Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон сўнги йилларда янада улкан ютуқларга эришиб келмоқда. Ижтимоий ҳаётнинг бирор бир соҳаси йўқки, ислоҳатлар ва ўзгаришлар кириб бормаган бўлса. Ташқи ва ички сиёсат, иқтисодиёт ва таълим- тарбия соҳаларидаги кўплаб ижобий ўзгаришлар Ватанимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро кўнглида фаҳр туйғусини янада ошириб бормоқда. Жумладан, сўнгги йилларда илм-фан соҳасида қўлга киритаётган ютуқларимиз таҳсинга лойиқ. Куни кеча содир бўлган воқеа эса гапимизнинг яққол исботи сифатида ўзбек адабиётчилигида, аниқроғи ўзбек романчилик тарихида ўчмас из қолдирди десак муболаға бўлмайди. Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий асари Океан ортида “инглизча сўзлади”. Аниқроғи, АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Абдулла Қодирийнинг инглиз тилида таржима қилинган “Ўтган кунлар (Bygone Days)” романи тақдимоти бўлиб ўтди.Ушбу китоб Жанубий Каролина штатининг Колумбия шаҳрида нашр этилди.
Ушбу асарни Америкалик олим, АҚШ ҳарбий- денгиз академияси Минтақавий тадқиқотлар марказининг собиқ директори Марк Риз томонидан таржима қилинган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўлкамизга ташриф буюрган биринчи америкалик олим ҳисобланган Марк Риз, Ватанимизда бўлган пайти кўп вақтини Фарғонада ўтказган.
Марк Риз ўз фаолияти давомида АҚШ Мудофаа вазирлигида хизмат қилган, Афғонистонда таржимонлик билан шуғулланган, АҚШ Давлат департаментининг қиёсий-диний тадқиқотлар дастурларига раҳбарлик қилган, шунингдек, АҚШ ҳукумат дастурларида Марказий Осиё бўйича мутахассиси сифатида жалб қилинган.
Шу ўринда, асарни таржима қилиш йўлини кўриб чиқсак. Марк Риз ушбу романни таржима қилиш учун 15 йилдан кўпроқ вақт сарфлаган. Сўнги йилларда китобни нашр этиш жараёни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Ўзбекистонлик мутахассислар кўмаги билан сезарли даражада тезлашди. Ва ниҳоят, китоб 2019 йил декабр ойида АҚШнинг бир қатор штатларида сотувга чиқарилди ва Америкалик китобсеварлар томонидан илиқ кутиб олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, таржима сифат кўрсаткичи бўйича “ беш юлдуз”ли рейтингга эга бўлган. Китоб таржимаси 660 бетни ташкил қилди. Нашр Абдулла Қодирий томонидан “Ўтган кунлар” романида ишлатилган турли атамалар ва иборалар бўйича 400 дан ортиқ изоҳ, ўзбек халқининг XIX аср биринчи ярмидаги ҳаёти, маданияти, анъаналари, урф-одатлари ва миллатнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги шарҳларни ҳам ўз ичига олган.
Ўзбек ва рус тилларини яхши билган таржимон Абдулла Қодирийнинг ҳаёт йўлини чуқур ўрганган ва бунинг натижасида “Ўтган кунлар” романи мазмун- моҳиятини Америкалик китобхонларга тўлақонли етказиб беришга муваффақ бўлган.
Америкалик таржимон оддий ўзбек мактабида ўқитувчи сифатида фаолият олиб борган йиллар унинг ҳаётини ўзбек романчилик мактабининг дурдона асарлари орқали беҳад бойитишга хизмат қилган қулай имконият бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтган.
Таржима муаллифи асар таржимаси борасида қуйидаги фикрларни айтиб ўтган: “ Асар қаҳрамонлари билан бирга яшадим. “Ўтган кунлар” романини инглиз тилига таржима қилиш мен учун шараф. Зеро, ушбу китоб Марказий Осиё ва жаҳон адабиётида ўхшаши йўқ асар ҳисобланади. Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш мен учун шунчаки ўқув машғулоти бўлибгина қолмай, балки қатъий қарор эди. Мен учун Отабек ва Кумуш ёки ўзим жуда ёқтириб қолган Ҳасанали ҳаёлан тўқилган бадиий қаҳрамонларгина эмас, балки улар Тошкент, Қўқон ва Вашингтонда мен билан ёнма-ён ишлаган, ҳамкорлик қилган инсонлар тимсоли ҳам эди.”
Унинг фикрича, Абдулла Қодирий ўз асарини ўша даврда ушбу тарихий роман қаҳрамонлари каби ҳаётий қийинчиликларни бошдан кечирган китобсеварлар учун битган.
“Ёзувчи ўтмиш сабоғини 1917 йилги воқеалардан кейин кескин сиёсий даврни бошдан кечираётган замондошларига огоҳлантириш сифатида тақдим қилган. Китобда кўтарилган мавзулар жамиятдаги бугунги муаммоларга ҳам ўхшаш бўлиб, Ўзбекистондаги долзарб масалаларни ҳал қилишда фуқаролик инсититутларни фаоликка чақиради” дейди таржимон.
Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи таржимаси китобининг Ўзбекистондаги тақдимоти 2020 йил баҳор ойида ўтказилиши ва Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини ҳам инглиз тилига таржима қилиш бўйича тегишли лойиҳани муҳокама қилиш режалаштирилган.
Интернет материаллари асосида
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси
Дилшод Насиров тайёрлади