islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МЕН ҚАДР КЕЧАСИНИ ТОПДИМ!..

БУ ФАРЗАНДЛАРИМГА ЗЎР ҲАЙИТЛИК БЎЛДИ!

Мен каби оталар талайгина топилса керак. Ҳар кеча ётиш олдидан менда бир муаммо бўлади. Фарзандларим “дадажон, бугун сиз эртак айтиб берасиз, алайҳиссаломлар қиссасини айтиб берасиз”, деб ёлворишади. Мен кўп ҳолларда бу ишни оналарига юклайман. Лекин бола барибир, ҳар куни бир одамдан эртак эшитишдан малолланади шекилли, “сиз ҳам айтиб беринг, ҳар куни аяжоним айтиб берадилар”, деб мени койишади. Мен унча эртак билмаслигимни, оналари кўп эртак билишини такрорлайман. Баъзида қўлга тушиб қолсам, қўлимдан баъзи бир пайғамбарлар қиссасини тўмтоқ қилиб бўлса ҳам айтиб бераман. Бир неча яхши эртак китоблар олиб берганман. Жумладан, Шайх Абулҳасан Надавийнинг Анвар Аҳмад домла таржима қилган “Пайҳамбарлар қиссалари” китобини оналари ўқиб берган. Болалар китобини севиб ўқийдиган ёзувчи Эркин Маликнинг “Шайтонваччанинг найранглари” китобини ҳам баъзи жилдларини мириқиб эшитишган.

Чамаси икки ойлар илгари жонли эфирда Аброр Мухтор Алий домла ўғли билан чиқиш қилиб (Аллоҳ барчаларини офиятда қилсин), унда ўғли “365 кунга 365 ибратли ҳикоя” деган китобдан болалар боп икки ибратли воқеани айтиб берганди. Аброр домла китобни болалар учун йилнинг ҳар кунига етарли 365 та ибратли ҳикояси борлигини айтгандилар. Мен ҳам шу китобни олиб беришни дилга тугиб қўйгандиму яна ўша ўзимга хос танбаллигим сабаб шу вақтгача на уни қидирдим, на олиб бердим.

Болаларга муносиб адабиётга қизиқишим, ўша болаларни тарбия қилувчи оналарга муносиб қўлланма адибиётларга қизиқишим олдида ҳеч нарса эмас. Чунки ёш бола отасидан кўра, онасидан кўпроқ ранг олади, унинг тарбияси боланинг келажагини ҳал қилади. “Ўғил болага таълим берсанг, бир шахсга таълим берасан. Қиз болага таълим берсанг, миллатга таълим берган бўласан” деган ҳикматли гап бежиз эмас. Зеро, у қиз она бўлади, миллат мураббияси бўлади. Онанинг фарзандлари тарбиясидаги нўноқлиги уларнинг келажагига болта уради.

22 апрель куни “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида ифторлик қилгач Шоҳмирза домла билан оналар ва болаларга оид адабиётлар ҳақида гаплашиб қолдик. Шунда у киши менга турк миллатига мансуб психолог ва ёзувчи хоним Хадича Кубро Тонгарнинг “Бақирмайдиган оналар” номли китоби борлигини айтдилар. Мен улардан топиб беришларини илтимос қилдим. Эртасига телеграмм орқали у китоб қайси дўконда борлигини ҳавола қилдилар(Аллоҳ ундан рози бўлсин). (Шунингдек, айнан шу муаллифнинг “Бақирмайдиган болалар” номли китоби ҳам борлигини айтдилар. Менимча, ҳали нашр этилмаган чоғи, интернет орқали қидириб топа олмадим). Бу китобларни номини эшитиб қанчалик хурсанд бўлганимни сўз билан ифодалаб бўлмайди… Уларни ҳам зудлик билан сотиб олишни ният қилдиму яна ўша “ғайратлилигим” сабаб ҳануз сотиб олганимча йўқ. (Тўғри, ишларни кечиктириш одатим, беҳимматлигим бор, охирги пайт бироз ишларим ҳам кўпайди(баҳонам). Аллоҳ 15 апрель муборак жума тонгида  қиз неъмати билан сийлаган, дуо қилсангиз хурсанд бўламан. Икки ойдан зиёддан буён соғлигимни тиклаш билан овора бўлиб, жисмонан зўриқдим ҳам чоғи, яна ана у моянанинг иммунитети ҳам менданда нотавонда😁 қуриб кетмагур). Ўзи аслида ғайратим бўлса, шу сотиб олмоқчи бўлган китобларимнинг араб тилидаги вариантлари ўзимда бор. Ўшалар ҳам етади, қачонки, ғайрат қилиб ўз болаларимга таржима қилиб айтиб берсам. Араб тилида бир қанча болалар боп китоблар олганман, уларга доим ўқиб беришни ният қиламану лекин ҳимматсизлигим панд бераверади. Пайғамбарлар қиссаларига оид баъзи расмли 10 бетлик китобчалардан бир нечтасини айнан улар учун ўзимча таржима ҳам қилганман, таҳрир ҳам қилдириб, айнан ўша расмли китобларнинг арабча жойи ўрнига ўзбекча таржимасини жойлатиб, сайтларда ҳам чиқарганману, яна турли баҳона билан охирига етказмадим ва ҳеч китоб қилиб чоп этишга жиддий қасд қилмадим. Рамазон файзидан шу кунларда яна “вақтинчалик ҳимматим” уйғондими билмадим, шуларни давом эттириб, болалар ёзувчилари таҳриридан ўтказиб, бола тилида содда бир китоб нашр этиш қасди ҳам уйғониб турган эди…

Кеча Тошкентда маҳалла масжидимизда Қадр кечасида хатм якуни эди. Орада онам билан гаплашиб (ота-онам қишлоқда яшайдилар), уларга баъзи керакли дориларини таксист ёллаб олдириб келиб бериб, хуллас, анчайин хурсанд қилиб, бирга келаси йил рамазонга яхши ниятлар қилиб, фарздандларимиз ҳақларига шу кечада алоҳида дуолар қилишларини сўрадим, яқинда  қиблагоҳимга ҳам шифокор гаплашиб бергандим, улар ҳам ифтордан кейин муолажага чиқиб кетган эканлар, онамнинг дориларини олиб берагнимга улар янада хурсанд бўлгандирлар. Онамлар Рамазон фироғи ва менинг арзимас илтифотимдан хурсандликларидан йиғлаб дуоларини бошлаган эдилар, уларга хайрли тун тилаб телефонни қўйдим. Аниқ биламанки, улар кечаси биргаликда бизни алоҳида дуолар қилганлар… Кеча маъҳаддан ҳайитлик қилиб бироз бозорлик ва болаларга сумкачада совға беришди (Аллоҳ эҳсон қилган ва унга далолат қилганлардан рози бўлсин). Қадр кечаси муносабати билан шу совғадан бир қисмини бериб,  уч-тўртта ёш болачаларни хурсанд қилдим…

Саҳар вақти олий маъҳадга бориб, талабалар билан суҳбатлашдик,  бомдодни ўқигач талабалар ётоқхонасидаги бўш хонага кириб ухладим. Уйғонгач одатдагидек, телефонни олиб, телеграмга кўз югуртириб, курсдошлар группамизда келган бир эълонни кўрдиму, мен бу кеча Қадр кечасини топгандек бўлдим. Бу қувончни таърифлашдан тил ожиз, ишонинг, мен қидирган нарсамни топдим, орзуйимга етдим, зиммамдаги буюк бир масъулиятимни бажариш имконияти туғилганидан севиндим! Биласизми мен нима топганимни? Мен Қадр кечаси тонгида суюукли  Пайғамбарим алайҳиссалом “отанинг ўз фарзандига бериши мумкин бўлган энг зўр совға, энг афзал туҳфа” деб атаганлари муборак ҳадяни топдим. Мен ҳусни хулқ-чиройли ахлоқ, гўзал одоб, энг самарали тарбия ва иншааллоҳ, миллатнинг порлоқ келажаги пойдеворига қўйилажак илк  пишиқ ғиштини топдим… у муборак муждада “Болажонлар учун ажойиб туҳфа” дейилиб, дарҳақиқат, уч ажойиб китоб тақдим этилган эди…

  1. “Суюкли Пайғамбарим билан 365 кун (647 бет)”;
  2. “Суюкли Пайғамбаримнинг дўстлари билан 365 кун (527 бет)”;
  3. “Суюкли Қуръон китоби билан 365 кун (647 бет)”.

 

Бу муборак китоблар мен болажонлар учун нашрга тайёрлашни дилга туйганим китобчалардан анча мукаммал чиқибди. Аввало, бола тилида, иккинчидан, китобни болалар тушунишига ёрдам берувчи суратлар билан безатилган, учинчидан, мавзулар изчиллиги эътиборга олинган, ҳозирча била олганим охирги ютуғи шуки, QR-код орқали ҳар бир мавзунинг аудио шаклини тинглаш ҳам мумкин. Булар менга чин маънода ҳақиқий Қадр кеча туҳфаси ва Рамазон Ҳайити совғаси бўлди.

Яна ўша ҳамманинг жонига теккан масала ярамас “ақча” барибир бизни доим ўзига тортади: 26 апрель куни институтдан Ҳайит байрами учун пластигимизни йўқлашган эди. Юқоридаги дориларни ҳам шундан олган эдим. Байрам байрамдек бўлсин деб, Ўзи берганидан Ўз йўлига сарфлаш асл бахт эканини ҳис қилиб, яна Ўзининг “Эй иймон келтирган (одам)лар, ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси инсонлар ва тошлар бўлган олов(Дўзах)дан сақлангиз” оятидаги буйруғи масъулиятини бажариш илинжида ҳеч ўйланмай учала китобни ҳам сотиб олдириб келдим. Бугун маъҳадда бир неча тадбирлар бўлгани боис китобни кечроқ қўлга олдим ва бошидаги баъзи мавзуларини ҳамда мундарижасига кўз югуртира олдим холос. Китоб услуби “биринчи кун”, “иккинчи кун” деган тартибли ва мавзулари изчил экан. Мен уларнинг на муаллифлари ва на нашрга тайёрловчиларини танидим. Ҳеч иккиланмай сотиб олганим ва керак бўлса, ҳозир уларни ҳар бир ота-онага уларни тавсия этишим шунданки, учала китоб ҳам Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосаси асосида “Мунир” нашриётида чоп этилибди. Бугунги кунда мазкур экспертизанинг илмий салоҳияти ва диний мазмундаги адабиётлардаги маълумотлар тўғри ҳамда соғлом ақидага асосланган бўлишига жиддий эътибор беришига аминман.

Моддий неъматлар қанчалик олий бўлмасин, у емак-ичмакларнинг ҳузурини бир қўпол нарса кўриши халқ мақолида аксини топган. Маънавий озуқа бўлмиш неъматлар асли бебаҳо ва ҳузурини бу дунёда тугатиб бўлмайди, Охиратда ҳам лаззати давом этади…

Китобларнинг ҳар бири икки кгдан суякли гўштнинг нархига тенг экан холос. Аллоҳ Ўзи берган мол-мулкни Уни танитиш учун сарфлаган олийжаноб ота-оналарга баракалар бериши шубҳасиз. Аллоҳ таолонинг Пайғамбари алайҳиссалом эса “Ота ўз боласига чиройли одобдан афзал бирор совға бера олмас” (Имом Термизий ривояти) ҳадисига амал қилиб фарзандига соғлом ақида, чиройли одоб ва гўзал хулққа ундовчи китоб олиб берган умматидан фахр этишлари аниқ!..

 Қадр кечалари барчамизга насиб этсин, ундаги дуоларимиз ижобат бўлсин ва Ҳайитлик совғаси бўлмиш бу китоблар барчага буюк Рамазон Ҳайитидек муборак бўлсин! Омийн!!!

PS: буни заказ билан рекламага ёзмадим. Мени биров танимайди😁. Юқорида айтганимдек, на муаллиф, на ноширни танийман. Қидирган нарсасини топиб хурсанд бўлган одам сифатида ёздим. Ўзи анчадан бери илҳом тарк этган мени. Мабодо, келгусида китоб шуҳрат топса, ҳой китобчи оғалар, нархни ошириш йўқ. Бундай китобларни арзонлатиш пайида бўлиш керак. Маърифатга ғов бўлиш ярамайди.

Ҳа айтганча, ана у “Бақирмайдиган оналар”ни ҳали олмадим. Иншааллоҳ, уни ҳам “болалар”и билан қўшиб сотиб оламан. Кимга ёқмайди ахир бундай одобли она-болалар!..

Бу қораламани ёзилган кеча ҳам Қадр бўлсин илоҳим!.. 02:36/28-рамазон, 1443 ҳижрий тарихда якунланди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

мудири Баҳодиржон Баҳромжон ўғли

295920cookie-checkМЕН ҚАДР КЕЧАСИНИ ТОПДИМ!..
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: