“Оммавий маданият”нинг ашаддий мақсади, аввало иқтисодий бойлик орттириш, ортирилган бу бойликни эса инсонга хос бўлмаган “кўнгилочар йўллар”га сарфлаш, тарих ва келажакнинг орасини узиб миллий маънавиятни йўқ қилиш, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат каби миллий қадриятларни парчалаб ташлаш, одамларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, бир-бирини ва шу билан бирга, ўзини ўзи ўлдиришигача олиб бориш. Натижада эса унинг тарқатувчилари дунё ва ундаги бойликларга ягона ҳукмрон бўлиб қолишни таъминлашдан иборат.
Бугунги кунда ҳар бир миллат учун ёшларини “оммавий маданият”нинг чангалидан асраб қолиш энг долзарб вазифалардан бирига айланди. Бу балодан ўзлигини, хоссатан ёшларини сақлай олмаган халқ ҳалокатга маҳкум эканлиги кундай равшан бўлиб қолди. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек; “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.”
Маълумки, ўсмир ёшлар, талабалар янгиликка интилувчан, тенгқурларига ҳавасманд, ташқи таъсирларни осон қабул қилишга мойил бўлади. Улардаги ана шу ижтимоий-психологик ҳолат кириб келаётган шубҳали қадриятларга танқидий ёндашувни чеклаб қўйиши мумкин. Шунинг учун ёшлар онги ва дунё қарашида миллий қадриятларимиз асосида “оммавий маданият”га қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, унинг маънавий ва жисмоний зарарлари ҳақида кенгроқ тарғибот қилиш энг самарали усулдир.
Кейинги вақтларда телевидение, радио ва интернет саҳифалари орқали халқимиз турмуш тарзига ёт бўлган турли одатлар тарғиб-ташвиқ қилинмоқда. Мисол учун, оила қуриш одатини олайлик. Эмишки, оила қуришда ёшлар обдон бир-бирини синашлари, иложи бўлса, маълум муддат бирга яшашлари лозим эмиш. Бу фоҳишабозликнинг кўринишларидан бошқа нарса эмас. Шунинг учун ҳам Ғарбда фоҳишабозлик авж олган. Мисол учун, “Гардиан” газетасининг эътироф этишича, Буюк Британияда фоҳишабозлик билан шуғулланувчи эркаклар йилига ўртача 10.000 фунт стерлинг, аёллар 18.530 фунт стерлинг ишлашади. 30-40 ёшлардаги эркаклар эса йилига ўртача 24.800 фунт стерлинг, аёллар эса 34.200 фунт стерлинг ишлашар экан.
Эътибор беринг, танасини сотиб бойлик орттириш ва буни маданият кўриниши деб хисоблаш Ғарб кишиси учун оддий ҳолдир. Ваҳоланки, бизда ёшларнинг бир-бирини синашга имкон берилади ва у одоб-ахлоқ доирасида кечади. Никоҳсиз қиз ва йигитнинг учрашиб юриши айб саналади.
Халқимизнинг нисбатан кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Шу сабабли улар бизнинг олтин омилимиз ҳисобланади. Афсуски, баъзида Ғарб оламининг ёшларимиз дунёқарашини бузишга қаратилган ҳатти-ҳаракатини сезиб қоламиз. Ўз Ватанини ёмон кўрсатиш, ўтмишга нисбатан беписандлик руҳини қарор топтириш, давлат ва жамиятга нисбатан ишонсизлик уйғотиш-ёшлар дунёқарашини бузишга қаратилган ғоялардир. Бунинг акси ўлароқ Ғарб ҳаёти худди жаннатдек кўкларга кўтариб мақталмоқда. Бу омилларнинг барчаси жамиятимизда изчил маънавий тарбияни йўлга қўйиш заруратини келтириб чиқаради. Чунки истиқлол йилларига келиб, ўзбек кишиси бугун бошини баланд кўтариб, дунё бўйлаб ўзини номоён этмоқда.
Миллий ғурур, ватанпарварлик туйғулари Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун кураш туйғулари билан қўшилиб, маънавиятимиз асосини белгиламоқда. Дарҳақиқат, бу жарёнлар Ўзбекистон тарихида муҳим воқеа, фуқаролик жамияти сари тараққий этиш ҳамда демократия тамойилларини мустаҳкамлашда дадил қадам бўлди. Кўриниб турибдики, бунда фақат Ғарб демократияси талаблари эмас, балки ўзимизнинг қадимий давлатчилик анъаналари ҳам хисобга олинган. Бошқача қилиб айтганда, Шарқ демократияси унсурлари ва энг асосийси, миллий-маънавий қадриятларимиздан ҳам фойдаланмоқдамиз.
