islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ал-Мустансирия мадрасаси

XIII асрда асос солинган ал-Мустансирия мадрасаси Яқин Шарқ ва Марказий Осиёнинг энг машҳур ўқув даргоҳи ҳисобланган. Ҳозир мазкур бинода ал-Мустансирия университети фаолият юритади.

1227-йилда аббосийлар халифаси Мустансир Биллаҳ (мил. 1226-1242) ал-Мустансирия мадрасасини қуришга фармон беради. Мадраса Дажла дарёсининг чап қирғоғида жойлашган бўлиб, 1232-йилда фойдаланишга топширилган. Тўрт қаватли ва очиқ дарвозали иншоот Низомия мадрасаси услубида қурилган, Бугун мадраса қадимги архитектура ёдгорлиги намунаси саналади.

Профессор Фуат Сезгиннинг сўзларига кўра, ал-Мустансирия араб-мусулмон оламидаги энг қадимги университетлардан бири. Унда фиқҳий тўрт мазҳаб билан бирга тиббиёт, математика каби бошқа фанлар ҳам ўргатилган. Шунинг учун ҳам олийгоҳ диний ва дунёвий таълим уйғунлашган биринчи ўқув даргоҳи ҳисобланади.

Университетнинг асосий йўналиши ислом ҳуқуқшунослиги бўлган. Мажмуада ҳар бир фиқҳий мактаб ўз биносига эгалик қилган. Ҳар бир қаватда ўртача катталикдаги 39 та хона ва хоначалар ва 12 та юқори пештоқли катта хоналар жойлашган эди.

Мадрасанинг мударрис ва талабалари жами 400 кишини ташкил қилган. Уларнинг харажатлари ва маошлари халифа томонидан ташкил қилинган вақфдан тўланган. Устозларга ҳар ойда 12 динордан, талабаларга 1 динордан ойлик ажратилган. (Бир динор – бир мисқол оғирлигида зарб қилинган қадимги тилла танга бўлиб, оғирлиги 4,25 граммга тенг.)

Мадрасанинг исломшунослик йўналиши икки қисмдан иборат бўлган: “Дор ул-қироат” ва “Дор ул-ҳадис”. Вақфнинг низомига кўра, Дор ул-қироат (Қуръон қироати ўргатиладиган бўлим)да талабаларга қўшимча равишда 30 та етим болаларга ҳам Қуръон таълими йўлга қўйилган. Дор ул-ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари чуқур ўрганилган.

Мадрасада тиббиёт йўналишида ҳам дарслар олиб борилган. Шаҳарнинг етук табиблари талабаларга тиббиётдан сабоқ берганлар. Алоҳида бинода тиббиёт, фармакология, табиий фанлар бўлими ва шифохона, бўлиб, талабалар дарс билан бирга амалиётни ҳам йўлга қўйганлар, беморларни даволаб, керакли дори-дармонларни тайёрлаганлар. Унга ёндош хоналарда ошхона, ҳаммом ва талабалар ётоқхонаси мавжуд бўлган.

Университет кутубхонаси алоҳида эътиборга молик бўлиб, унда ноёб қўлёзмалар сақланади. Халифа Мустансир Биллаҳ кутубхона учун 160 туяга юк бўлган 80 000 китобни илм аҳлига ҳадя қилган. Кутубхона мудири “хозин ул-кутуб” деб аталган бўлиб, унга 10 динор ойлик белгиланган. Шунингдек, мажмуада қўлёзмалардан нусха кўчириш ҳам йўлга қўйилган. Бағдод мўғуллар томонидан истило қилингач, кутубхона катта моддий зарар кўради. 1393 йилда ал-Мустансирия ва Низомия мадрасасининг кутубхоналари бирлаштирилган. 1534 йили усмонли турклар Бағдод шаҳрини қўлга киритгач, кутубхона китоблари ҳарбий ўлжа сифатида Истанбулга олиб кетилган.

Профессор Фуат Сезгиннинг хабарига кўра, халифа ҳар куни ал-Мустансирияга ташриф буюрган. Халифа дарсларни кузатиши ва олимларнинг мунозараларида иштирок этиши учун мадрасада алоҳида жой ҳозирланган. Баъзи аббосий халифалар олийгоҳда меҳмонлар учун тантанали маросимлар ўтказганлар.

Мўғуллар 1258 йили Бағдодни босиб олганда мадраса етарлича зарар кўрган бўлсада, бутунлай йўқ бўлиб кетмаган. Мазкур воқеадан 10 йил ўтиб қайта очилишига қарамай, олдинги довруғини тиклай олмаган. Мутасаддилар охирги асрларда мадрасадан турли мақсадларда фойдаланганлар. XVIII асрда ал-Мустансирия Бағдоддан ўтувчи тижоратчилар учун мўлжалланган “Хон ул-мувосила” номи билан машҳур карвонсаройга айланган. XVIII асрнинг охиридан XX асрнинг бошигача бино ҳарбий хизмат эҳтиёжларига сафарбар қилинган.

Университет биноси 1825 ва 1945 йилларда қайта таъмирланган бўлиб, мадрасанинг эски иншооти ал-Мустансирия университетининг бир қисмига айлантирилган эди.

Ҳозирги кунда ҳам Мустансирия мадрасаси фаолияти давом этмоқда ва у кўҳна Бағдоднинг илм-фанда тутган ўрни ва ислом маданиятининг маркази ўлароқ тарихий ёдгорлик сифатида кўрк очиб турибди.

Манбалар асосида 4 курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар тайёрлади 

184140cookie-checkАл-Мустансирия мадрасаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: