган – уламоларни эъзозлаш – анъанасини яна ҳаётга қайтаргандек бўлди.

Биз ислом тарихидан ўқиган эдик. Аббосийлар подшоси Хорун Ар-Рашид ўз замонасидаги олиму уламоларга шу қадар катта ҳурмат кўрсатган. Ҳанафия мазҳабининг энг забардаст олими Имом Абу Юсуф ҳазратларига “Қозию қузот” унвонини берган. Ҳатто олимни қаттиқ ҳурмат қилганидан, ўзларининг тахтига табаррукан ўтирғизган. Шунинг учун ҳам олимлар эъзозланган даврни Имом Суютий рахматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тарихул Хулафо” деган асарларида: “Хорун Ар-Рашид замони яхшиликлар даври бўлиб, бу давр 365 кун орасида, ҳусну жамолда тўй ва байрамлар кабидир” деганлар.

Турли ижтимоий тармоқларда, Уламолар ҳар хил баҳоналар билан турли бузғунчи оқимлар ва жоҳиллар томонидан таҳқриланиб, обрўсизлантириш жараёни кетаётган бир пайтда, муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилган мукофот, юртбошимизнинг диний уламоларига бўлган юксак ҳурматининг нишонаси бўлса, яна бошқа томондан юртимизда ва хорижда туриб, уламоларни таҳқирлаётган илмсиз жоҳилларга қақшатгич зарба бўлди.

Бу мукофот ўз вақтида, муносиб номзодга берилди. Чунки ер юзида ягона Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ва бутунжаҳон ислом уламолар кенгаши аъзоси бўлган киши бундай мукофотга албатта лойиқ ҳисобланади.

Қолаверса иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш йўлидан дадил одимлаб бораётган Ватанимиз, диний соҳада ҳам муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларининг бошчилигида жадал суратда одимлаб бормоқда. Келинг узоқ ўтмишимизга эмас, яқин ўтган уч йил ичида қилинган диний ислоҳатларга эътибор қаратайлик. Шу уч йил ичида юртимизда кўпгина савобли ишлар амалга оширилди. Бунга мисол қилиб, Имом Бухорий халқаро илмий – тадқиқот марказининг ташкил этилиши, Мусулмонлар диний идораси қошида “Вақф” хайрия жамоат фондининг иш бошлаганлигини, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг очилишини, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Бухорода тасаввуф мактаби, Самарқандда калом илми мактаби, ҳамда Марғилонда фиқҳ мактабларининг очилишини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Шу билан биргаликда ўтган 2019 йили Самарқандда ҳадис илми олий мактабининг иш бошлаши, ҳамда куни кеча муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий – тадқиқот марказининг очилиши сўзимизни исботлаб турибди. Ҳали биз юртимизда янгидан очилаётган ва бутунлай янги, замонавий услубда қайта қурилаётган масжидлар сони кўплиги боис ададини келтириб ўтирмадик.

Бу ислоҳатлар бизнинг жонажон Олий маъҳадимизни ҳам четлаб ўтмади. 2019 – 2020 ўқув йили учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модуль тизими асосида алоҳида сиртқи бўлим очилиб, унда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган, ўрта махсус маълумотга эга бўлган имом хатибларнинг 120 тасини ўқишга қабул қилди. Эндиликда бу талабалар ҳам ўзларининг илмий салоҳиятини янада ошириш ва маъҳаднинг олий даражадаги шаҳодатномасини қўлга киритиш имкониятига эга. Бу талабалар алоҳида ўқиш ва ётоқ жойлари билан таъминланди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари шунча диний ислоҳатларга бош – қош бўлишлари билан бирга, илмий изланишда ҳам астойдил ҳаракат қилиб келмоқда. Ҳазратнинг қаламига мансуб асарларнинг сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – Муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” ва бошқа бир қатор асарлари бунга мисол бўлади. Яратгандан Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратларига доимо соғлик ва сермаҳсул ижод тилаймиз. Яна кўплаб ўзларига ўхшаган забардаст олимларни тарбиялашда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири А.Тошпўлатов

114720cookie-checkУламоларни қадрлаган юрт баракалидир!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: