Олий маъҳад 1971 йил ташкил топган бўлса, шу вақтга қадар, 50 йиллик фаолияти давомида кўплаб уламо, давлат арбоблари ва диний-маърифий соҳанинг забардаст вакилларини етиштириб чиқарди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Олий Маъҳад битирувчилари орасидаги илми, заковати, шижоати ва набавий ахлоқи билан юртимиз ва бутун дунёга танилган энг етук аллома эди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк битирувчиси, ўқитувчиси ва ректори бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий меросини ўрганиш, шахсиятини яқиндан таниш, босиб ўтган фаолиятини ёшларга етказиш ҳамда Исломга бағишлаган умридан ибрат олиш мақсадида Олий маъҳаднинг 50 йиллик юбилейи доирасида тадбир ташкил этилди.
Тошкент ислом институтида Ахборот-ресурс маркази “Ҳилол-Нашр” нашриёти билан ҳамкорликда “Исломга бағишланган умр” номли ҳужжатли фильм ҳамда “Муҳаммадга содиқ Муҳаммад” ва “Исломга бағишланган умр” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда “Ҳилол-Нашр” нашриёти вакиллари, фильм ижодкорлари ҳамда Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Тошкент ислом институти проректори Умиджон домла Ходжаев тадбирни кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди ноиб-имоми Ҳасанхон қори Абдулмажидов, ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Саидаҳмедов ва “Ҳилол-Нашр” нашриёти муҳарири, фильм ижодкори Озод Мунаввар сўзга чиқиб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ибратли ҳаёт йўли, илмий фаолияти ва шахсий фазилатлари билан боғлиқ хотираларини талабаларга сўзлаб бердилар. Маърузачилар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган “Исломга бағишланган умр” номли ҳужжатли фильмнинг ғояси, вужудга келиш тарихи, иш жараёнлари ва томошабинларга берадиган фойдаси тўғрисида маълумот бердилар.
Фильмни тайёрлаш жараёни 2018 йилда бошланиб, 2022 йилда якунланди.
Фильмнинг баъзи кадрлари Тошкент ислом институтида ҳам тасвирга олинди.
Сабаби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ 1971-1975 йиллари Олий маъҳадда таҳсил олиб, таълим муассасасининг илк битирувчиси ҳисобланади.
Шайх ҳазратлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида:
1981 йилда ўқитувчи;
1982 йилда ректор муовини;
1984 йилда ректор вазифаларида ишлади;
1981-1989 йилларда Тафсир, Ҳадис, Улумул Қуръон, Ақида фанларидан дарс берди.
Олий маъҳаднинг ўқув дастурига “Қуръон илмлари”, “Улумул ҳадис”, “Роваиъул баян”, “Манҳалул ҳадис” каби бир қанча дарсликларни олиб кирди.
🔻Фильмни томоша қилинг:
1-қисм:
2-қисм:
Шунингдек, шайх ҳазратларининг дин ва жамият ривожи йўлида олиб борган саъй-ҳаракатларини баён қилувчи “Муҳаммадга содиқ Муҳаммад” ва “Исломга бағишланган умр” китобларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирлар доирасида институт Ахборот-ресурс маркази томонидан ўқитувчи ва талабалар учун “Ҳилол-Нашр” нашриётида чоп этилган китобларнинг кўргазма савдоси ҳам ташкил этилди.
ТИИ Матбуот хизмати