Биз Ғарб турмуш тарзи, ахлоқини кўр-кўрона қабул қилолмаймиз. Бу бизнинг асрий анъаналаримизга ёт. Шу каби ҳаддан ташқари индивидуализмга берилиш, худбинлик, ўзибўларчилик, шахсий манфаат йўлида ҳеч нарсадан тап тортмай, босиб-янчиб кетиш каби истак ҳоҳишлар халқимиз табиатига тўғри келмайди.
Ҳаёт шиддат билан ўзгараётган, ҳаётга муносабат ҳам ўзгача тус олаётган бир даврда сир эмаски, айрим ёшлар ўз устида ишлашдек машаққатли ишдан кўра, бугунги ҳаёт тақдим этаётган енгил неъматларга интилишни афзал кўради, яхши яшаш учун пул, бойлик керак, деган жўн фалсафага таяниб яшайди, уни яшаш мақсадга айлантиради. Аксарият замонавий ёшлар эркинлик ҳавосига ўпкаси тўлиб, ҳаёт йўлини мустақил танлашни даъво қилади. Бу ҳам аслида тўғри. Зеро, ҳар бир одам ҳаётда ўз йўлини танлашга ҳақли. Қолаверса, ҳар қадамда катталарнинг оғзига қараб турса,мустақил фикрлашга интилмаса, келажакда ундан бир ишга қодир одам чиқиши гумон. Бироқ маълумки, алоҳида одам танлаган йўл нафақат унинг ўз тақдирини,балки бутун жамият,бутун халқ тақдирини ҳал қилади. Ҳали ҳаётий тажрибаси бўлмаган,оқу қорани танимаган бола ўз ҳаёт мақсадини тўғри танлай оладими?. Ва бунда оат-онасининг, мураббийнинг хуллас, катталарнинг ўрни, тўғри маслаҳати муҳим аҳамият касб этади. Бу осон иш эмас.
Ёшлар катталардан кўра ўзгача фикрлайдилар, ҳаётга ўзгача муносабатда бўладилар, оламни бошқача кўрадилар. Кўпинча суҳбат чоғида айрим зиёлилар номаъқул мусиқа,номаъқул филъмларнинг, миллатимиз руҳиятига, маънавиятига зид урфларнинг ёшларга, умуман одамлар онги ва қалбига салбий таъсири ҳақида куюниб гапириб қолишади. Дарҳақиқат, на маъно ва на мазмун бўлган, инсоний ҳислардан кўра,кўпроқ паст инстинктларни қўзғовчи қўшиқ,ғоявий бўш, ҳатто зарарли филъм каби “оммавий маданият” намуналарига ҳаётимизда кўп дуч келамиз. Балки айримларнинг четдан ёғилиб келаётган бундай “асар”ларнинг йўлини тўсиш ёки ўз “санъаткор”ларимизнинг ижод намуналарини бадиий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги фикр тўғридир. Аммо бутун дунёда балои-азимга айланган салбий кўринишдаги “оммавий маданият”нинг тарқалишини бундай йўл билан олдини олиб бўлармикин? Кишиларни “Оммавий маданият” қуллигидан буйруқ ёки фармон билан халос этиш мумкинмикин? Хитой мутафаккирларидан бири айтган экан: “Агар сен золимни тахтдан ағдармоқчи бўлсанг, аввал ўз юрагингга унга ўзинг ўрнатган тахтни йўқ қилгин”. Зеро, ҳамма гап одамнинг мойиллигида. Бошқа сўзлар билан айтганда,талаб бор экан,таклиф ҳам бўлади ва муаммо ана шу мойилликни йўқотишда. Акс ҳолда ҳеч нарса ва ҳеч бир куч унинг йўлига ғов бўла олмайди. Президентимиз илгари сурган “ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш мумкин”, деган фикрининг мазмун-моҳияти теранлиги ва доимо долзарблиги шунда.
Бугунги глобаллашув замонида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун мисли кўрилмаган даражада кураш бормоқда. Бундай кураш ҳаётнинг турли соҳаларида намоён бўлмоқда. Бундай хатарнинг таъсирини аввало ахборот соҳасида кузатиш мумкин. Чунки бугунги кунда ахборот оқими кириб бормаган бирон-бир нуқта ёки манзилни топиш қийин. Ҳатто дунёнинг энг чекка ва овлоқ жойларига ҳам теле-радио тўлқинлари, телефон алоқаси етиб борган. Қисқача айтганда, қаердаки энергия манбаи бўлса, у ерда ахборот бор. Ахборотнинг эса ҳаммаси ҳам фойдали бўлолмайди. Айниқса, турли кучлар ўртасида шафқатсиз манфаатлар кураши бораётган бир пайтда ҳар қайси ғоявий марказ ўзига маъқул бўлган, ўзига фойда келтирадиган ахборотни тарқатиш ва шунинг орқасидан фойда кўришни орзу қилади. Бугунги кунда теле-радиоканалларни бурайдиган, матбуот нашрларини варақлайдиган бўлсангиз ёки интернет “чангалзорлари” бўйлаб “саёҳат” қиладиган бўлсангиз, ҳеч шубҳасиз, фойдали ахборотлардан кўра, зарарли ахборотларга кўпроқ дуч келасиз. Айниқса, ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар бу ахборотларни реал ҳақиқат сифатида қабул қилиши, ёлғон ва уйдурма гапларга алданиб қолиши мумкин. Шу тариқа уларнинг ҳаёти арзимаган бир ахборот туфайли бутунлай номаъқул томонга бурилиб кетиши ҳеч гап эмас.
Маҳатма Гандига “Глобаллашув жараёнига қандай қарайсиз?” деган саволни беришганда, у шундай маънода жавоб берган экан: “Мен ташқаридаги бўрондан қўрқиб, деразамни ёпиб қўя олмайман, чунки менга тоза ҳаво керак. Шу билан бирга, тоза ҳаво керак экан деб деразамни катта очиб ҳам қўя олмайман, чунки манинг уйимни чанг-тўзон босиб кетишини хоҳламайман”.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда ёшларнинг қалби ва онгида ахборот иммунитетини тарбиялаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай иммунитетини шакллантиришда оила, маҳалла ва мактаб институтларининг аҳамияти беқиёс. Бошқача айтганда, ёш авлод вакиллари болаликдан болабоқ нима фойдали-ю нима зарарли, ёлғон нима-ю ҳақиқат нима эканини яхши англаб олиши лозим. Ҳозирги пайтда ёшларнинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган жиддий хатарлардан бири “оммавий маданият” номи билан индустриал асосда ишлаб чиқилаётган “санъат” намуналаридир. Аслида ҳақиқий санъат асаридан мутлақо йироқ бўлган, ғаразли мақсадларни кўзлайдиган айрим гуруҳларнинг бойишига хизмат қиладиган, миллий қадриятларимизга мутлақо зид бундай маҳсулотлар инсонни хаётдан йироқлаштиради, руҳан қашшоқ ва муте жонзотга айлантириб қўяди. Бундай “асар”ларда беҳаёлик, зўравонлик, ур-йиқит, фирибгарлик, гиёҳвандлик, майхўрлик каби иллатлар зимдан тарғиб қилинади, хаётнинг маъноси шундан иборат, деган зарарли ғоя томчи-томчи тарзида ёшларнинг қалби ва онгига зимдан сингдирилади. Бошқача айтганда, “оммавий маданият” ёшларнинг хаётини бутунлай заҳарлайди ва уларни ўз тарихи, миллий қадриятлари, ҳатто ота-онасини танимайдиган махлуққа айлантириб қўяди.
Мамлакатимиз биринчи президенти Ислом Каримов “Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” рисоласида:
“Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди, деб “оммавий маданият” хавфидан халқимиз, жамоатчилигимизни огоҳ этгани бежиз эмас. Чунки бундай хавф-хатарларнинг зарари бирданига кўзга ташланмайди. Балки йиллар ўтиши давомида аста-секин намоён бўла боради. Оммавий маданият биринчи навбатда фойда, мўмай даромад олишни кўзлаб ҳаракат қилади. Лекин у бундай фойдани эндигина ҳаётга кириб келаётган милионлаб покиза қалбларни заҳарлаш эвазига орттирмоқчи бўлади. Тарих шуни кўрсатадики, эркин бозор шароитида ҳамиша асл товарлар билан бирга, харидоргир, бозори чаққон, лекин сифатсиз маҳсулотлар ҳам кўп бўлади. Бундай ҳолатни бугунги кунда турли маданиятлар экспортида ҳам кўриш мумкин. Лекин бугунги кунда бу жараён табиий оқим тусини олмоқда. Яъни оммавий маданият бозорида товарни туя карвонига ортиб олиб келиши шарт эмас. У уйингиздаги, шаҳар ва қишлоғингиздаги кўпдан-кўп ахборот тармоқлари орқали сиздан рухсат сўрамасдан кириб келаверади. Биргина реклама роликлари орқали тарғиб этиладиган маданият ёки турмуш тарзи намуналарини олинг. Улар орқали гўёки эҳтиёж учун зарур оддий бир матоҳ тарғиб қилинаётгандек бўлиб кўринса-да, унинг замирида бизнинг миллий ахлоқимизга тўғри келмайдиган нимадир яширинган бўлади. Ана шу номсиз нимадир бориб-бориб, оммавий маданият, оммавий турмуш тарзи тамойиллари белгилайдиган кучга айланиш учун даъвогарлик қилади, бизнинг қалбимиздан миллий ўзлик туйғуси, ватан ҳиссини сиқиб чиқармоқчи бўлади. Масалан, ўзининг ҳурматини билган, қалбида озгина уят, ор-номус туйғуси бўлган инсон ҳеч қачон ҳамманинг олдида ечиниб ювинмайди. Лекин ойнаи жаҳон орқали бериладиган совун ёки соч ювиш воситасига таалуқли рекламада ана шундай ҳолатлар очиқчасига кўрсатилади. Баданига совун суркаётган аёл кишининг сув остида қандай ҳиссий холатни бошидан кечираётгани кўз-кўз қилинади. Мақсад сиз ҳам шундай рохатдан бенасиб қолманг, шу “бебаҳо” совунни сотиб олинг, деган мазмунда одамларнинг қўлтиғига сув пуркашдан иборат. Ҳолбуки, халқимиз ювиниш фойдали эканини шусиз ҳам яхши билади ва неча асрлардан буён тозалик-озодалик қоидаларига амал қилиб келади. Модомики шундай экан, бундай рекламалар ким учун? Ҳадис шарифда ва ислом шариати талқинига бағишланган бошқа кўплаб тарихий манбаларда ювиниш ва покиза юришнинг қоидалари жуда ибратли равишда тушунтирилади. Ота-боболаримиз минг йиллар давомида ана шу қоидалар асосида яшаб келган ва ҳеч қачон бошқалардан кам бўлмаган. Энди боягидек рекламалар ҳар куни ойнаи жаҳондан узлуксиз равишда кўрсатиб туриладиган бўлса, қани, айтинг, ана шу ҳикматларга тўла қоидаларни ўрганишда ёшларимизда рағбат-қунт бўладими? Улар ана, телевизорда тайёрини кўрсатиб турибди-ку, оддий ювиниш-таранишни ўрганиш учун ҳам китоб титиб ўтираманми, деган номаъқул хаёлга бормайдими? Боради албатта. Чунки одамзот ҳамиша осонини танлашга мойил. “Оммавий маданият” га қарши курашнинг энг самарали йўли йигит-қизларимизни ёшлигидан бошлаб юксак маданий савия, дид ва фаросат эгаси, мустақил фикрлайдиган, маърифатли қилиб тарбиялашдан иборат. Ана шундай фазилатларга эга бўлган ёшлар замирида вайронкор ғоялар ётган “оммавий маданият”намуналаридан ҳазар қилади.
“Оммавий маданият”нинг ёшлар орасида тарқалишини олдини олиш омиллари
- миллий мафкуранинг ҳар бир ғоясини амалга ошириш
- мукаммал таълим-тарбияга интилиш
- миллий урф-одат ва анъаналарга содиқ бўлиш
- миллий ва умуминсоний қадриятларни эъзозлаш
- миллий ахлоқ қоидаларига доимий амал қилиш
- Ислом дини кўрсатмалари асосида ақидавий софликни сақлаб қолиш
- мунтазам спорт билан шуғулланиш
- миллий ҳунармандчиликни ўрганиш, ҳунар эгаллаш
- эзгуликка чорловчи китобларни ўқиш
- миллий ўйинлар ўйнаш
- интеллектуал ўйинлар ўйнаш
- маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиш
- турли кўрик-танлов ва фестивалларда қатнашиш
- маданий-маърифий тўгаракларга қатнаш
- мафкуравий иммунитетни кучайтиришга қаратилган кўрсатув, эшиттириш ва тадбирлардан хабардор бўлиб туриш
- аждодларнинг тарихий, адабий-бадиий меросини ўрганиш
- билимларга асосланиб, мустақил фикрли ва қатъий эътиқодли бўлиш
ТИИ 4-курс талабаси
Норматов Сирожиддин