islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Улуғбек академиясининг Ислом олами илм-фан тараққиётига таъсири

Ўзбек миллатининг шуҳратини жаҳонга таратган Мирзо Улуғбекни Самарқандда машҳур мадраса ва расадхона қурган, ўз даврида энг мукаммал ҳисобланган юлдузлар жадвали муаллифи, Вольтер ибораси билан айтганда, Самарқанд академиясига асос солган олим сифатида яхши билишади.

Бугунги кун кўзи билан қаралганда ҳам Улуғбек академиясининг илмий мероси ва тарихий аҳамияти жуда муҳимдир. Улуғбек академиясини бугун Европада кенг тарқалаётган “Университет 3.0” – фан-таълим ва инновация моделининг прототипи дейиш мумкин. Чунки Улуғбекнинг академиясида математика, астрономия, физика соҳаларида фундаментал билимлар бериш билан бирга, инновацион методлар яратилган ва улар асосида мутлоқ янги билимларга асос бўлувчи илғор тадқиқотлар ўтказилган. Ушбу инновацион методлар ёрдамида 1018 юлдузнинг координаталари юқори аниқликда ўлчанган, Ер, Ой, Қуёш ва бошқа планеталарнинг ҳаракат траекториялари мунтазам равишда кузатилиб борилган.

Мирзо Улуғбекни олим сифатида барча қирраларини очиб берувчи ўша даврларда ёзилган мукаммал манба ва китобларнинг барчаси ҳам бизгача етиб келмаган. Улуғбек ва унинг сафдошлари тўғрисидаги тўлиқроқ маълумотларни Давлатшоҳнинг “Тазкират уш-шуаро” (1486-1487 йиллар) баёзида учратиш мумкин.

“Улуғбек … адолатли, қудратли ва мурувватли шоҳ – олим бўлган эди. У олимликнинг юқори даражасига эришди ҳамда нарсаларнинг моҳиятини чуқур англай олди… Геометрияда у Евклид, астрономияда Птоломей каби эди”, деган сўзлари Улуғбекни нафақат астроном, шунингдек, истеъдодли математик эканлигини ҳам кўрсатади.

Ғиёсиддин Кошийнинг отасига ёзган хатида ҳам Мирзо Улуғбек ва унинг ҳамкасблари, расадхона қурилиши ва уни жиҳозлашга оид қимматли маълумотлар бор. Тахминан 1417-1418 йилларда Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ҳужраларида ёзилган ва карвон орқали Эроннинг Кошон шаҳрига жўнатилган Мирзо Улуғбекнинг шогирди Ғиёсиддин Жамшид ал-Кошонийнинг отасига йўллаган мактубидаги бир парча Самарқанд илмига ва хусусан, Мирзо Улуғбекка берилган энг юксак баҳо ва эътироф дейиш мумкин:

“Кошонда ва унинг атрофида бир-икки киши илм билан шуғулланиб, ўз яқинларини ишонтиришади, айримлари ўз билимларига эга бўлсалар-да, уларни ҳеч ким тан олмайди. Ҳақиқий аҳвол эса уларнинг ҳеч бирларига маълум эмасдир. Самарқандда эса аҳвол бутунлай бошқачадур. Чунки султоннинг ўзлари олимдур…. Беқиёс алломадир. Ва ҳозирда Самарқандда энг машҳур алломалар тўпланишган. Бу алломалар дунёдаги мавжуд илмларнинг катта билимдонларидир”.

Улуғбекни илмий мероси тўғрисида гап кетганда, фақатгина унинг ўзи бевосита бажарган ёки қатнашган илмий тадқиқотлар ва кузатувларни эътиборга олиш мантиқан тўғри эмас. Улуғбек илмий мероси бу — у яратган мактаб намояндалари, сафдошлари, шогирдлари ва қолаверса, унинг таъсирида астрономия ва бошқа фанларни ривожига ҳисса қўшган жуда кўпчилик инсонларнинг илмий натижа ва ютуқларини ҳам эътиборга олиш керак бўлади.

Таъкидлаш жоизки, “Улуғбек Зижи“, унга ёзилган шарҳлар, Улуғбек мактабининг вакилларининг асарлари ва илмий фаолиятлари биргаликда Самарқанд астрономия мактаби жаҳон илм-фани тарихида такрорланмас ҳодиса ва умумбашарият илмий мероси эканлигини исботлайди. Фан тарихи тадқиқотчиларининг эътироф этишлари бўйича Улуғбек астрономия мактаби эришган ютуқлар дунёда табиий фанлар ривожланишида муҳим аҳамият касб этган.

Улуғбекнинг Зижи ёзилгач, анча вақтлардан кейингина унинг номи дастлаб мусулмон мамлакатларига, кейинчалик эса Ғарб давлатларига тарқалган. Бу жараённинг секин кечиши, ўзаро урушлар туфайли, Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўртасида мунтазам илмий-ахборот алмашинув алоқаларининг бузилиши, иккинчидан, бу асарни форс ва араб тилларида ёзилиши ва учинчидан, бу энг асосий бўлса керак, шу даврларда Европа ва Осиё мамлакатларида астрономия илми бўйича нуфузли олим-мутахассисларнинг йўқлиги ва умуман бу фаннинг тараққиёт даражасининг пастлиги туфайли Улуғбек тадқиқотларининг мазмун-моҳиятини тўласинча тушунмаслик сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Улуғбек вафотидан кейин Расадхона фаолиятининг сустлаши ва ички низолар туфайли шогирди Али Қушчи 1470 йилларда Истанбулга кўчиб кетади ва Муқаддас София мачити қошидаги мадрасада ишлаши давомида Улуғбекнинг астрономия соҳасидаги тадқиқотлари турк-ислом оламига, кейинчалик эса Европа мамлакатларига ҳам кенг тарқалади. Али Қушчи Истанбулда Византия олимларини Самарқанд мактабининг кашфиётлари билан таништиради.

Қозизода Румий 1400 йиллар бошида Бурсадаги Усмонли мадрасаларининг тажрибаси ва фанлар тизимини Улуғбек мадрасасига жорий қилган бўлса, орадан 50 йиллар ўтиб, Али Қушчи Улуғбек мадрасасининг ўқув ва илмий ишлар тажрибасини Истанбулдаги Муқаддас София мадрасасига жорий этди. Анадолу ва Туркистон туркий цивилизацияси орасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тарихи ана шундай бошланган деган хулосага келиш мумкин.

Улуғбекнинг юлдузлар тўғрисидаги каталогига оид маълумотлар Ғарбий Европада XVII асрнинг ўрталарида нашр этила бошлади. Оксфорд университети профессори Жон Гривс 1643 йилда биринчилардан бўлиб Улуғбек юлдузлар жадвалига бағишлаб илмий мақола ёзади, лекин бу иш нашр этилмай қолиб кетади. 1648 йилда эса Гривс томонидан 98 та юлдуз ҳолати тўғрисидаги материал тайёрланади ва уни Оксфорд университети профессори Брайнбриж нашр қилдиради. Шу йилнинг ўзида “Улуғбек Зижи”нинг географияга тегишли қисми Ж.Гривснинг шарҳи билан нашр этилади.

Шу олим ташаббуси билан 1650 йилда Лондонда “Хронология” номи билан “Улуғбек Зижи”га ёзилган сўз бошининг биринчи қисми чоп этилади. 1665 йилда Оксфорд кутубхонаси қўлёзмалари ходими, шарқшунос олим, Томас Хайд “Улуғбек кузатишлари орқали аниқланган ҳаракатсиз юлдузларнинг узунлиги ва кенглигига оид жадвал” номи билан тайёрланган иш лотин ва форс тилларида чоп этилади.

Оксфорд ва Лондондаги “Улуғбек Зижи” тўғрисидаги мақолалар ва шарҳлар Улуғбек илмий меросини Ғарбий Европада кенг тарқалиши ва ўрганилишида муҳим бурилиш бўлди. Астрономлар ва табиий фанларнинг йирик вакиллари, олимлар “Улуғбек Зижи”ни тарихда Гиппарх-Птоломей жадвалларидан кейин иккинчи кашфиёт эканлигига урғу берадилар.

Мирзо Улуғбекнинг астрономия соҳасидаги илмий меросининг бебаҳолиги шундаки, биринчидан, у ҳали Галилейнинг кўриш трубаси ва оптик телескоплари яратилмасдан 175-180 йиллар олдин юлдузларнинг осмон сферасидаги координаталарини, ёруғликнинг оптика соҳасидаги билимлари, геометрия ва тригонометрия қонунларидан фойдаланиб, янги метод асосида экспериментал ўлчади. Иккинчидан, бу ўлчаш натижалари ҳозирги энг замонавий асбоб-ускуналар билан ўлчаш натижалари билан ниҳоятда кам фарқ қилади. Учинчидан, унинг юлдузлар каталоги Гиппарх-Птоломей давридан кейинги энг мукаммал ва ишонарли каталог ҳисобланади.

Мирзо Улуғбекнинг жаҳонаро эътирофини, XVII асрларда яшаган буюк поляк астрономи Ян Гевелий ўзининг машҳур “Астрономия асослари” асарига Улуғбекнинг каталогини киритиш ва бу китобдаги турли даврлардаги энг машҳур астрономлар қаторида Улуғбек бобомизнинг тасвирланиши, XVII асрдаёқ унинг номи билан Ойдаги кратер ва 1977 йилда Қуёш тизимида кашф этилиб, Гарвард марказида 2439-рақам билан рўйхатга олинган кичик сайёралардан бирининг аталишида ҳам кўриш мумкин.

Улуғбек даҳосини билиш ва тушуниш учун ўша давр кўзи билан қараш лозим бўлади. Лекин олимнинг мураккаб ҳаёти, ўша даврдаги сиёсий-иқтисодий аҳвол, тахтлар учун бўлган курашишлардаги барча муҳим жиҳатларни билиш қийин. Чунки ўша даврларда фан тарихини ўрганувчи мутахассислар кам бўлганлиги, Улуғбекнинг ҳаёти ва олимлик фаолиятини ёритган тарихий адабиёт ва манбаларнинг барчаси ҳам бизгача етиб келмаганлиги, унинг оламшумул тадқиқотчилик ва жамоат фаолиятига ҳасад билан қаровчи шахслар ва ғоявий душманлар томонидан махсус ёздирилган маълумотлар ҳам бунга сабаб.

Масалан, яқин-яқинларгача Мирзо Улуғбекнинг қатл этилишини турлича изоҳлаб, унинг ўлимида Хўжа Аҳрорнинг қўли бор, деган гумонлар нафақат илмий асарлар, ҳаттоки совет давридаги дарсликлардан ҳам ўрин олган эди. Самарқанднинг асл фарзанди, адабиёт тарихи соҳасининг билимдони, академик Ботурхон Валихўжаевнинг дадил фикрлари ва исботларидан кейин бу «ғоя»га ниҳоят чек қўйилди. Улуғбекни худосизликда айблаб, уни ўлимини ислом динига боғловчилар ҳам кам бўлмаган. Бу «ғоя»нинг ҳам пучлигини таниқли археолог-тарихчи олим А.Бердимуродовнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари ва мақолаларида кўриш мумкин.

Мамлакатимизда Улуғбек номи Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтига берилиши, Улуғбек номидаги Давлат стипендиясининг таъсис этилиши, унинг илмий ва маданий меросларини ўрганиш ва тарғиб қилиш давлатимиз раҳбарининг асосий эътиборида бўлиши билан ҳам қимматлидир.

Мухтасар айтганда, Мирзо Улуғбекнинг математика ва астрономия илмий мактаби турк-ислом олами илм-фани тараққиётига муносиб таъсир кўрсатган. Улуғбек илмий-маданий меросини ўрганиш янгиланаётган Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга тамал тоши қўйилаётган ҳозирги даврда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро миқёсда конференция ва симпозиумлар ўтказиш мақсадга мувофиқ деб биламиз.

Мўмин Қодиров,
“Истиқбол” тадқиқот маркази ННТ лойиҳа координатори, ЎзА

268770cookie-checkУлуғбек академиясининг Ислом олами илм-фан тараққиётига таъсири

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: