islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Товуқларни механик равишда сўйиш турлари

Бугунги тараққиёт ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг кескин суратда ортиб кетиши ҳамда бошқа сабаблар ҳайвонларни сўйишда автоматик қурилмалардан фойдаланишга мажбур қилмоқда. Шу эътибордан ҳозирги кунда кўплаб давлатларда бир кунда минглаб бош ҳайвонни сўйишга мослашган замонавий ва жиҳозланган қушхоналар пайдо бўлди. Бу ускуналар жонлиқларнинг турига қараб ишлаш услуби турлича. Шундай экан уларнинг шаръий ҳукмини билиш лозим. Қуйида меҳаник равишда сўйиладиган ҳайвонлардан фақатгина товуқларни сўйишга доир масалаларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Товуқ сўйиш ускунаси улкан бир автомат қурилма бўлиб, сўйишнинг барча амалиётларини биргина жиҳознинг ўзи бажаради. Айрим ҳолларда эса улар бир-бирини тўлдирувчи қурилмалар тизимида бажарилади. Бу шаклдаги айрим жиҳозларнинг бир тарафидан тирик товуқ киргазилса, иккинчи тарафидан тайёр консерваланган маҳсулот ҳолида чиқади. Бу бўғизлаш, тозалаш, ички аъзоларни ажратиш, гўштни тозалаш, бўлакларга бўлиш ва консервалашдан иборат барча амалиётларни биргина жиҳоз бажаради.

Бу жиҳоз икки деворга маҳкамланган темир релс, у релсда кўплаб илгаклар мавжуд ва илгакларнинг илмоғи паст тарафда. Унга юзлаб товуқлар киритилади ва ҳар битта товуқ чангакларга икки оёғидан осилади. Гавдаси эса тескари осилиб туради. Яъни, ҳалқум ва тумчуғи ер тарафда бўлади. Шу тарзда товуқлар кичикроқ кўринишдаги шаршара сифат совуқ сув қуйиладиган қисмга ўтказилади. Бундан мақсад товуқдаги кирларни кетказиш. Баъзан бу ердаги сувга товуқни гангитадиган ва ҳушидан кетказадиган ток уланади. Кейин бу осилган товуқлар пастки қисмида жуда тез айланувчи пичоқ ўрнатилган бўлимга ўтказилади. Бу пичоқ осилган товуқларнинг бўйни тўғри келадиган ерга ўрнатилган. Илгаклар бу ердаги айланувчи пичоқ теварагида ўроқсиймон тарзда айланади ва пичоқ уларни бўйнини кесади. Кейин бўйни кесилган товуқлар олдинга юради ва иссиқ сув қуйилган бўлимга ўтади. Бундан мақсад товуқларни патидан тозалаш. Эътиборли жиҳат шундаки, бу жиҳозлар фақатгина истисно ҳолларидагина тўхтатилади. Йўқса узлуксиз ишлайди.

Бу услубда товуқ сўйиш шаръий эътибордан тўрт жиҳатдан ўрганилади:

  • 1. Электр оқими бўлган совуқ сувдан ўтказиш;
    2. Ҳалқумни айланма пичоқда кесиш;
    3. Иссиқ сувдан ўтказиш;
    4. Меҳаник услубда вожиб бўлган тасмия (яъни, “Бисмиллаҳ) қай тарзда адо этилиши.

– Электр оқими бор совуқ сувдан ўтказиш

Бу борада барча қушхоналарда электр токидан фойдаланилади. Агар совуқ сувда токдан фойдаланилмаса, бу шаръий ҳукумда таъсири бўлмаган ҳол саналади. Аммо бу ўринда электр токидан фойдаланилса, у одатда ҳайвоннинг ўлимига сабаб бўлмайди. Уни гангитиб, ҳушидан кетказади. Ҳушдан кетказиш агар юракда қисилишга сабаб бўлсада, одатда ҳушдан кетказишсиз сўйилган жонлиқдан чиқадиган миқдорда қон чиқмайди. Лекин бунинг ўзи ҳайвонни ўлакса қилиб қўймайди. Аммо бир ҳайвонда шу амалиёт сабабли ўлим ҳолати юзага келса, бундан кейин унинг ҳалқуми шаръий йўл билан кесилса ҳам уни истеъмол қилиш жоиз эмас.

Бу ўринда сувнинг совуқлиги ёки ток кучи ҳайвоннинг ўлимига сабаб бўлмаганини исботлаш ва жонивор бу амалётдан ўлик ҳолда чиқмаганини нозик кузатув қилиш лозим. Шунга қарамай ҳар қандай шубҳадан ҳолибўлиш учун уни тановвул қилмаган маъқулроқ.

– Ҳалқумни айланувчи пичоқда кесиш

Айланувчи пичоққа келсак, у тегирмонга ўхшаш, ҳар тарафи ўткир темир бўлагидир. У доимо катта тезликда айланиб туради. Унинг тиғларидан товуқнинг ҳалқум тарафи ўтади ва уни автоматик равишда кесади. Одатда у товуқнинг ҳалқумини кесиб ташлайди. Лекин гоҳида чангакка осилган товуқ бирор сабаб билан ҳаракатланади ва бўйни айлана пичоққа тўғри келмай қолади. У товуқ бўйнини ёки мутлоқ кесмайди ё бўлмаса томирлар кесилишида шубҳага солувчи кичик бир қисминигина кесади. Ихтиёрий сўйишда кераклий томирларнинг кесилмаслиги жонлиқни ҳалол қила олмайди. Бу икки ҳолатда ҳам шаръий сўйиш ҳосил бўлмайди .

– Иссиқ сувдан ўтказиш

Агар юқоридаги ҳолда сўйилмай тирик қолган товуқ навбатдаги босқичда иссиқ сувга солинса, у шу сувнинг иссиғида куйиб ёки иссиқнинг таъсири бўлмасада сувда пишилиб ўлиши эҳтимоли бор. Бу ҳолда эса ҳайвон ўлимтик бўлиб, уни истеъмол қилиш мусулмон кишига ҳалол бўлмайди. Бу турдаги жонлиқнинг гўштини истеъмол қилиб бўлмаслигига имом Муслим ривоят қилган қуйдаги ҳадис ҳам ҳужжат бўлади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ов борасида: “Агар ўлжани сувга чўккан ҳолатда топсанг, уни емагин. Уни сув ўлдирганми ёки ўқингми билмайсан”, дедилар.

Мазкур ҳадис ўлим сабабида иккиланиш бўлса, ундай жонлиқнинг гўшти ҳалол бўлмаслигини очиқ-ойдин баён қилмоқда. Имом Нававий “Агар ов ҳайвони сувда чўккан ҳолда топилса, ҳаром эканига ҳамма иттифоқ қилган”, деган.

– Меҳаник услубда вожиб бўлган тасмия (яъни, “Бисмиллаҳ) қай тарзда адо этилиши.

Бу усулдан фойдаланишда тасмияни айтиш жуда мураккаб иш ҳисобланади. Аввало сўювчи ким эканлигини таъйин қилиб олиш зарур. Чунки тасмияни айтиш сўювчи кишининг зиммасига вожиб бўлади. Агар бир киши жонлиқни сўйса тасмияни эса бошқа киши айтса сўйилган жонлиқ ҳалол бўлмайди. Ушбу ўринда сўювчи жиҳозлар иш ҳаракат уларга нисбат бериладиган ақл соҳиби бўлмаганлиги боис ўша жиҳозни юргизувчи киши сўювчи деб белгилаб олиш тўғри бўлади. Гўёки ўша инсон пичоқ ўрнида жиҳоздан фойдаланаётган бўлади. Лекин ушбу ўринда асосий мушкил иш масалан ушбу жиҳозни куннинг аввалида бир киши ишга туширса бир неча соат мобайнида у ўчирилмайди ва шу аснода минглаб товуқлар сўйиб ўтказилади.

Энди савол шундаки ўша қурилмани ишга туширган киши бир марта тасмия айтса то у тўхтагунга қадар сўйилган товуқлар учун кифоя қиладими ёки ҳар бир товуқ учун алоҳида тасмия айтиш керакми?

Аллоҳ таоло “Анъом сураси”нинг 121- оятида “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар! Албатта, бу иш фисқдир”, деб айтган. Оятнинг маъносидан ҳар бир жонлиқ учун алоҳида тасмия айтиш лозимлиги тушунилади. Бу борада “Фатавоул Ҳиндия” китобида қуйидагича келтирилади: “Сўйиш шартларидан бири, ихтиёрий сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилиш билан сўйиладиган жонлиқни тайин қилиб олишдир. Шунга кўра бир киши жонлиқни тасмия айтиб сўйса сўнгра аввалги айтилган тасмия бошқасига ўтади деган гумон билан кейингисини сўйса у ейилмайди. Бас, шунга кўра ҳар бир жонлиқ учун алоҳида янгитдан тасмия айтиш лозим бўлади”.

Хулоса қиладиган бўлсак, товуқларни меҳаник шаклда сўйишга шариат нуқтаи назаридан бир нечта чекловлар бор:

  • – Товуқни сўйишдан олдин электр токи бўлган сувга ботириш уни электр токидан нобут бўлмаслигини кафолатламайди.
    – Айланма пичоқ орқали сўйишда тасмияни айтиш имкони йўқ. Агар бир одамни тасмия айтиб туриш учун ёлланса ҳам унинг айтган тасмияси инобатга ўтмайди. Чунки иш ҳаракатни бир киши бажариб тасмияни бошқа одам айтиши билан у ҳалол бўлмайди.
    – Айрим ҳолларда айланма пичоқ кесилиши лозим бўлган томирларни кесмасдан ўтказиб юбориши мумкин.
    Меҳаник равишда товуқ сўйишнинг қуйидаги услубини танлаш мумкин:
    – Товуқни ҳушдан кетказиш ёки гангитиш учун электр токидан фойдаланишдан буткул воз кечиш;
    – Товуқни ҳушдан кетказиш ёки гангитиш учун электр токидан фойдаланишда унинг ўлимига олиб келмайдиган ҳолатда тўкни енгил бўлишини таминлаш;
    – Айланувчи пичоқни тасмия айтиб сўювчи одамларга алмаштириш;
    – Товуқ сўйилгандан кейин патларини юлиниши осон бўлиши учун тайёрланган сув қайнаш нуқтасига етмаган бўлиши;
    – Сўйилгандан кейин патларини юлиниши осон бўлиши учун тайёрланган сувда товуқнинг танаси кўп туриб қолмаслиги;

Юқоридаги санаб ўтилганларга амал қилинса меҳаник равишда сўйишда ҳеч қандай зарар бўлмайди.

ТИИ 4-курс талабаси Боқиев Абдулазиз

312282cookie-checkТовуқларни механик равишда сўйиш турлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: