islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мақоми Иброҳим тўғрисидаги фактлар

Мақоми Иброҳим – бу Иброҳим алайҳиссаломнинг оёқлари изи деб номланадиган шиша ва металл корпус ичидаги кичкина квадрат тош.  Манбаларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Каъбанинг юқори қисмларини қуриш пайтида ушбу тош устида турган ва ўғли Исмоилни елкасида кўтарган. Мақоми Иброҳим ҳар доим Матоф, яъни тавоф майдони ҳудудининг ажралмас қисми бўлган.

Бошқа бир маълумотга кўра, осмондан иккита тош Иброҳим алайҳиссаломга туширилган.  Улардан бири Ҳажарул Асвад, иккинчиси мана шу Мақоми Иброҳим деб аталадиган тош. Каъба қурилиши тугагандан сўнг, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга шукр изҳор қилиб икки ракат намоз ўқиган жой деган маълумотлар ҳам бор.

Қуръонда икки маротаба зикр қилинган Мақоми Иброҳим, дастлаб Бақара сурасининг 125-оятида:

“Эсланг: “Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша Ерда ибодат қилиб турувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун пок тутинг”, деб буюрдик”.

деб келган ва шу жойни ибодат жойи қилишини Аллоҳ таоло мўминларга буюрган.  Кейин Оли Имрон сурасининг 97-оятида Мақоми Иброҳим, тинчлик маскани деб таъриф қилинган:

“Унда мақоми Иброҳим (яъни, Каъбани қуришда Иброҳим алайҳиссалом оёқлари остида бўлган харсанг тош, у тошдан ҳанузгача Иброҳим пайғамбарнинг оёқ излари кетмаган) ва унга кирган одам ҳар қандай хавф-хатардан омон бўлиши (каби) очиқ оят-аломатлар бордир. Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни, Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган Зотдир”.

Милодий 1982, ҳижрий 1399 йил

Мақоми Иброҳим тоши квадрат шаклда бўлиб, узунлиги ва кенглиги 40 см, баландлиги эса тахминан 20 см.  Ушбу тошнинг ранги сарғиш ва қизғиш оқ тусга эга.

Ушбу тошда бармоқларнинг шакли аниқ билинмаган чуқурлиги 10 см бўлган оёқ изи бор.

Ҳозирги вақтда тош юзидаги оёқ изларининг узунлиги 27 см ва кенглиги 14 см бўлиб, узунлиги 22 га, чуқур қисми кенглиги эса 11 га кичрайтирилган. Икки оёқ излари орасида тахминан 1 см жой бор.  Вақт ўтиши билан “табаррук” қилиш учун қўллар билан силаш ва ишқалаш туфайли оёқ излари кенгайиб катталашиб кетди. Шуни унитмаслик керакки, шаръий ҳукмларда мазкур тошни силаш буюрилмаган ва силанса ҳам бирор фазилати мажвуд эканлиги қайд этилмаган.

VIII (ҳижрий II аср) асрда тош бир неча бўлакларга бўлиниб, кумуш ёрдамида бирлаштирилиб, олтин панжарали ғилоф тўсиқ билан тўсилган.

Милодий 1930, ҳижрий 1347 йил

Усмонлилар қурган бино

 Усмонийлар даврида Мақоми Иброҳим устига, Боби бани Шайба эшиги орқали кирилувчи кичик гумбазли бино қурилган. Саудия ҳукумати давлатни бошқара бошлагач, ушбу бино Матоф ҳудудидаги бир нечта бино билан бирга бузиб ташланди ва Мақоми Иброҳим устига темир қопламали ёғоч ғилоф ўрнатилди.

 Ёғочли ёпиқ ғилоф

Саудия Арабистони ҳукумати даврида, 1967 йилгача Мақоми Иброҳим устидаги ёғоч тўсиқли иншоот мавжуд бўлиб, у ҳожилар тавоф қилаётганда қийинчилик туғдирди. Саудия Арабистони ҳукумати Мақоми Иброҳимни Боби бани Шайба эшиги яқинига кўчиришга қарор қилди, аммо улар уламоларнинг оммавий эътирози туфайли буни амалга ошира олмадилар ва унинг ўрнига олтин цилиндрсимон тўсиқ қўйилди.

Замонавий олтин корпус

 Бугунги кунда тавоф майдонида Мақоми Иброҳим бўйлаб айланишни енгиллаштириш учун Каъбанинг кириш эшиги рўпарасида кичикроқ корпус ўрнатилди. Икки Ҳарам, муқаддас масжидлар архитектурасига бағишланган музейда Мақоми Иброҳимнинг, подшоҳ Фаҳд бин Абдулазиз томонидан ўрнатилган илк олтин тўсиқли корпуси кўриниши сақланмоқда.

Милодий 1982, ҳижрий 1399 йил

Баъзи манбаларга кўра мазкур тош, дастлаб Каъба ичига жойлаштирилган деб тахмин қилинади ва кейинчалик ташқарига кўчирилган. Ушбу иш мусулмонлар томонидан Макка фатҳ қилинганидан кейин қилинган бўлиши мумкин.

Милодий 1930 йил

Тош дастлаб, Каъба эшиги ёнидаги ерга қўйилган.  Кейинчалик Умар ибн Хаттоб даврида, тошқинлардан ҳимоялаш учун устун қуриб, устига тош қўйилган.  Зиёратчилар сони кўпайиб кетгач, Мақоми Иброҳим Каъбадан шарқ томонга, ҳозирги турган жойига қараб силжитилди, шунда тавоф қилмоқчи бўлганларга тўсқинлик қилмасдан, қулай айланиб ўтиш таъминланган.

 Бугунги кунда Мақоми Иброҳим Каъбадан 13 метр шарқда жойлашган.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

232340cookie-checkМақоми Иброҳим тўғрисидаги фактлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: