islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Хатмона – 2022” битирув тадбири бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018-2022 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2022” битирув тадбири бўлиб ўтди.

“Хатмона – 2022” битирув тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, раис биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Матбуот хизмати мудири Муҳаммадаюбхон домла Ҳомидов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлар бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий  ўқитувчилари, Имом Мотуридий илмий тадқиқот маркази ходимлари, ўрта махсус ислом таълим муассасалари мудирлари ва бошқа мартабали меҳмонлар ташриф буюрдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институтида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрий имом-хатиблар ва ходимлар ҳам таклиф этилди. Абдулҳамид домла Турсунов, Раҳматуллоҳ қори Обидов, Зоҳиджон домла Қодиров, Аҳмаджон домла Бобомуродзода каби фахрий устозлар тадбирда қатнашдилар.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Хатмонада ЎМИ Матбуот хизмати ходими Абдулқаюм Йўлдошев бошловчилик қилди. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Муҳаммадюсуф Ҳомидов томонидан Қуръон карим тиловати қилингач, муфтий ҳазратлари дуо қилдилар.

“Хатмона-2022” тадбирини очиб бериш учун сўз Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровга берилди.

Бу кун тинч юртимда тўй-шодиёна,

Азиз меҳмонларнинг файзи бўлакча.

 Ҳар қанча айтмайлик сўз шоирона,

Қадри йўқ энг яхши эзгу тилакча.

Битирувчиларни табриклаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров минбарга таклиф қилинди.

Шунингдек, Дин ишлар бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов ҳамда доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ҳам талабаларни шодиёна билан муборакбод этди.

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Шундай экан, ўз дил изҳорларини устозларга билдириш истагида бўлган тадбир қаҳрамонлари бўлмиш азиз битирувчиларга навбат берилди.

Ота-она эрур ҳаёт гултожи

Фарзанд камолини ўйлар эрта-кеч

Бири олим, муаллим, бириси ҳожи

Уларнинг ёмони бўлмагайдир ҳеч.

Навбатдаги сўз битирувчиларни табриклаш ва уларга таълим берган устозларга ўз миннатдорчиликларини билдириш учун хатмона кечасига ташриф буюрган қадрли ота-оналарга берилди. Улар мана шу тўрт йил мобайнида фарзандларига таълим берган устозларига қалб сўзларини изҳор этдилар.

Битирувчи курс талабаси Оятуллоҳ Қобулов институт ҳақида ўзи ёзган шеърни ўқиб берди.

Ҳамд Аллоҳгадир, Расулига саловат,

Қалб тўла алам, йўқдир ҳаловат,

Аччиқ кўз ёшимга қилма маломат,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Қадринга етмадик шамолдек ўтди йиллар,

Ғанимат билмадик вайрон бўлди диллар,

Таърифин қилай десам, ожиздир бу тиллар,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Етишиб чиқди сендан не-не зотлар,

Муфтий, шайхул-ислом, олим-у қурролар,

Гувоҳдир бунга ярим асрлик замонлар,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Сендадир фидоий азиз устозлар,

Кўкларга қадринг кўтарган улуғ устозлар,

Дин ғамида сочи оқарган буюк устозлар,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Бизларга илм берди олим устозлар,

Фақиҳ, муҳаддис, муфассир, моҳир устозлар,

Ақоидда пешқадам, камтарликда намуна,

Хулқи Қуръон бўлган, зоҳид устозлар,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Бағрингда таълим олдик курсдошлар билан,

Кўзи ёнган шижоатли қалбдошлар билан,

Бир мақсад йўлидаги елкадошлар билан,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Тавсиям сизларга маъҳаддаги толиблар,

Қадрига етин улуғ макон, ғанимат фурсатлар,

Омонатдир сизларга азиз устозлар,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Ҳижрон азоби осон эмас, биламан,

Айрилиқ вақтинчалик, умид қиламан,

Насиб қилса бағринга яна қайтаман,

Айрилмоқдаман сендан азиз маъҳадим!

Шундан сўнг, ўқиш давомида турли йўналишларда етакчи бўлган талабалар эътироф этилиб, мақтов ёрлиқлари топширилди.

Сийрат бўйича етук олим Абдулазим домла Зиёуддин битирувчи шогирдларига устозлик ўгитлари ўлароқ насиҳат қилди. Ўқув ва илмий ишларни такомиллаштириш, ўқитувчи ва талабаларни моддий-маънавий қўллаб қувватлашдаги амалий ёрдами учун ЎМИ Таълим ва илмий тадқиқот бўлимига миннатдорчилик сифатида бўлим мудири Салоҳиддин Шерхоновга ташаккурнома топширилди. ТИИ битирувчиси, “Нажот таълим” ўқув маркази асосчиси Темурбек Адҳамовга таълим йўналишидаги ҳамкорлиги учун ташаккурнома берилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот ҳамда Масжидлар бўлими биргаликда битирувчиларни юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом вазифаларига, шунингдек олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи лавозими бўйича ишга тақсимот қиладилар.

Таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар магистратура босқичида ўқиш учун республика олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

ТИИ Матбуот хизмати

312320cookie-check“Хатмона – 2022” битирув тадбири бўлиб ўтди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: