islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Диний таълим муассасаларининг фаолияти учун лицензия қай тартибда олинади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февраль 80-сонли Қарори билан Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом тасдиқланди.

Мазкур низом билан 28 та лицензияланадиган фаолият турларининг паспортлари тасдиқланди. Фаолият турлари ичида диний фаолиятни, хусусан диний таълим муассасаларининг фаолиятини ҳам лицензиялаш назарда тутилган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва низоми билан Тошкент ислом институти ўқитувчи ва ходимларни таништириш, диний фаолиятни лицензиялашнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.

ТИИ ректори У.Ғафуров тадбирни кириш сўзи билан очиб бергач, институт юрисконсульти Жавоҳир Низамов лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом билан иштирокчиларни таништирди.

Эндиликда барча аризалар электрон тарзда “Лицензия” ахборот тизими (license.gov.uz) орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида қабул қилинади.

Фуқароларнинг давлат органларига “бориш” ва “кутиш” каби ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилди.

Диний фаолиятга тегишли Диний таълим муассасаларининг фаолияти учун лицензия олиш https://license.gov.uz/service/5225 манзилига кириб ариза бериш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита

лицензияловчи ташкилот бўлиб, юридик шахслар учун хизмат кўрсатилади.

Аризачи давлат божи сифатида 2 700 000.00 сўм тўловни амалга оширади. Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмаган тарзда берилади.

Лицензия олувчи диний таълим муассасаларининг фаолиятига доир маълум бир талаблар қўйилган бўлиб, саҳифада санаб ўтилган.

Лицензия олиш учун ариза ваколатли органга “Лицензия” АТ ёки ЙИДХП орқали тақдим этилади.

Махсус электрон тизим орқали лицензия берганлик учун йиғим ва давлат божи тўловлари амалга оширилганлиги онлайн текширилади ҳамда QR-код қўйилган лицензия бланкаси автоматик равишда шакллантирилиб, талабгорнинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.

Лицензия олишда талабгорнинг бошқа келишиладиган органлардан хулосасини олиб, аризага илова қилиш амалиёти бекор қилинди.

Бир дарча тамойили асосида лицензияловчи органнинг “Лицензия” АТ орқали тегишли хулосаларни бошқа органлардан ўзи олади, хулоса ўз вақтида тақдим этилмаса, ижобий хулоса олинган деб ҳисобланади.

Лицензияловчи ҳужжатларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш лицензияловчи орган ёки суд томонидан амалга оширилади.

Талабгорнинг лицензия бериш ҳақидаги аризасини биринчи марта кўриб чиқиш жараёнида лицензия берилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда ушбу аризани кўриб чиқиш рад қилинмасдан камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга муддат берилиши белгиланди.

Талабгор лицензияловчи орган қароридан норози бўлса фақат судга мурожаат қилиш эмас, низони судгача кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Эндиликда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорларни республика даражасида қабул қилувчи ваколатли органларда мавжуд ходимлар орасидан 5 кишидан иборат шикоятларни кўриб чиқиш бўйича Апелляция кенгаши ташкил этилади.

Апелляция кенгаши низоларни тезкор кўриб чиқиб, қонуний ҳал қилиш имкониятини беради. Лекин фуқаролар хоҳласа апелляция кенгашига мурожаат қилмасдан тўғридан тўғри судга ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Мазкур қарор 2022 йил 1 мартдан кучга кирди.

ТИИ Матбуот хизмати

297800cookie-checkДиний таълим муассасаларининг фаолияти учун лицензия қай тартибда олинади?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: